Ўзбекистон 60 га яқин медал билан Осиё Ўйинларидаги иштирокига якун ясади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтган 16-Осиё Ўйинларини жами 60 га яқин медал билан якунлади.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун Гуанчжоу шаҳрида ниҳоя топган ўйинларда қўлга киритган медалларининг 11 таси олтиндир.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу галги Осиё Ўйинларида медаллар рўйхатида 8-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлди.
Спортчиларимиз Хитойда қўлга киритган медалларнинг сони Доҳадагисидан бир ярим баробарга кўпдир.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари дзюдо, шахмат, бокс, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, батутда сакраш ва каноэ/қайиқда эшкак эшиш мусобақаларида ўзларини яхши кўрсатишди.
Бироқ допинг синовидан ўтолмай, Осиё Ўйинларидан четлатилган икки спортчи ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бўлишди.
16-Осиё Ўйинларида Марказий Осиё давлатлари орасидан Қозоғистон энг яхши кўрсаткичга эришди.
Қозоғистонлик спортчилар ўйинлар якунига келиб, 79 та медал билан медаллар рўйхатида юқори бешликка киришга муваффақ бўлишди.
Қирғизистон миллий терма жамоаси эса, минтақа давлатлари орасида учинчи яхши натижани кўрсатди.
Тожикистонлик спортчилар ҳам битта олтин дохил жами тўртта медал олишди.
Туркманистон миллий терма жамоаси аъзолари эса, 16-Осиё Ўйинларида бирор бир совринли ўринга эга бўлишмади.
Медалларнинг энг кўпи мезбон Хитой спортчиларига насиб этди.
Ўйинлар якунига келиб, уларнинг ҳисобларидаги медалларнинг сони 400 тадан ортиб кетди.

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё ўйинларининг ўн учинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони олтмишга етиб қолди.
Бугун ўзбекистонлик спортчи Светлана Радзивил баландга сакраш(1.95м) мусобақаларида энг юқори кўрсаткич кўрсатиб, Осиё Ўйинларининг олтин медалини олди.
Бу билан Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медалларнинг сони 11 тага етди.
Енгил атлетика, бокс, шахмат, кураш ва каноэ/қайиқда эшкак эшиш мусобақаларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун яна қатор кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Таниқли боксчимиз Аббос Атоев 75 кг вазнда Осиё Ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик боксчи Элшод Расулов ва курашчимиз Артур Таймазов қўлга киритган олтин медаллар билан ўзбекистонлик спортчилар кечанинг ўзида бешта олтин медалини қўлга киритишди.
Бугун каноэ ва қайиқда 200 метрга эшкак эшиш мусобақаларида ўзбекистонлик эркак спортчилар жуфтлиги эса, Осиё Ўйинларининг яна бир кумуш медалига эга бўлишди.
Яна бир эшкакчимиз Алексей Мочалов эса, индивидуал беллашувларда бронза медали олишга муваффақ бўлди.
Бадиий гимнастикачимиз Ульяна Трофимова ҳам бугун совринли иккинчи ўринни қўлга киритди.
61 кг вазнда хотин-қизлар орасида бўлиб ўтган карате мусобақаларида Барно Мирзаева Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги бронза медаллари сонини яна биттага кўпайтирди.
Ўзбекистонлик аёл шахматчилар жамоаси ҳам ўйинларнинг кумуш медалини олишга муваффақ бўлди.
11 та олтин, 22 та кумуш ва 23 та бронза медали билан ўзбекистонлик спортчилар бугун медаллар рўйхатида 8-ўринга кўтарилишди.
Ҳануз Марказий Осиё давлатлари орасида илғорлик қилаётган Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги жами медалларнинг сони эса, 80 га яқинлашиб қолди. Шулардан 18 таси олтиндир.
Улар бугун медаллар рўйхатида юқори бешликка киришга муваффақ бўлишди.
Қирғизистон ва Тожикистон ҳисобидаги медалларнинг сони ҳозирча ўзгаргани йўқ. Туркманистонлик спортчилар эса, ҳануз бирор бир совринли ўринни қўлга киритишмади.
Кеча дунёнинг энг олд жамоаларидан бири бўлган покистонлик крикетчиларни мағлуб этиб, катта шов-шувга сабаб бўлган Афғонистон миллий терма жамоаси бугун финал беллашувларида бангладешлик рақибларига енгилиб, Осиё Ўйинларининг кумуш медалини олишди.
Сўнгги ютуқлари ортидан афғонистонлик спортчиларнинг жами медаллари сони 3 тага етди.
Покистонлик аёл крикетчилар жамоаси ҳам аввалроқ ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритиб, ҳаммани лол қилиб қўйишганди.
Жами медалларининг сони 400 тага яқинлашиб қолган мезбон Хитой миллий терма жамоаси ҳануз олдинда.
Медаллар рўйхатида юқори тўртликнинг сафлари ҳалича ўзгармади. Жанубий Корея, Япония, Эрон ҳамон ўз ўринларида туришибди.
Осиё Ўйинларида Ўзбекистон бир кунда учта олтин медали олди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё ўйинларининг ўн иккинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бир куннинг ўзида учта олтин медалини қўлга киритди.
1.000 метрга каноэ ва қайиқда эшкак эшиш мусобақаларида Вадим Меньков ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари уч бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишди.
Сўнгги ютуқлари ортидан ўзбекистонлик спортчилар ҳисобидаги олтин медалларнинг сони 8 тага етди.
Айнан шу спорт тури бўйича аёллар орасида бўлиб ўтган беллашувларда эса, ўзбекистонлик спортчилар совринли иккинчи ўринни қўлга киритишди.
Хуршид Тожибоев ва Равшанбек Раҳмоновлар кеча бўлиб ўтган бокс мусобақаларида Ўзбекистон миллий терма жамоасига иккита бронза медали келтиришганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 40 дан ортиқ медаллари билан бугун медаллар рўйхатида 10-ўринга кўтарилиб олди.
Ҳозирча Марказий Осиё давлатлари орасида илғорлик қилаётган қозоғистонлик спортчилар ҳам бугун олтин медаллари сонини саккизтага етказиб олишди.
Карате мусобақаларида Дархон Ассадилов ўз миллий терма жамоасига навбатдаги олтин медалини келтирди.
Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳозирча олтмишга яқин медаллари билан медаллар рўйхатида 8-ўринда бормоқда.
Қирғизистонлик спортчи Александр Парол ҳам каноэ ва қайиқда эшкак эшиш мусобақаларида ўз миллий терма жамоаси ҳисобидаги бронза медалларини сонини яна биттага кўпайтирди.
Қирғизистон миллий терма жамоаси ҳисобида ҳозирча 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали бор.
Бу минтақа давлатлари орасидаги учинчи яхши кўрсаткичдир.
Афғонистонлик крикетчиларнинг дунёнинг энг сара жамоаларидан бўлган покистонлик рақибларини ярим финалда мағлуб этиб, финалга чиқишлари эса, ҳаммани лол қилиб қўйди.
Бу афғонистонлик спортчиларга камида Осиё Ўйинларининг кумуш медали нақд деганидир.
Улар ҳозирча битта кумуш ва битта бронза медали олишга муваффақ бўлишган.
Медаллар рўйхатида ҳар доимгидек мезбон Хитой миллий терма жамоаси илғорлик қилмоқда.
Уларнинг ҳисобидаги жами медалларнинг сони 400 тага яқинлашиб қолди.
Осиё Ўйинларида Ўзбекистоннинг олтин медаллари сони бештага етди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларининг ўн биринчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна иккита олтин медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик курашчи Дилшод Мансуров 55 кг вазнда ўйинларнинг олтин медалини олишга муваффақ бўлди.
Енгил атлетикачимиз Юлия Тарасова эса, бир куннинг ўзида битта олтин ва яна битта бронза медали олди.
Икковлоннинг ғалабаси ортидан Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медалларнинг сони тўрттага етди.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун бўлиб ўтган теннис мусобақаларида яна иккита кумуш медалини қўлга киритишди.
Денис Истомин ва Акгул Аманмуродова бу гал совринли иккинчи ўринга кўтарилишди.

Спортчиларининг сўнгги ғалабалари ортидан Ўзбекистон ҳисобидаги медалларнинг сони 35 тага етди.
Улар бугун медаллар рўйхатида 11-ўринга кўтарилиб олишди.
Шу кунга қадар еттита олтин медал олишга муваффақ бўлган Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони эса элликка яқинлашди.
Қозоғистонлик спортчилар бугун медаллар рўйхатида юқори ўнликка кўтарилишди.
Битта олтин, иккита кумуш ва битта бронза медаллари билан қирғизистонлик спортчилар 20-ўринда боришмоқда.
Курашчиси бугун қўлга киритган битта бронза медали билан Тожикистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони учтага етди.
Медаллар рўйхатидаги юқори бешликнинг сафлари ҳануз ўзгаргани йўқ: Хитой, Жанубий Корея, Япония, Хитой Тайпейи ва Эрон ҳамон илғорлик қилишмоқда.
Ироқлик курашчи Али Салмон эса, бугун ўз миллий терма жамоасига иккинчи бронза медалини келтирди.

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё ўйинларининг ўнинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккита кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар бугунги беллашувларда иккита кумуш медали олишди.
Курашчимиз Давид Салдадзе эса, ўз миллий терма жамоасига бронза медали келтирди.
Батутда сакраш мусобақаларида ўзбекистонлик таниқли спортчи Екатерина Хилко совринли учинчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун шахмат, теннис, батутда сакраш ва кураш мусобақаларида ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Якшанба кунги ўйинлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бирор бир юксак натижаларсиз якунланди.
Ўзбекистонлик спортчилар шу кунга қадар жами 30 та медал олишга муваффақ бўлишди.
Уларнинг ҳисобидаги олтин медалларнинг сони ўзгарганича йўқ. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча 3 та олтин медал билан кифояланмоқда, холос.
Ўзбекистонлик спортчилар жорий пайтда медаллар рўйхатида 14-ўринда боришмоқда.
Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон ҳануз илдамликни қўлдан бой бергани йўқ.
Осиё Ўйинларининг 10-кунида уларнинг ҳисобидаги медалларнинг умумий сони 40 тага етди.
Шулардан бештаси олтиндир. Қозоғистон жамоаси медаллар рўйхатида юқори ўнлик сафларида бормоқда.
Бу минтақа давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.
Кеча якшанба куни қўшни тожикистон ва қирғизистонлик спортчилар илк олтин медалларини қўлга киритишди.
Қирғизистон миллий терма жамоаси битта олтин ва иккита кумуш медали билан медаллар рўйхатида Ўзбекистондан тўрт поғона пастда бормоқда, холос.
Шу пайтгача битта кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритган афғонистонлик спортчилар ҳисобидаги медаллар сони ҳам ўзгармади.
Уч юзга яқин медалларни қўлга киритган мезбон Хитой жамоаси ҳануз пешқадамлик қилмоқда.
Хитой билан изма-из бораётган Жанубий Корея ва Япония миллий терма жамоасининг натижалари ҳали ҳам мезбонларникининг ярмига ҳам етгани йўқ.
Биргина олтин медалларининг сони 10 тага етиб қолган Эрон миллий терма жамоаси эса, ҳануз юқори бешликда бормоқда.
Ўзбекистон ҳисобидаги бронза медалларининг сони бугун яна биттага ортди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларининг саккизинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоси бугун ҳисобидан ҳозирча битта бронза медалини қўлга киритди.
73 кгдан ортиқроқ вазнда аёллар орасида бўлиб ўтган беллашувларда Евгения Каримова совринли учинчи ўринни қўлга киритди.
Евгениянинг ғалабаси ортидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 26 тага етди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча 3 та олтин, 10 та кумуш ва 14 та бронза медали билан медаллар рўйхатида 11-ўринда бормоқда.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун яна баскетбол, бокс, теннис каби ўнга яқин спорт турлари бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Бугун ўзбекистонлик донгдор боксчи, бир неча карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Шаҳриёр Исоқов ва Ўктамжон Раҳмоновлар рингга чиқишади.
Марказий Осиё давлатлари орасида бугун ҳам Қозоғистон энг яхши кўрсаткичга эга.
Қозоғистонлик спортчилар ҳам таэквондо беллашувларида бор-йўғи 1 та кумуш медали олган бўлишса-да, 4 та олтин, 9 та кумуш ва 18 та бронза медали билан медаллар рўйхатида 9-ўринни эгаллаб туришибди.
Афғонистон ва Тожикистон ҳисобидаги медалларнинг сони ҳануз ўзгаргани йўқ.
Аммо қирғизистонлик велопойгачи бугун ўз миллий терма жамоасига илк ва биринчи кумуш медалини келтирди.
Уч юзга яқин медаллари билан мезбон Хитой миллий терма жамоаси ҳамон илғорликни қўлдан бой бергани йўқ.
Ироқлик эшкак эшувчининг миллий терма жамоасига илк олтин медалини келтириши ва покистонлик аёл крикетчиларнинг Осиё Ўйинларининг чемпиони бўлиши эса, кеча жуда катта шов-шувларга сабаб бўлганди.
Ўзбекистонлик футболчилар Осиё Ўйинларининг чорак финалидан пастга қулашди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё Ўйинларининг чорак финалидан пастга қулашди.
Чорак финалга бир амаллаб чиққан футболчилар чорак финалда Жанубий Корея миллий терма жамоасига 3:1 ҳисоби билан ютқазиб қўйишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу галги Осиё ўйинларида аввалбошданоқ ишончсиз ўйин кўрсатди.
Жамоанинг гуруҳ босқичидаги учрашувлари кўплаб футбол мутахассислари ва ўзбекистонлик ишқибозларнинг танқидлари остида қолиб кетди.
Ўзбекистонлик футболчилар дастлабки ўйинда Бангладеш устидан 3-0 ҳисобида ғалаба қозонган эсалар-да, Ҳонг Конг ва Бирлашган Араб Амирликларига қарши иккита ўйинда мағлуб бўлишди.
Шундай бўлса-да, ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган ўзбекистонлик футболчилар фақатгина қўшимча кўрсаткичлар туфайли нимчорак финалга чиқишга муваффақ бўлишди.
Нимчорак беллашувларида ҳам қатарлик футболчиларнинг омадсизликларигина уларга қўл келди десак, хато бўлмайди.
Биз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу каби ишончсиз ўйин кўрсатгани сабабларини билиш учун ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан боғландик:
Осиё Ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна тўртта медал олди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё ўйинларининг еттинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна бир кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритди.
Штангачилар орасида 105 кг вазнда Иван Ефремов Осиё ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик спортчилар яна дзюдо ва академик эшкак эшиш бўйича мусобақаларда учта бронза медали олишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3 та олтин, 10 та кумуш ва 13 та бронза медали билан медаллар рўйхатида ҳозирча 9-ўринда бормоқда.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун яна футбол, академик эшкак эшиш, таэквондо, теннис, штанга кўтариш ва бокс мусобақаларида иштирок этишади.
Ўзбекистонлик футболчилар бугун Осиё Ўйинларининг чорак финалида Жанубий кореялик футболчиларга қарши майдонга тушишади.
Қозоғистонлик спортчилар ҳисобидаги медаллар сони ҳам бугун 29 тага етди.
Улар бугун академик эшкак эшиш, таэквондо ва триатлон беллашувларида 1 та кумуш ва иккита бронза медали олишди.
Қозоғистон миллий терма жамоаси 29 та медал билан медаллар рўйхатида Ўзбекистондан бир поғона юқори бормоқда.
Афғонистонлик спортчилар ҳам бугун таэквондо беллашувларида битта бронза медалини қўлга киритишди.
63 килограммгача бўлган вазнда Муҳаммад Жавод Лакзаий совринли учинчи ўринга кўтарилди.
Қолган Марказий Осиё давлатларининг натижалари бугун ҳисобидан ҳалича ўзгаргани йўқ.
Медаллар жадвалида ҳануз мезбон Хитой миллий терма жамоаси етакчилик қилмоқда. Уларнинг ҳисобидаги медалларнинг сони 200 дан ортиб кетди.
Жанубий Корея ва Япония ҳам ҳамон медаллар рўйхатида юқори учликда боришмоқда.
Осиё Ўйинларида Ўзбекистоннинг медаллари сони яна учтага ортди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё ўйинларининг олтинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна бир кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Таниқли эшкакчимиз Руслан Наурзалиев академик эшкак эшиш бўйича ўйинларнинг кумуш медали совриндори бўлди.
Академик эшкак эшишда ўзбекистонлик эркаклар қўшалоқ жуфтлиги эса, бронза медали олишди.
Бугун яна эркаклар ўртасида бўлиб ўтган таэквондо беллашувларида 87 кгдан ортиқроқ вазнда Акмал Эргашевга бронза медали насиб этди.
Сўнгги ютуқлари ортидан Осиё Ўйинларининг олтинчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 22 тага етди.
Ўзбекистонлик спортчилар 3 та олтин, 9 та кумуш ва 10 та бронза медали билан медаллар рўйхатида ҳозирча 9-ўринда боришмоқда.
Осиё Ўйинларида минтақадан энг катта сондаги спортчилари билан иштирок этаётган Қозоғистон эса, бугун 2 та олтин медали олиб, медаллар рўйхатида Ўзбекистонни ортда қолдириб, 7-ўринга чиқиб олди.
Қозоғистонлик спортчилар, шунингдек, яна ўқ отиш, таэквондо, сузиш ва академик эшкак эшиш мусобақаларида битта кумуш ва тўртта бронза медалини қўлга киритишди. Ва бу билан улар ҳисобидаги медаллар сони 26 тага етди.
Бугун ҳисобидан бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.

Афғонистонлик таэквондочи Нисор Аҳмад Баҳовий 80 кг вазнда ўз миллий терма жамоасига илк кумуш медалини келтирди.
16-Осиё Ўйинларида Афғонистонни 60 дан ортиқ спортчилар намоён этаётган бўлишса-да, бу уларнинг қўлга киритган илк медалларидир.
Тожикистон миллий терма жамоаси эса, ҳозирча битта бронза медали билан медаллар рўйхатида 25-ўринда бормоқда.
16-Осиё Ўйинларида иштирок этаётган қолган Марказий Осиё давлатларига ҳалича бирор бир совринли ўрин насиб этгани йўқ.
Мезбон Хитой жамоасининг ҳисобидаги медалларнинг сони 200 тага етиб қолди. Улар ҳануз илғорликни қўлдан бой бермай келишмоқда.
Иккинчи ва учинчи ўрин учун кураш эса, Жанубий Корея ва Япония миллий терма жамоалари орасида кетмоқда.
Медалларнинг умумий сони жиҳатдан Япония ўз қўшнисини ортда қолдирган бўлса ҳам, жанубий кореяликларнинг олтин медаллари уларникидан деярли икки маротаба кўпдир.
Шу кунга қадар жами 20 та медал олган бўлса-да, айнан 4 та олтин медали билан Эрон медаллар рўйхатида 4-ўринда бормоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Ўйинларида яна олтин ва кумуш медали олди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларининг бешинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар учинчи олтин медалларини қўлга киритишди.
Таниқли велопойгачи Владимир Тўйчиев бу гал Осиё Ўйинларининг олтин медалини олишга муваффақ бўлди.
Таэквондо беллашувларида 74 кг вазнда Дмитрий Ким эса, бугун кумуш медали олди.
Штангачимиз Мансурбек Чашимов ҳам 85 кг вазнда Ўзбекистонга яна бир кумуш медали келтирди.
Спорт гимнастикаси бўйича беллашувларда Антон Фокин ҳам совринли иккинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.
Гимнастикачи Луиза Галиулина эса, бронза медали олди.
Сув полоси мусобақаларида ўзбекистонлик аёллар жамоасига ҳам совринли учинчи ўрин насиб этди.
Кеча таниқли дзюдочи Ришод Собиров 60 кг вазнда Ўзбекистон миллий терма жамоасига илк олтин медалини келтирганди.
Иккинчи олтин медал эса, ўзбекистонлик донгдор шахмат устаси Рустам Қосимжоновга насиб этганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё ўйинларининг бешинчи кунида 3 та олтин, 8 та кумуш ва 8 та бронза медали билан медаллар рўйхатида 7 -ўринга чиқиб олди.
Бу ҳозирча Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.
Ўзбекистон билан елкама-елка бораётган қозоғистонлик спортчиларнинг олтин медаллари сони ўзгарганича йўқ.
Қозоғистон миллий терма жамоаси 2 та олтин, 6 та кумуш ва 11 та бронза медали билан медаллар рўйхатида 10-ўринда бормоқда.
Шу пайтгача 200 га яқин медал тўплашга муваффақ бўлган хийтолик спортчилар ҳали ҳам пешқадамликни қўлдан бой беришгани йўқ.
Энг катта сондаги олтин медаллар ҳам хитойлик спортчилар ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Осиё ўйинларида иккита олтин медал олди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларининг тўртинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар иккита олтин медалини қўлга киритишди.
60 кг вазнда ўзбекистонлик дзюдочи Ришод Собиров Ўзбекистон миллий терма жамоасига олтин медалини олиб берди.
Ришод Собиров ўз вазн тоифасида 2010 йилги Жаҳон чемпиони, Пекин Олимпиадаси бронза медали соҳибидир. Лекин бу Ришоднинг Осиё Ўйинларидаги илк иштирокидир.
Бир оз муқаддам биз Гуанчжоуга - Ришод Собировнинг ўзига боғланишга муваффақ бўлдик:
Яна бир олтин медал
Шахмат бўйича беллашувларда эса, таниқли шахматчи Рустам Қосимжонов яна бир олтин медалини олишга эришди.
Ўзбекистонлик спортчилар бугун бешинчи кумуш медалларини ҳам қўлга киритишди.
Теннис бўйича эркаклар жамоаси бу гал совринли иккинчи ўринга кўтарилди.
Каноэда эшкак эшиш бўйича эркаклар жуфтлиги эса, Ўзбекистон миллий терма жамоасига бешинчи бронза медалини келтирди.
Бугун бўлиб ўтган дзюдо беллашувларида совринли учинчи ўринни қўлга киритган Ўткир Қурбонов эса, Ўзбекистон ҳисобидаги бронза медаллар сонини яна биттага кўпайтирди.
Ҳозирча Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 та олтин, бешта кумуш ва олтита бронза медали билан медаллар жадвалида 8-ўринда бормоқда.
Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳам бугун иккита олтин медалини қўлга киритди.
25 метрга тўппончадан ўқ узиш бўйича аёллар жамоаси Қозоғистонга илк олтин медалини олиб берди.
77 кг вазндаги штангачилар беллашувида эса, қозоқ миллий терма жамоаси бир олтин, бир кумуш ва бир бронза медали олди.
Қозоғистонлик мерганлар 10 метрга ўқ узиш мусобақасида ҳам совринли учинчи ўринни қўлга киритишди.
Қозоғистон миллий терма жамоаси 16 та медал билан медаллар жадвалида 7-ўринга кўтарилди.
Бу ҳозирча Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.
Минтақанинг қолган давлатлари ёки Афғонистон вакиллари бугун ҳисобидан ҳали бирор бир совринли ўринни қўлга киритишмади.
Тўрт кун ичида 100 дан ортиқ медалларни қўлга киритган Хитой эса, ҳануз барча давлатларни ортда қолдириб келмоқда.
Медаллар жадвалида улардан кейин иккинчи ўринда бораётган жанубий кореяликларнинг медаллари эса, уларникининг ярмига ҳам етмайди.
Ўзбекистон яна бир кумуш ва бронза медали олди

Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларининг учинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар бир кумуш ва бир бронза медалини қўлга киритишди.
Дзюдо бўйича беллашувларда 66 кг вазнда Мирзоҳид Фармонов Ўзбекистон миллий терма жамоасига тўртинчи кумуш медалини келтирди.
73 кг вазнда ўзбекистонлик дзюдочи Наврўз Жўрақобилов Осиё Ўйинларининг бронза медалини олишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 та кумуш ва 4 та бронза медали билан ҳозирча медаллар рўйхатида 12-ўринда бормоқда.
Қозоғистонлик спортчилар бугун аёллар ва эркаклар ўртасида ўқ отиш бўйича беллашувларда 2 та кумуш ва 1 та бронза медали олишди.
Владислав Поляков эса, сузиш бўйича ўз миллий терма жамоасига кумуш медали келтирди.
Бу билан уларнинг ҳисобларидаги медаллар сони 11 тага етди.
Қозоғистонлик спортчилар сўнгги натижалари ортидан медаллар жадвалида 11-ўринга кўтарилишди.
73 кг вазнда тожикистонлик дзюдочи Расул Боқиев ўз миллий терма жамоасига илк бронза медалини келтирди.
Бугун дзюдочилар орасида бўлиб ўтган беллашувларда барча олтин медаллар Жанубий Корея ва Япония вакилларига насиб этди.
90 дан ортиқ медални қўлга киритишга улгурган Хитой ҳамон медаллар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.
Иккинчи ва учинчи ўринларни Жанубий Корея ва Япония эгаллаб туришибди.
Мезбонларнинг олиймақом кўрсаткичларига қарамай, аксарият стадионлардаги ўринлар бўш экани айтилади.
Мавжуд вазиятдан ташвишга тушган маҳаллий мулозимлар яна 400.000 та чиптани сотувга чиқаришган.
Уларнинг айтишларича, ҳомийларга берилган чипталар ўзини оқламаган.
Хитойдаги Осиё Ўйинларида Ўзбекистон иккита кумуш медали олди

Кеча ўзбекистонлик спортчилар яна иккита кумуш медали олишганди.
Дзюдочилар беллашувида совринли иккинчи ўрин 90 кг вазнда Дилшод Чориев, 81 кг вазнда эса, Шокир Мўминовларга насиб этганди.
Осиё Ўйинларининг биринчи кунида 100 килограммдан ортиқроқ вазндаги дзюдочилар орасида Абдулло Тангриев кумуш медали совриндори бўлганди.
Ўзбекистонлик дэюдочи Рамзиддин Саидовга эса, Осиё ўйинларининг бронза медали насиб этганди.
Спорт гимнастикаси бўйича аёллар миллий терма жамоаси эса, якшанба куни 16-Осиё Ўйинларида Ўзбекистонга навбатдаги бронза медалини келтирди.
Спорт гимнастикачиларининг сўнгги ғалабаси билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи бронза медалини қўлга киритди.
Спортчиларимиз бугун яна спорт гимнастикаси, триатлон, стол тенниси, қайиқда эшкак эшиш, футбол,.. каби ўндан ортиқ спорт турлари бўйича кураш олиб боришади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча 1 та кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритганди.
Ўзбекистонлик спортчилар 3 та кумуш ва 3 та бронза медали билан Осиё Ўйинлари медаллар жадвалида ҳозирча 8-ўринни эгаллаб туришибди.
Бу қолган Марказий Осиё давлатлари билан солиштирганда энг яхши кўрсаткичдир.

Қолган Марказий Осиё давлатларининг бу йилги Осиё Ўйинларидаги иштироки қандай бўлмоқда?
Хитойда бўлиб ўтаётган 16-Осиё Ўйинларида барча Марказий Осиё давлатлари ва яна афғонистонлик спортчилар ҳам иштирок этишмоқда.
Афғонистонни бу галги Осиё Ўйинларида олтмишдан ортиқ спортчилар намоён этишмоқда.
Минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон энг катта сондаги, яъни 400 а яқин спортчиси билан қатнашмоқда.
Лекин, ҳозирча 1 та кумуш, 6 та бронза медалини қўлга киритган. Ва медаллар жадвалида Ўзбекистондан орқада бормоқда.
Қолган Марказий Осиё давлатлари ёки Афғонистон вакилларига ҳозирча бирор бир совринли ўрин насиб этмаган.
Осиё Ўйинларида пешқадамлик қилаётган миллий терма жамоаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
Демак, икки куннинг ичида 60 дан ортиқ медални қўлга киритган мезбон Хитой медаллар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.
Хитой аввалбошданоқ энг кўп медалларга даъвогарлик қилаётганини яшираётгани йўқ эди.
Бундан ташқари, Хитой ўзи мезбонлик қилаётган Осиё Ўйинларида мингга яқин спортчиси билан иштирок этмоқда.
Шуни ҳам тан олиш керакки, Хитой сўнгги йилларда бўлиб ўтаётган барча йирик халқаро мусобақаларда жуда фаол ва мамлакат спортини ривожлантиришда улкан маблағлар сарфлаётган давлатдир.
Хитойдан кейин Жанубий Корея ва Япония вакиллари пешқадамлик қилишмоқда. Улар ҳам Осиё Ўйинлари арафасида ҳеч ҳам бўш келиш ниятлари йўқлигини айтишганди.
Аммо уларнинг ҳозирги натижалари Хитойдан кўра анча паст. Дейлик Хитой шу пайтгача 40 қа яқин олтин медалини қўлга киритган бўлса, жанубий кореяликларнинг олтин медаллари бунинг ярмига ҳам етмайди.
Ўзбекистон Хитойдаги Осиё Ўйинларида илк медалини қўлга киритди

16-Осиё Ўйинларининг биринчи кунида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк медаллари - бир кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
100 килограммдан ортиқроқ вазндаги дзюдочилар орасида Абдулло Тангриев кумуш медали совриндори бўлди.
100 килограммдан енгил вазндагилар беллашувида Рамзиддин Саидовга Осиё ўйинларининг бронза медали насиб этди.
Ўқ отиш бўйича аёллар жамоаси - Яна Фатхи, Сакина Мамедова ва Елена Кузнецовалар совринли учинчи ўринни қўлга киритишди.
Осиё Ўйинлари кеча Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида очилганди. Халқаро тадбирда Ўзбекистонни икки юздан ортиқ спортчилар намоён этишмоқда.
Осиё Ўйинлари дунёда Ёзги Олимпиада Ўйинларидан кейин иккинчи йирик халқаро беллашув сифатида кўрилади.
Осиёнинг Олимпия Ўйинларига қиёс берилувчи тадбирда мезбон хитойликларнинг бўш келмасликлари кутилмоқда.
Хитой саксонинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб деярли ҳар бир Осиё Ўйинларида пешқадамликни қўлдан бой бермай келади.
Ва агар бу гал ҳам медалларининг сонини оширса, дунё спорти элиталари сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашга умид қилмоқда.
Медаллар учун курашнинг осон кечмаслиги тайин. Ўйинларда беллашиш учун Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари миллий жамоалари Хитойга ташриф буюришган.
Ўзбекистонлик спортчилар 29 спорт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларида қатор Жаҳон чемпионларининг борликлари ҳам айтилади.
Биз ўзбекистонлик спортчиларнинг айнан қайси спорт турлари бўйича кураш олиб боришлари ва ғолиб чиқиш имкониятларини билиш учун таниқли спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевни суҳбатга чорладик:
Спортчилар 42 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун беллашишади. Бу Пекинда бўлиб ўтган сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинларидагисидан 12 тага кўп деганидир.
Бу галги Осиё Ўйинларига аксарият давлатлар катта сондаги жамоалар билан келишган.
Улар яна икки йилдан сўнг Лондонда бўлиб ўтажак навбатдаги Ёзги Олимпия Ўйинларигача ёшроқ спортчиларини жаҳон таснифига олиб чиқиш ниятидалар.
Хитой миллий терма жамоаси сафларида эса, 30 дан ортиқ Олимпия чемпионлари бор. Шу сабабдан ҳам, медалларнинг энг кўпи ва сарасига кўз тикмоқда.
Япония ва Жанубий Кореянинг ҳам бўш келмаслиги тайин. Аммо Хитойга етиб олишлари қийин бўлса керагов...
Хитойга Осиё Ўйинларига мезбонлик қилиш осон бўлгани йўқ. Ҳавосининг тозалигини таъминлаш учун ўзиям роса тер тўкди: завод, фабрикаларини ёпди, машиналар қатновини чеклади.
Хавфсизлик чоралари эса ниҳоятда кучли. Ҳатто, Пекин Олимпиадаси чоғида ҳам бундайин бўлмагани айтилади.
Хитойлик масъулларга кўра, бунақанги улкан тадбирларда тартибсизликлар келтириб чиқариш ёки ҳужум уюштириш анчайин осон бўлади.












