Ўзбекистонликлар кимни кўпроқ яхши кўради? Путинними ё Мирзиёев?

Сурат манбаси, President.uz
- Author, Блогер
- Role, Тошкент, Ўзбекистон
Ижтимоий тармоқларга бир кўз югуртирсангиз, ўзбекистонликлар орасида ўз президентини севмайдигани (айниқса, марҳум Ислом Каримовни) оз эмаслигини кўрасиз.
Балки "севиш" нотўғри бўлар айни ўринда, балки "ишончсизликдир" бу...аммо, Россия президенти Путинга келганда ҳамма нарса ўзгаради.
Энг қаттиқ танқид тахминан мана бундай жаранглайди: "...анави ишини оқламайман, лекин Путин барибир мужик!"...
Айримлар ҳатто Мирзиёев жаноблари ҳам қайсидир маънода Путинга тақлид қилади деган фикрда...
Сабаб нимада?
Балки Путиннинг қаттиққўллиги, авторитар раҳбар бўлгани етмиш йилдан ортиқроқ вақт давомида қуллик сингдирилган онггимизга осонгина мослашгани туфайли "кишанларимизни" севишга ўрганиб қолгандирмиз?
Унда Каримов қаерда қолади?
Каримов ҳам авторитар, айрим ғарбликлар таъбирида ғирт диктатор эди, шундай эмасми?
Афтидан фақат авторитар раҳбар бўлишнинг ўзи халқнинг ишончига кириш учун етарли эмас. Шу боис, сабаблар орасига бошқа бир факторни ҳам қўшиб қўйишимиз керак бўлади. Бу - популизм, мақсадли, аниқ режаланган популизм, одамларнинг қўрқув ва умидларидан оқилона фойдаланишдир.
Керак бўлса, (собиқ президент таъбирида) онгларда шундай қўрқув ва умид пайдо қилинсинки, популизм учун қулай муҳит пайдо бўлсин. Бу эса агрессив пропагандасиз бўлмайди.
Одамлар ўзлари ва яқинлари ҳаётига хавф сезганларида кучли бир ҳимоячига, етакчига эҳтиёж сезадилар, ўз эркларидан воз кечиб, ихтиёрларини ўша кучли ва меҳрибон "ота"га топширишга тайёр бўладилар. Аммо ўша хавф реал мавжуд бўлмаса-чи?
Бундай ҳолатда одамлар эркинликни афзал билишлари табиий. Аммо одамлар хавотирда яшаши учун хавф реал бўлиши шарт эмас, шунчаки ўша хавф бор, деб ишонилса кифоя.
Ягона ечим - таҳдидларнинг мавжудлигига одамларни ишонтириш.
Россия мисолида олсак, Америка ва НАТО таҳдиди, исломий терроризм таҳдиди, Ғарб таъсирида миллат ахлоқининг бузилиши, дейлик, гейларнинг кўпайиши таҳдиди, ахборот таҳдиди ва ҳк.
Бу каби таҳдидлар реал мавжуд бўлиши шарт эмас, аммо пропаганда воситасида одамларни ишонтириш мумкин.
Таҳдидлар қаршисида қолган инсонлар доимо бирлашишга ҳаракат қилади, аммо бу бирлашиш кучли раҳнамосиз бўлмайди.
Одамларни қўрқитинг, улар сизнинг ҳимоянгизга муҳтож бўлиб қоладилар.
Менимча, жаноб Путин таянадиган популизм алдамчи таҳдидлар билан суғорилиб турувчи популизмдир.
Ҳеч эътибор берганмисиз, нега рус телеканаллари мудом Ғарбнинг ёлғонлари, айёрлиги, ахлоқсизлигидан бонг уради?
Нега оддий халқ орасида юрган Путин доим ғамхўр, ҳимоячи инсон сифатида гавдалантирилади?
Россиядан ким қўрқади?

Сурат манбаси, VIKTOR BARTENEV/TASS
Владимир Путиннинг ўзбеклар орасида бунчалик катта хурмати борлигининг бирламчи сабаби - бизнинг миллат ва давлат сифатида русларга қарамлигимиз, улардан қўрқишимиз, уларнинг "қудрати" олдида бош эгишга тайёрлигимиздир. Бу яланғоч ҳақиқатдир.
Бу яланғочликни миллион сўзлар билан бежаб, кўриб кўрмасликка олганимизга қарамай биргина ҳолат бизни фош қилади.
Россияда миллионлаб ўзбекистонлик ўйнаб-кулиб юргани йўқ.
Дангасалик ҳам қилаётгани йўқ!
Инсон кимдан қўрқса, кимдан ўзини ожиз ҳисобласа, ўшанга тақлид қилади, ўшанинг ҳимоясига ошиқади.
Бу инсон руҳияти ва зеҳниятида деярли исботланган воқеилик.
Оқибатда нафақат оддий халқ, ҳатто зиёли ва бошқарув элитаси ҳам қудратли миллат, собиқ ҳожаларига садоқат сақлайди.
Аммо озиқлантириб турилмаса, бу тенденция узоқ давом этмаслиги тайин.
Россия тарғибот машинаси учун Ўзбекистонда рақобат йўқ
Тобеликни озиқлантиришнинг нисбатан осон йўли - таҳдид орқали қўрқитиш ва ҳимояга муҳтож қилишдир.
Ўзбекистонда Россия ОАВ таъсири мисли кўрилмаган даражада кучли экани сир эмас, исботга ҳам муҳтож эмас.
Табиийки Россиядаги руслар нима кўрса, ўзбеклар ҳам шуни кўради.
Путиннинг Россия фуқароларига йўналган популизми таъсири мамлакат чегаралари оша қўшни халқларга ҳам ўтади.
Оқибатда ўша қўшни давлатлар аҳолиси Путинни ҳатто ўз президентларидан кўра кўпроқ яхши кўриб қолишлари ҳеч гап эмас.
"Яхшиям Россия ва унинг тепасида Путин бор, бўлмаса Америка бизни босиб оларди", деб чин дилдан гапирган ўзбекнинг гапи кўп нарсага далолат қилади.
Шулардан энг асосийси таҳдид мавжудлигига бўлган ишончга таяниб қилинган популизмдир.
Бу каби усул билан нафақат оддий халқни, ҳатто бошқарув элитасини ҳам измида сақлаш мумкин. ( Эсингиздами, жаноб Мирзиёев АҚШга борди-ю, бу ёқда ИШИД жангарилари кучайиб, Ўзбекистон ҳудудига кирибди, деган хабар чиқиб турибди.)
Диндорлар ва Путин
Ўзбекистон диндорлари орасида ҳам Путин "фанатлари" борлигига нима дейсиз?
Диндор инсон маънавий таҳдидлардан кўпроқ чўчийди.
У чўчийдиган энг катта таҳдид ўзининг наздидаги ахлоқий бузилишдир.
Гомофобик тарғиботларга тўла рус телеканаллари билан тўйинган онглар Путин сиймосида Ғарб "ахлоқсизлиги" ва "бузуқлигига" қарши курашчини кўради.
Диндор бўлмаганлар-чи?
Нега улар ҳам Путинга бунчалик ишонишади?
Исломий экстремизм ва фанатизмга реал қарши курашаётган куч бу - Россия ва Путин. Америка ва унинг иттифоқчилари эса террорчиларни зимдан молиялаб турувчи ёвуз куч.
Қаранг-а, Ғарбда "илдиз отаётган" исломофобиядан огоҳ этаётган ва бу билан диндорларнинг меҳрини қозонаётган рус пропагандаси бошқа томондан исломий терроризм ҳақида бетиним бонг уради.
Шу йўл билан диндор бўлмаган қатламга ҳам ҳуш ёқади ва, қайсидир маънода, исломофобияни кучайтиради.
Буларнинг бари Россия оммавий ахборот воситаларининг таъсирисиз бўлмайди.
Ғарбнинг ахборот ҳуружлари ҳақида кўп гапирилади.
Интернет сайтлари блокланади. Ғарб кинофильмларидан "ахлоқсиз" жойлари қирқиб ташланади.
Аммо Россия телеканалларига бундай тўсиқ йўқ. Ваҳоланки, биз ўз телеканалларимизда қирқиб-қирқиб берган фильмларни рус каналлари тўлиқ беради.
Биз ўзимиздаги телеканалларни "ахлоқсиз"ликни намойиш қилгани учун жазолашимиз мумкин, аммо Россия телеканалларини кимса жазоламайди, узиб қўймайди. Уларни ҳеч ким таҳдид сифатида кўрмайди.
Шу каби вазиятда одамлар Путинни севмай, яна кимни севсин, кимга ишонсин?
Мавзуга алоқадор
Таҳририятдан: Блогернинг фикрлари bbcuzbek нуқтаи назарини акс этмайди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












