Сурия аросатда қолмоқда

Озод Сурия армияси
Сурат тагсўзи, Озод Сурия армияси
    • Author, Жим Муир
    • Role, Би-би-си

Барча огоҳлар ва тахмину башоратларга қарамасдан, Сурия инқирози тобора ҳалокат чоҳига яқинлашиб келмоқда. Бир томондан бутун минтақани ўз домига тортмоқда бу инқироз...

Бир неча қасоскор жанглар кетидан суннийлар ва шиалар ўртасида мазҳаблараро уруш бошланишига бир баҳя қолди. Сурия бўлинган ва қарийб бир аср мобайнида илк бор минтақавий чегаралар масаласи ўртага чиқар экан, халқаро ва маҳаллий қудратли давлатлар ўртасида зиддиятлар эҳтимоли ҳам уйғонаётгандай...

Бу каби йирик инқирозга Дераада 2011 йил март ойи ўта беозор бир амал сабаб бўлади деб ким ҳам ўйлаганди? Ўшанда бир неча мактаб ўқувчилари деворга аксилрежим руҳдаги шиорларни ёзиб кетишганди...

Кейинроқ намойишлар кўпая бошлади. Режим эса намойишларни шу қадар шафқатсизлик ва зўравонлик билан бостирдики, орадан кўп ўтмай бу одамлар қўлларига қурол олишди.

Аммо ҳукумат ва исёнкорларнинг кучлари тенг эмас эди. Исёнкорлар энди чегара оша ўз қавмлари, мазҳаблари ва миллатдошларидан ёрдам кута бошладилар.

Суриядаги исён асосида суннийлар туради. Кўпчиликни ташкил этган суннийлар бир гуруҳ қудратдаги алавийларга қарши бош кўтардилар.

Ливан ва Ироқда мазҳаблараро муҳорабада бўлган суннийлар ўз қўшниларининг ёрдам чақириғига “лаббай” деб жавоб беришди.

Саудия Арабистони ва Қатар каби сунний давлатлар ўз мақсадлари йўлида исёнкорларни қуроллантириб молияламоқда, Туркия ва Иордания эса мухолифат учун чегараларини очиб қўйди.

Кутилганидай, айни муҳораба мазҳаблараро тус олар экан, минтақадаги сунний мужоҳидлар ҳам Сурияга кела бошлади.

Ироқдан Ал Қоидага алоқадор кўринган жангарилар келишди ва Ал Нусра Жабҳасининг асосини ташкил этишди.

Улар бир неча муваффақиятларга эришишди ҳам...

Мувозанатни мувозанатлаштириш

Бугунги Дамашқ манзаралари
Сурат тагсўзи, Бугунги Дамашқ манзаралари

Ўтган йил охирларига келиб исёнкорлар Дамашқ марказига яқинлашиб келишди. Режим сўнгги дақиқаларини яшаётгандай туюлди...

Гарчанд, бир неча ҳарбийлар мухолифат томонига ўтиб кетишган бўлса ҳам, Сурия армияси бирликни қўлдан бермади. Аммо жанговор қўшинлар сони кўп эмас ва улар ҳам тарқоқ ҳолатда эди...

Президент Башар Ассад учун ҳам хорижга кўз тикиш вақти келган эди.

У Россия ва Эрон каби иттифоқчиларига мурожаат қилди. Иккала қудрат ҳам режимнинг йиқилишига йўл қўймаслик учун бел боғлаган эди.

Қусайрда исёнкорларнинг мавҳ этилишига сабаб ана шунда эди.

Исёнкорлар Дамашқ ташқарисидаги бир неча минтақалардан ҳам қувиб солинди. Уларнинг таъминот йўллари хавф остида қолар ва ё кесиб қўйилган экан, исёнкорлар Дамашққа ҳужум қилиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Исёнкорлар бошқа жабҳаларда ҳам босим остида қолдилар.

Теҳрон Суриядаги жангу жадалда ўз соясини яширолгани йўқ. Москва эса кўринмас ҳаракатларга эрк берди. Эрон қўллаб келадиган Ливаннинг Ҳизбуллоҳ жангарилари Қусайр жангида ғалаба қилишганига ишонилади.

Дамашқ жанубидаги Саййида Зайнаб зиёратгоҳини ҳам Ироқнинг Эрон томонидан дастакланадиган Абу Фадл Ал Аббос бригадаси қўриқламоқда.

Эрон шунингдек, Миллий Мудофаа гуруҳини тузишга ёрдам берди. Бу алавийлар мавзеларини қўриқлайдиган алавийлардан ташкил топган гуруҳдир.

Эрон Сурия режимини тамомила шиа гуруҳлари ёрдамида ҳимоя қилмоқда. Бу эса минтақа сунний уламоларининг ғазабини келтирган ва минтақадаги айни зиддиятга мазҳаблараро тус бермоқда.

Боши берк кўча

Ҳизбуллоҳ Сурияда фаоллашган
Сурат тагсўзи, Ҳизбуллоҳ Сурияда фаоллашган

Эроннинг аралашуви Саудия Арабистонини ҳам “қўзғатиб” қўйди. Саудия мухолифатдаги Миллий Коалицияни қўлламоқда ва исёнкорларга қурол етказиб бермоқда.

Теҳрон Ассад режимини ҳар қандай йўл билан ҳам сақлаб қолишга ваъда берар экан, Ғарбдагилар жангариларни мағлубиятга учрамаслари учун имкон қадар дастаклашга аҳд қилишган.

Исломий жангарилардан ташқари деярли ҳамма хунрезликнинг якунини сиёсий ечимда кўради.

Аммо Ғарб табиийки, Женева 2 деб аталган тинчлик анжуманига Сурия мухолифатидаги иттифоқчиларининг сиёсий жиҳатдан абгорлашган ва жанг майдонида мағлубиятлари билан бориши эҳтимолдан узоқ...

Мақсад тинчлик учун мувозанатни тиклаш... Нима учун бу ғоя иш бериши керак ?

Бу ғоя олти ой аввал жангарилар Дамашқ дарвозалари остида бўлганида иш бермаган эди.

Агар “мувозанатни тиклаш” боши берк кўчага кириб қолишни англатса, нима учун режим Женевага бориши керак? Айниқса режим ўз яшовчанлигига ишонадиган бўлса...

Агар “ мувозанатни тиклаш” режим манфаатларига зид келадиган бўлса ва қудрат тепасида ўтирганлар қурбон бериладиган эса, унда Ассад ҳукумати бунга рози бўлмайди. Ассад ўзи қолган тақдирда ҳам бунга рози бўлиши мушкул, алҳол у ёлғиз эмас...

Агар Дамашқ шундай бир босим остида қолса ҳам Эрон Сурияга ёрдамини кучайтириши, Ироқдаги шиа жангариларини орага қўшиши ва қолаверса, Эрон Инқилоб Қўриқчиларини ҳам ишга солиши мумкин.

Зотан, Америкаликлар ва Ғарб ҳеч қачон очиқчасига исёнкорларнинг тўла ғалаба қозонишини исташгани йўқ.

Режим ҳам бутун мамлакат бўйлаб яна назорат ўрнатаман деса, Эрон ва бошқа иттифоқдошларидан кўпроқ ёрдам олиши керак бўлади.

Буларнинг бари Суриядаги вазият қанчалар чигаллашиб кетгани ва боши берк кўчага кириб қолганини кўрсатади.

Бўлиниш хавфи

Ассад учун ортга йўл йўқ...
Сурат тагсўзи, Ассад учун ортга йўл йўқ...

Режимнинг сиёсий ва ҳарбий тузилмаси мухолифатникидан кўра яхшироқ.

Иттифоқчилар дастаги аригани йўқ.

Мухофат эса тарқоқ. Юзлаб жангари гуруҳларга бўлинган, айримлари мутлақо марказга бўйсунмайди.

Сиёсий раҳбарият эса ножиддий ва асосан турфа гуруҳларнинг манфаатлари доирасида қолган...

Мамлакат ташқарисидаги иттифоқчилар мухолифатнинг ҳолини яхши билишади, айниқса Исломий радикал гуруҳлар таъсиридан огоҳлар...

Мухолифат шимолдаги курдлар масаласини ҳам ҳал этиши керак. Курдлар қўшни Ироқда бўлгани каби мухторият исташади.

Ал Қоидага алоқадор Салафийлар эса ҳозирга қадар “озод қилинган” ягона Раққада назорат ўртанишган.

Бўлиниш хавфи кучайиб бормоқда.

Сурияни ягона давлат ўлароқ сақлайдиган икки йўл бор. Бу икки томондан бирининг мутлақ ғалабага эришиши ва ё сиёсий ечим. Иккала йўл ҳам эҳтимолдан узоқ кўринади...

Сурияда бўлиниш аломатлари кўзга тобора яққол ташланар экан, қўшни Ироқ ва Ливандаги давлатчилик асослари хавф остида қолмоқда.

Чегаралар асосан қоғозда қолиши ва сунний – шиа жамоалари ўртасида зиддият кучайиб кетиши мумкин.

Ҳамма ўтиш жараёни кераклиги ҳақида гапирмоқда. Аммо нимадан нимага ўтиш деган савол муҳим.

Ғарб давлатлари келажакни Ассад ва унинг режимисиз кўришади, аммо Катта Саккизлик йиғинида улар ҳарбий ва хавфсизлик аппарати ўзгаришсиз қолиши керак деган қарорга келишган кўринади.

Россия Ассаднинг тақдири аввалдан ҳал қилинишига қарши. Эрон ҳам бу каби ташқаридан берилган қарорни қабул қилмаслигини очиқлади.

Хуллас, Сурияда вазият кескинлашиб борар экан, Исроил сўнгги пайтлар Хитой мақолига амал қилаётган бўлса ажаб эмас. “ Йўлбарслар жангини адир тепасидан кузатган яхшироқ...”