БМТ терговчиси: "Сурияда зарин қўллангани борасида кучли шубҳалар бор"

Шифокорлар қурбонлар аломатларидан зарин гази қўлланганига кучли ишора борлигини айтганлар
Сурат тагсўзи, Шифокорлар қурбонлар аломатларидан зарин гази қўлланганига кучли ишора борлигини айтганлар

Бирлашган Миллатларнинг етакчи терговчисига кўра, Суриядаги уруш қурбонларидан олинган кўрсатмалар исёнчи гуруҳлар захарли зарин газини қўллаганларига ишора қилади.

Карла дел Понте Швейцария телевидениесига гапира туриб, "кучли, конкрет шубҳалар бор, бироқ мутлақ далил-исбот ҳозирча йўқ"лигини айтган.

Айни дамда у ўз ҳайъати Сурия ҳукумат кучлари ҳам кимёвий қуролларни ишга солаётганига далил-исботни кўрмаганини билдирган.

Сурия яқин кунларда гўёки кимёвий қуролларни қўллагани учун Ғарб босими остида қолган.

БМТнинг Сурия бўйича Мустақил Халқаро Комиссияси таркибида бўлган Дел Понте хоним ўз терговчилари Сурияга қўшни бўлган давлатларда қурбонлар, шифокорлар ва дала касалхоналаридан маълумот йиққанларини айтди.

"Мен танишиб чиққан ва ўтган ҳафта тақдим қилинган ҳисоботга кўра, қурбонларга берилаётган муолажага биноан ҳақиқатдан ҳам зарин гази қўллангани борасида кучли, конкрет шубҳалар бор, аммо мутлақ далил-исбот ҳозирча йўқ", - деди Дел Понте хоним.

Швейцариянинг собиқ бош прокурори, ҳамда собиқ Югославия бўйича Халқаро Жиноий Трибунал прокурори Дел Понте хоним ҳукумат қўшинлари ҳам кимёвий қуроллардан фойдаланган бўлишини истисно қилмаслиги, бироқ бунинг учун кўпроқ терговлар зарур эканини айтган.

Карла дел Понте ҳайъати Суриядаги кимёвий қуроллар иддаоларини тергов қилмоқда
Сурат тагсўзи, Карла дел Понте ҳайъати Суриядаги кимёвий қуроллар иддаоларини тергов қилмоқда

У зарин гази қачон ёки қаерда қўлланган бўлиши мумкинлиги борасида маълумот бермади.

2011 йил августида тузилган БМТнинг Сурия комиссияси июнь ойида Женевада ўз топилмаларини ошкор қилиши кутилади.

Ўзаро айбловлар

Кимёвий қуроллар қўлланиши масаласини тубдан тергов қилиш учун алоҳида БМТ жамоаси тузилган.

У Сурияга боришга тайёр, бироқ барча даъволарни тергов қилиш учун истаган ҳудудига шартсиз йўл очиб берилишини истайди.

Сурия ҳукумати ва исёнчилар ўтмишда бир-бирларини кимёвий қуролларни қўллашда айблаганлар.

АҚШ ва Британия Сурия ҳукумат қўшинлари заринни ишга солгани борасида тобора кўп далил-исбот юзага чиқаётганини айтишган.

АҚШ Президенти Барак Обама апрель ойида бу синчковлик билан тергов қилиниши кераклиги, ва исботланса, бутун вазиятни тубдан ўзгартиришини айтган.

Президент Башар ал Ассаднинг ҳукумати даъволар буткул асоссиз эканини айтиб, уларни "ёлғон" деб тамғалаган.

Зарин рангсиз ва ҳидсиз газ бўлиб, инсон нафас олиш йўлларини фалажлаб, ўлимга етаклаши мумкин. У оммавий қирғин қуроли ҳисобланади ва халқаро қонунларга биноан тақиқланган.