Афғонистон: Жабрдийда аёллар қамоққа ташланмоқда

Сурат манбаси, BBC World Service

"Юзлаб афғон қизлари ва аёллари "ахлоқий" жиноят содир этган - уйдан қочиб кетган ва ё зино қилган, деган айблар билан қамоққа ташланмоқда"

Халқаро Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз тадқиқотлари натижасида ёзган ҳисоботида худди ана шундай хулосага келади.

Ҳисоботда қайд этилишича, уйидаги зўравонлик ва калтакдан қочишга интилган қиз-жувонлар ҳам, қариндошлари зўрлаган жабрдийда қизлар ҳам айбдор топилиб, ҳукм этилаяпти.

Афғонистонда ҳатто аёл киши зўрланган тақдирда ҳам унга "ахлоқий" жиноят қилди, деб қараш мавжуд.

"Мен қочиб кетишга мажбур бўлдим" деб аталган ҳисоботга кўра, Ҳомид Карзай ҳукумати инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўз елкасига олган мажбуриятларни бажармаган.

"Толибон қулатилганидан бери 10 йил ўтибди ҳамки, ҳамон уйидаги калтак ва зўравонликдан, мажбурий никоҳдан қочиб кетган қизлар тутиб, жазоланмоқда" - дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотидан Кеннетц Роц.

Ташкилот зудлик билан қамоқда қолаётган 400 нафар қиз ва аёлни озод қилишга чақиради. Уларнинг баъзилари вояга етмаганлар учун мўлжалланган қамоқхоналарда сақланади.

"Баъзи қизлар ва аёллар ё зўрланган ва ё фоҳишаликка мажбурланган. Лекин шунга қарамай уларни қамоққа ташлашган" - деб қайд этади ҳисобот.

Маълум бўлишича, маҳкамалар ёлғиз иқрорга таяниб, бирон ҳимоячисиз ва бесавод қизларнинг билиб-билмай қўйган имзоси асосида уларни узоқ йилларга ҳукм этиб юборишмоқда.

Президент Карзай хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари борасида ўз мавқеини мунтазам ўзгартириб туриши туфайли, вазият янада ёмонлашган.

"Афғонистон президенти баъзида анъанадор доиралар билан муросага бориш мақсадида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қурбон қилаётир" - дея таъкидлайди ҳисобот.

Масалан, жорий ой бошида мамлакат Уламолар Кенгаши қабул қилган янги қонун-қоидаларга мувофиқ, муайян шароитда эрлар ўз хотинларини калтаклаши мумкин.

Ғарб ўзининг Толибонга қарши уруш очиши сабабларидан бири сифатида айнан хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадларини келтирганди.

Шу пайтгача аёлларга ўқиш ва ишлаш ҳуқуқи берилди. Бироқ анъанадор доиралар билан муросага боришга интилаётган Афғон ҳукумати хотин-қизлар ҳақларини чеклашда давом этмоқда.