Янгиликлар: Популизм нима ва у демократияга хавф туғдирадими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Силин Гирит
- Role, Би-би-си
"Ўзгариш шамоллари эсмоқда!" деди Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Нидерландиядаги охирги сайлов натижаларига изоҳ берар экан. АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп эса Хавиер Милей "Аргентинани яна буюк қилади" деди.
Аргентинада ўта ўнг сиёсатчи Милейнинг сайловда ғалабаси ва аксил-исломчи Герт Вилдерснинг Нидерландиядаги шитоб кўтарилиши популистларнинг қалб торларини чертиб юборган кўринади.
Бу икки шахс ҳам "популист" деб ҳисобланади. Улар каби сиёсатчилар ҳам уларнинг ғалабасидан шодланмоқда. Ўзи кимни "популист" дейишади.
Популизм нимани англатади?
"Популизм: Энг қисқа таништирув" (Populism: A Very Short Introduction) китоби муаллифи Кас Мадднинг фикрича, сиёсатшуносликда "популизм" деганда жамиятни икки қутбга ажратиб кўрсатиш тушунилади: "тоза, оддий халқ" ва "бузилган элита".
Унинг айтишича, популизм сиёсат халқнинг умумий иродасини ифодалаши керак, деб таъкидлайди.

"Популизм: Сиёсий назариянинг муҳим тушунчалари" китоби муаллифи Бенжамин Моффитнинг айтишича, популизм ўзини муайян мафкура, ташкилий услуб, ижро услуби, нутқ ёки дискурс сифатида намоён қилиши мумкин, аммо "ундаги барча баҳс-мунозаралар халқ ва элита ўртасидаги бўлиниш атрофида айланади", дейди у.
"Популист халқ номидан гапиради ва доим элитани айблайди."

Сурат манбаси, Getty Images
Популизм ўта ўнгларга алоқадор хусусият деб ҳисобланса ҳам, сўл қанот популизм ҳам мавжуд. Бунга Венесуэланинг собиқ раҳбари Уго Чавес ёрқин мисолдир. У бир пайтлар "Мен шахс эмасман, мен халқман" деган эди.
Мадд популизмни "тор йўналтирилган мафкура" деб таърифлайди - у сиёсий кун тартибининг фақат бир қисмига қаратилган бўлади ва қайси иқтисодий ёки сиёсий тизим яхшироқ эканлиги ҳақида аниқ позицияси бўлмайди.
"Кўпчилик муваффақиятли популистлар популизмни бошқа мафкура билан бирлаштиради ва ана шу «мезбон» мафкура бошқа муаммоларни ҳал қилади", дейди у.
"Умуман олганда, кўпчилик ўнг қанот популистлар популизмни нативизмнинг (муҳожирларга қарши ерлилар ҳуқуқини устун қўйиш) қандайдир кўриниши билан, чап қанот популистлари эса популизмни социализмнинг муайян шакли билан бирлаштиради."
Популист раҳбар қандай бўлади?
Принстон университетининг сиёсатшунослик профессори Ян-Вернер Мюллер ўзининг "Популизм нима?" китобида таъкидлашича, популист етакчилар "халқнинг бирлашган иродасини" ифодалаётганига даъво қилади.
"Популистларнинг хос хусусияти уларнинг "ҳақиқий халқ" ёки "сукутдаги кўпчилик"нинг ягона вакили эканлигига даъво қилишидир", дейди у.
"Натижада, улар ҳокимият учун бошқа барча даъвогарларни мутлақо ноқонуний деб қоралайдилар. Улар қолганларни шунчаки «бузуқ» ва «инсофсиз» деб ҳисоблайдилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу жиҳатдан АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп замонавий популистларнинг ёрқин намуналаридан биридир.
Трампнинг сўзларида кўриниб турибдики, популист "ботқоқни қуритиш" ёки "либерал элита" билан курашиш учун душманга (кўпинча мавжуд тизим қиёфасидаги душман) қарши боради.
Популистлар, шунингдек, кўпинча ўзларини "кучли одамлар" сифатида кўрсатишади, улар иммиграцияга қарши, авторитар позицияни маъқул кўради ва анъанавий сиёсатчилар қочишга ҳаракат қиладиган ва амалга ошириш имконсиз ваъдалар беради.
Улар қонун чиқарувчи ёки суд ҳокимиятини ўз ичига олган мураккаброқ демократик усулларга таянгандан кўра, тўғридан-тўғри референдумлар, президент фармонлари ёки ижроия фармойишларни бошқарув усули сифатида афзал кўриши мумкин.
Бенжамин Моффит типик популист етакчиларнинг яна бир қанча хусусиятларини санайди.
Улардан бири "ёмон хулқ" ёки сиёсатчиларга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар. Масалан, президент Трамп ва яқинда аргентиналик Милей қўллаган тактика. Милей давлат ҳаражатларни камайтиришга ваъда бериб, сайлов кампаниясига арра кўтариб келган эди.
Бенжамин Моффитнинг айтишича, бошқалар эса "инқироз ҳолатини сақлаб туради" ва ўзини доимо олдинга интилаётгандек, тажовузкорроқ кўрсатади.
"Улар доим қандайдир ҳалокат кутилаётганини таъкидлайди ва фақат мен буни ҳал эта оламан деб кўрсатади", деб таъкидлайди Моффит.
Популист етакчиларнинг энг ёрқин намуналари кимлар?
Аргентиналик Хуан Доминго Перон кўпинча архетипик популист деб аталади. У 1974 йилда вафот этган, лекин унинг номи ҳали ҳам Аргентина сиёсатини ва Аргентина жамиятидаги асосий бўлинишни белгилайди: сиз перонистмисиз ёки антиперонистмисиз?

Сурат манбаси, Getty Images
10 декабрь куни мамлакат бошқарувига кўпинча популист деб билинган яна бир шахс Хавер Милей келади.
Ўзининг бетартиб сочлари, ёввойи иштиёқи ва кўпинча ғалати услуби сабабли уни "El Loco" (девона) дейдилар.
У кенг кўламли ўзгаришларни ваъда қилди, жумладан, маҳаллий валюта - песодан АҚШ доллари фойдасига воз кечиб, марказий банкни «портлатиш» ва бутун ҳукумат идораларини қисқартириш.
"Лотин Америкаси популизм маёғидир", дейди Европа Популизм тадқиқотлари марказидан Имдат Онер. "Сўл популист Уго Чавес ажойиб намуна эди. У сиёсатга аутсайдер сифатида кириб келди, Венесуэлада икки партиявий тизимни ўзгартирди ва ўлгунча ҳокимиятда қолди".
Аммо Трампни "ўнг қанот популизмининг ажойиб намунаси" деб атаган Моффитнинг фикрича, популизм глобал ҳодисадир.

Сурат манбаси, Getty Images
"Эҳтимол, ҳозир дунёдаги энг муваффақиятли популист - ҳеч бўлмаганда электорат ва ҳокимиятни бирлаштириш нуқтаи назаридан - Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модидир", дея қўшимча қилади Моффит.
"Ҳиндистондаги барча сиёсат Моди атрофида айланади. У халқ ва элита ўртасида бўлиниш пайдо қилишга муваффақ бўлди, бу эса "ҳақиқий халқ" сифатида ҳиндулар учун диний маънога эга - шунинг учун у ерда нативистик туйғу кучаймоқда", дейди у.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған ҳам кўпинча популист сиёсатчи деб аталади.
"У ўзини қатъиятли одам сифатида кўрсатади; у Истанбулнинг Қасимпаша туманидан бўлган, Туркия Республикасининг эски камолчи тузумига дадил қаршилик кўрсатган кўча жангчиси бўлиб қолади", деб ёзади профессор Мюллер ўзининг "Популизмнинг тобора юксалиши" китобида.
Нидерландияда Герт Вилдерс, Венгрияда Виктор Орбан, Францияда Марин Ле Пен, Венесуэлада Николас Мадуро ва Буюк Британияда Борис Жонсон ҳам кўпинча популистлар деб аталади.
Бироқ, Кас Мадд бразилиялик Жаир Болсонаруни популист деб ҳисобламайди, чунки у ўнгни эмас, балки сиёсий тузумнинг фақат сўл қисмини рад этган.
Популизм демократияга хавф туғдирадими?
Мадд таъкидлашича, энг тор маънода олсак, яъни омма суверенитети ва кўпчилик ҳокимияти маъносида, популизм демократикдир, чунки у сиёсатда "халқ иродасини" акс эттиришни хоҳлайди.
"Бироқ, бу либерал демократиянинг асосий ғоясига тамоман зиддир. Либерал демократияга кўра, плюрализм, жамият турли манфаат ва қадриятларга эга турли одамлар ва гуруҳлардан иборат бўлиши қонунийдир", дея қўшимча қилади у.
Ҳуго Чавес Лотин Америкаси популисти сифатида танилганди

Сурат манбаси, Getty Images
Профессор Мюллернинг таъкидлашича, агар популистлар етарлича кучга эга бўлса, улар охир-оқибат ҳақиқий «халқ»нинг бир қисми ҳисобланмай қолади ва авторитар давлатни яратади.
Моффитнинг айтишича, бошқаларни нишонга олиш популизмнинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши сабабларидан биридир, айниқса, кўпчилик "инқирозлар даври" деб атайдиган ҳозирги кунда.
"Атроф-муҳит инқирози, давомли молиявий пуфаклар... Энг муҳими, шундай вақтда саҳнага чиқиб, энг оддий, жўн ечимлар таклиф қилиб, улкан инқироз пайтида мухолифига ҳужум қила олиш - шу популистларга устунлик беради", дейди у.
"Популистлар судьялар, оммавий ахборот воситалари ва шунга ўхшаш мустақил институтларни халқ овозига тўсиқ сифатида кўради. Шу маънода, бу демократияга таҳдид, лекин уни ягона таҳдид сифатида кўрсатиш самарасиз, - дейди Моффит. - Одамларга ёқадиган бошқа сабаблар ҳам бор."
"Ҳозирда популизм ҳукмрон сиёсатнинг бир қисмига айланганини инкор этиш қийин. У ҳеч қаерга кетмайди. Менимча, бу 21-асрнинг ўзга хос сиёсий ҳодисасидир".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














