АҚШ Тайванни зимдан тиш-тирноғигача қуроллантирмоқда - Янгиликлар Yangiliklar

Тайван Президенти Цай Инг-вен Америка билан ўз давлати иттифоқи ҳақида очиқ гапириб келади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тайван Президенти Цай Инвэн Америка билан ўз давлати иттифоқи ҳақида очиқ гапириб келади.
    • Author, Руперт Вингфилд-Ҳейс
    • Role, Би-би-си, Тайван

АҚШ президенти Жо Байден яқинда Америка ҳарбий аслаҳаларини сотиб олиши учун Тайванга 80 млн. доллар грант ажратишга қарор қилди. Хитой эса бундан норозилигини билдирди.

Тасодифий бирор кузатувчига бу катта маблағ эмасдек кўринади. Бу ҳатто битта замонавий қирувчи учоққа ҳам етмайдиган маблағ. Тайван аллақачон 14 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги Америка ҳарбий аслаҳаларига буюртма берган. 80 миллион ниманидир ўзгартирадими?

Тайванга бериладиган ҳар қандай ҳарбий дастакка Пекин ғазаб билан жавоб қайтариши одатий ҳол, аммо бу сафаргисида нимадир бошқача.

BBC

80 миллион қарз эмас. У АҚШ солиқ тўловчилари ҳамёнидан келади. Ўтган 40 йил ичида Америка биринчи марта ҳатто ўзи тан олмаган ҳудудга қурол сотиб олиши учун пул бермоқда. Бу ҳорижий ҳарбий молиялаш (ҲҲМ) дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён ҲҲМ Киевга 4 миллиард доллар атрофида ёрдам берди.

Шунингдек, мазкур дастур орқали Афғонистон, Ироқ, Исроил, Миср ва яна бир қанча давлатга миллиардлаб маблағ берилган. Аммо шу вақтгача улар БМТ томонидан тан олинган давлат ва ташкилотларга ўтказилган эди. Тайванга эмас.

1979 йилда АҚШ Тайван қолиб, Хитой билан дипломатик алоқаларни ўрнатгандан сўнг, Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонунга биноан оролга қурол сотишни давом эттирди. Асосийси, Тайванга Хитойнинг эҳтимолий ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиш учун етарли миқдорда қурол сотиш эди, аммо бу Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларни беқарорлаштирадиган даражага етмас эди. Ўнлаб йиллар давомида АҚШ Тайваннинг энг ишончли иттифоқчиси бўлиб қолган ҳолда Хитой билан ҳам бизнесни давом эттирди.

Аммо сўнгги ўн йилда Тайван бўғозидаги ҳарбий мувозанат Хитой фойдасига кескин ўзгарди. Эски формула энди ишламай қолди. Вашингтон ўз сиёсати ўзгармаганини таъкидламоқда, лекин айрим муҳим жиҳатларда у ўзгарди. АҚШ Давлат департаменти эса ҲҲМ орқали ёрдам Тайваннинг тан олинишини англатмаслигини таъкидлашдан чарчамайди

Тайван Хитойга қўшиб олиниш хавфи остида.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тайван Хитойга қўшиб олиниш хавфи остида.

Аммо Тайпейда Америка ушбу орол билан муносабатларини қайта кўриб чиқаётгани, айниқса, Вашингтоннинг Тайванни қайта қуроллантиришга шошилаётганини ҳисобга олсак, ҳа, у ўзгарди. Хитойдан анча заиф бўлган Тайван эса ёрдамга муҳтож.

"АҚШ зудлик билан ҳарбий қувватимизни ошириш зарурлигини таъкидламоқда. Бу Пекинга биз бирга эканлигимиз ҳақидаги стратегик аниқ сигнал беради", дейди Тайван президенти Цай Инвэн ва АҚШ Конгресси етакчилари билан яқин алоқада бўлган ҳукмрон партия депутати Ван Тин-юй.

Унинг айтишича, 80 миллион доллар - бу жуда катта айсбергнинг учи ва президент Байден июль ойида Тайванга 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарор қилган.

Жаноб Ваннинг айтишича, Тайван икки батальон қуруқликдаги қўшинларини АҚШга ўқитиш учун юборишга тайёрланмоқда. Бу 1970-йиллардан бери биринчи марта бўляпти.

Лекин асосийси пул, унинг айтишича, келгуси беш йил ичида бу маблағ 10 миллиард долларгача етиши мумкин.

Ҳарбий техника билан боғлиқ битимлар 10 йилгача давом этиши мумкин, деди Тайпейдаги "Prospect Foundation" таҳлил маркази президенти Лай И-Цзин. "Аммо АҚШ ҲҲМ орқали қуролларни тўғридан-тўғри ўз захирасидан жўнатади ва бу АҚШ пули, бу эса тасдиқлаш жараёнини соддалаштиради."

Тайванни икки партия ҳам қўллаб-қувватлайди, Конгресс партиявий якдиллик бўлмаган ҳолатда ҳам Украинага миллиардлаб доллар ёрдам ажратганини ҳисобга олсак, бу муҳим.

Аммо Ғазодаги уруш, шубҳасиз, Американинг Тайпейга қурол-яроғ етказиб бериши камайишига олиб келади. Президент Байден Конгрессдан Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам сўрамоқда, бунга Тайван учун ҳам кўпроқ пул киради.

Тайпейдаги Миллий Мудофаа вазирлигидан АҚШ пуллари қаерга қандай сарфланишини сўрасангиз, жилмайган аммо ёпилган лабларникина кўрасиз.

Хитой эндиликда дунёдаги энг катта денгиз кучларига эга.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой эндиликда дунёдаги энг катта денгиз кучларига эга.

Аммо доктор Лайнинг айтишича, ҳеч иккиланмай тахмин қилиш мумкин: Жавелин ва Стингер ер-ҳаво ракеталари тезда ўрганиш учун жуда самарали қуроллардир.

"Бизда улар етарли эмас, улардан кўпроқ керак, - дейди у. - Украинада Стингер жуда кўп фойдаланилди ва Украина тажрибаси бизга ушбу қурол ҳозиргидан 10 баравар кўпроқ кераклигини кўрсатади."

Узоқ йиллик кузатувчиларнинг баҳоси эса оддий: орол Хитой ҳужумига мутлақо тайёр эмас.

Муаммолар рўйхати жуда катта. Тайван армиясида юзлаб эскирган танклар бор, аммо замонавий енгил ракета тизимлари жуда кам. Унинг армия қўмондонлик тузилмаси, тактикаси ва доктринаси ярим аср давомида янгиланмаган. Кўпгина фронт бўлинмаларининг атиги 60 фоизида одам етарли.

Хитойда Тайван аксилразведка операциялари мавжуд эмаслиги ва ҳарбий хизматга чақирув тизими рисоладагидек эмаслиги ҳам айтилган.

2013 йилда Тайван ҳарбий хизматни бир йилдан тўрт ойга қисқартирди, кейин эса яна 12 ойга қайтарди. Ўзгариш кейинги йилдан кучга киради. Аммо бундан ҳам жиддийроқ муаммолар бор. Хизматга чақирилган ёшлар уни ҳазил билан "ёзги лагерь" деб аташади.

"Машғулотлар мунтазам эмас, - дейди яқинда хизмат ўтаганлардан бири. - Биз ҳар икки ҳафтада бир марта полигонга борардик ва 1970-йиллардаги эски қуроллардан фойдаланардик. Белгиланган нишонларга ўқ узардик. Аммо нишонга олиш бўйича тегишли машғулотлар ўталмагани сабабли ҳамма хато қиларди. Охирида жисмоний имтиҳон бўлади, лекин биз бунга ҳам тайёргарлик кўрмадик."

Тайваннинг армияси Хитойникидан анча кичик.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тайваннинг армияси Хитойникидан анча кичик.

У шундай бир тизимни тасвирлаб бердики, унда юқори мартабали армия қўмондонлари бу йигитларни ўқитишга мутлақо бефарқ қарайди ва бунга қисман сабаб уларнинг жуда қисқа вақт хизматда бўлишларидир.

Вашингтон Тайванда армияни ислоҳ қилиш ва қайта қуриш учун вақт ўтиб бораётганига қатъий ишонади. Шундай қилиб, АҚШ ҳам Тайван армиясини қайта тайёрлашни бошламоқда.

Ўнлаб йиллар давомида оролнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари оролга бостириб кириш Хитой учун жуда қийин ва хавфли бўлади деб ишониб келган. Буюк Британия сингари, Тайван ҳам ўз қуруқликдаги армиясидан кўра ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳаво кучларига кўпроқ эътибор қаратган.

"Ғоя душманни Тайван бўғозида ва соҳилларда йўқ қилиш эди. Шундай қилиб, биз ҳаво ва денгиз мудофаасига кўп маблағ сарфладик", дейди доктор Лай.

Аммо Хитой ҳозир дунёдаги энг катта денгиз флоти ва жуда катта ҳаво кучларига эга. Ўтган йили бир таҳлил маркази томонидан ўтказилган ҳарбий-ўйин машғулотлар Хитой билан тўқнашувда Тайван денгиз ва ҳаво кучлари жангнинг дастлабки 96 соатида-ёқ йўқ қилинишини кўрсатди.

Вашингтоннинг кучли босими остида Тайпей Хитой учун оролни забт этишни ўта қийинлаштирадиган "Тайван қалъаси" стратегиясига ўтмоқда.

Асосий эътибор қуруқликдаги қўшинлар, пиёда ва артиллерияга қаратилади - пляжлардаги босқинлар қайтарилади ва керак бўлса шаҳарча ва шаҳарларда, оролнинг ўрмон билан қопланган тоғларидаги базалардан Хитой армиясига қарши курашилади. Аммо бу жанглар Тайваннинг эскирган армияси елкасига тушади.

"1979 йилда АҚШ билан муносабатлар узилганидан кейин армиямиз деярли яккаланиб қолган эди. Шунинг учун улар АҚШнинг Вьетнам урушидаги ҳарбий доктринасига ёпишиб олишди", дейди доктор Лай.

Яқин вақтгача бу Тайван ва Вашингтонни безовта қилмаган. 1990 ва 2000 йиллар давомида Тайван ва Америка компаниялари бутун Хитой бўйлаб заводлар қурди.

Тайваннинг устунлиги шундаки у - кўплаб тепаликлардан ташкил топган орол.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тайваннинг устунлиги шундаки у - кўплаб тепаликлардан ташкил топган орол.

Пекин Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиш учун лоббичилик қилди ва қўшилди ҳам. Дунё Хитой иқтисодини қабул қилди. АҚШ эса савдо ва сармоя Тайван бўғозида тинчликни таъминлашига ишонди.

Аммо Си Цзиньпиннинг ҳокимиятга келиши ва унинг миллатчи тасаввури ҳамда Россиянинг Украинага босқини бу ишончни барбод қилди.

Тайван учун Украина босқини даҳшатли сабоқ бўлди. Жанг майдонида артиллерия жуда муҳим экан - унинг вайронкорлиги ва аниқликдаражаси жуда юқори эди.

Украина экипажлари ҳужум қилган заҳоти ўз позициясини ўзгартириши керак, акс ҳолда, бир неча дақиқада Россиянинг артиллерияси ёмғири остида қолаётганди.

Аммо Тайваннинг кўплаб артиллерия кучлари Вьетнам уруши ёки ҳатто Иккинчи Жаҳон уруши қуроллари билан жиҳозланган. Снарядлар қўлда юкланади ва ҳаракати қийин ва секин.

Тайваннинг ҳозирги заифлиги Вашингтонни тезроқ ҳаракат қилишга мажбур қилмоқда. Шунинг учун Тайваннинг қуруқликдаги қўшинлари АҚШга машғулотлар учун юбориляпти ва америкалик ҳарбийлар Тайван денгиз пиёдалари ва махсус кучларини ўқитиш учун Тайванга келади.

Аммо Тайвандаги Миллий мудофаа ва хавфсизлик тадқиқотлари институти илмий ходими Уилям Чангнинг айтишича, Тайван ҳали ҳам Хитойни ёлғиз ўзи ушлаб қолишга умид қила олмайди. Бу Украинадаги урушдан яна бир сабоқдир.

"Халқаро ҳамжамият Тайван муҳимми ёки йўқлигини ҳал қилиши керак, - дейди у. - Агар G-7 ёки НАТО Тайванни ўз манфаатлари учун муҳим деб ҳисобласа, биз Тайвандаги вазиятни халқаролаштиришимиз керак, ана шу Хитойни бир иш бошлашдан олдин икки марта ўйлашга мажбур қилади."

Доктор Чангнинг айтишича, Хитойнинг ўзини тутиши Тайванга буни амалга оширишга беихтиёр ёрдам берган.

Хитой Президенти Ши Жинпин, агар керак бўлса, Тайванни куч билан олишдан қайтмаслигини айтган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой Президенти Ши Жинпин, агар керак бўлса, Тайванни куч билан олишдан қайтмаслигини айтган.

"Хитой Жанубий Хитой денгизи ва Шарқий Хитой денгизида ўзининг экспансионистик сиёсатини намойиш этмоқда, - дейди у. - Биз Японияда натижани кўришимиз мумкин, бу ерда ҳарбий бюджет ҳозирда икки баравар кўпайган."

Минтақадаги иттифоқлар ўзгартирмоқда, дейди у, хоҳ у АҚШ, Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги тарихий саммит бўлсин, хоҳ Quad (Япония, АҚШ, Австралия ва Ҳиндистон) ва Aukus (Буюк Британия, АҚШ ва Австралия) бўлсин, ҳарбий иттифоқларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Улар ядровий сув ости кемаларининг янги авлодини яратишга интилмоқда, АҚШ ва Филиппин ўртасида алоқалар мустаҳкамланмоқда.

"Хитой бутун минтақадаги статус-квони ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда, - дейди у. - [Бу] Тайван хавфсизлиги Жанубий Хитой денгизи ва Шарқий Хитой денгизи билан боғланганлигини англатади. Бу биз энди изоляцияда эмаслигимизни ҳам англатади."

Ҳозир Вашингтонда АҚШ Тайванни қанчалик қўллаб-қувватлаши кераклиги ҳақида қизғин мунозаралар давом этмоқда. Хитойни узоқ йиллардан буён кузатиб келаётганлар Қўшма Штатларнинг Тайванни ҳар қандай оммавий қўллови Пекинни тийиш ўрнига ғазаблантириши мумкинлигини айтишади. Аммо Вашингтон Тайван ўзини ҳимоя қила олмаслигини ҳам билади.

Узоқ вақт Хитойни кузатган эксперт айтганидек: "Биз Тайванни тиш-тирноғигача зимдан қуроллантирган ҳолда стратегик мавҳумликни сақлаб туришимиз керак."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002