Афғонистон: Тўй базмида 40 қа яқин киши қурбон бўлди

Афғонистоннинг беқарор жанубий Қандаҳор шаҳрида юз берган портлашда қарийб 40 киши қурбон бўлган. Ўнлаб инсонларга тан жароҳати етган.
Бомба тўй зиёфати чоғида, юзлаб меҳмонларга тўла ҳовлида портлаган.
Шоҳидлардан бирига кўра, қонга беланиб ётган ўнлаб жасадлар атрофида сочилиб ётганига гувоҳ бўлган.
Яраланганларга зудлик билан қон қуйиш учун маҳаллий масъуллар, ҳатто, телевидение орқали ҳам мурожаат билан чиқишмоқда.
Афғонистонлик масъуллар портлаш сабаби ва ундан нишон айнан тўй базми бўлганми-йўқлигини билмасликларини айтишган.
Бироқ Америкада чоп этилувчи "Нью Йорк Тайм" газетасининг хабар беришича, куёв ва тўйга келган бир қанча меҳмонлар яқинда ҳудуддаги Толибонга қарши жангариларга қўшилишган бўлган.
Афғонистондаги Америка ҳарбийлари жорий пайтда Қандаҳор вилоятига қарши йирик ҳарбий амалиётга ҳозирлик кўришмоқда.
Сўнгги пайтларда Толибоннинг асосий таянч нуқтаси бўлган ушбу жанубий вилоятда Толибоннинг фаолияти янада кучайган.
Толибон жангарилари ўтган бир неча ойнинг ўзида қатор ҳужумлар уюштириб, 10 дан ортиқ маҳаллий мулозимни ўлдиришган.












