Қандай қилиб уруш ва сафарбарлик Россияда кадрлар етишмаслигига сабаб бўлди? Янгиликлар

sanoat

Сурат манбаси, ALEKSANDR DEMYANCHUK/TASS

Россияда ишсизлик даражаси тарихий энг паст даражага етди. Ҳозир ваканциялар сони у ерларда ишлаши мумкин бўлганлар сонидан ошиб кетган. Саноат сектори рекорд даражада кадрлар тақчиллигини бошдан кечирмоқда: корхоналарнинг деярли учдан бир қисми ишчи етишмаслигига дуч келмоқда. Россия иқтисодиёти учун кадрлар етишмаслиги жиддий хавфга айланди.

Апрель ойида Россияда ишсизлик даражаси март ойидаги 3,5 фоиздан 3,3 фоизга тушди. Иккала кўрсаткич ҳам тарихий кўрсаткичлардир. Мамлакатда ҳеч қачон бундай паст ишсизлик бўлмаган.

Россия расмийлари буни оптимистик қабул қилишлари мумкин. 21 февраль куни Федерал Мажлисга мурожаатида Владимир Путин ҳукумат "меҳнат бозори пасайишига йўл қўймагани" билан мақтанди - унинг фикрича, бу бозор янада қулайроқ бўлиб қолди. Россия президенти учун бу Россия иқтисодиёти хавф-хатарларни, яъни уруш оқибатларини ва санкцияларни енгиб чиққани тасдиғидир.

Тўғри, кейинроқ Путин қийинчиликлар ҳақида гапирди. Март ойи охирида у алоҳида корхоналар ва ҳудудлардаги муаммоларни, апрелда эса кадрлар етишмовчилигини тилга олди.

Аммо Россия расмийлари учун кадрлар етишмаслиги кўтаринки прогнозлар учун баҳона бўлди, масалан, иш ҳақи рекорд даражада ошиши ҳақида айтилди.

Россияда иш жойини ўзгартирмоқчи бўлганлар ёки иш қидираётганлар учун ҳозир яхши вақт. Кадрлар етишмаслиги манзарасида иш берувчилар иш ҳақини оширишга ёки иш қидирувчиларга кўпроқ таклиф қилишга тайёр. Менежментда ҳам кўплаб бўш иш ўринлари мавжуд: уруш туфайли кўпчилик мамлакатдан чиқиб кетди, уларнинг ўрни эса бўшаб қолган ва бу иш жойида кўтарилиш имкониятидир.

iqtibos

Аммо меҳнат бозоридаги узоқ муддатли тақчиллик Россия иқтисодиёти самарадорлиги ва унумдорлигига путур етказади. Иш берувчилар иш ҳақини одамлар яхши ишлай бошлагани учун эмас, балки ишлайдиган ҳеч ким йўқлиги учун оширади. Кўплаб юқори малакали мутахассислар мамлакатни тарк этган.

Би би си Россияда кадрлар танқислиги қаердан келиб чиққани ва бу иқтисодга қандай таъсир қилишини ўрганди.

Россияда меҳнат бозоридаги танқислик қаердан келди?

ish

Сурат манбаси, KIRILL KUHMAR/TASS

Иқтисодчи Рубен Ениколопов: "Биз ишсизлик даражаси паст вазиятга тушиб қолдик, бу иқтисодиёт жуда тез ўсиб бораётгани учун эмас, балки ишчи кучи қисқараётгани учундир".

Асосий сабаблардан бири Россияда уруш бошланишидан анча олдин бўлган демографик ёриқдир. Меҳнат бозорига 1990 йиллар ва 2000 йиллар бошларида туғилган кам сонли авлод кириб келди.

Иш қидириш ва рекрутерлик хизмати бўлмиш SuperJob президенти Алексей Захаровнинг айтишича, "2008 йилдан бошлаб ҳар йили бозорга ўтган йилга қараганда 100 000 га яқин ёшлар камроқ кирмоқда. Агар ўшанда ёшлар меҳнат бозорида бир ярим миллион нафар бўлган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 700 мингга яқин".

Бошқа муҳим омиллар - ҳарбий сафарбарлик, энг катта эмиграция тўлқини ва Россия бозорида мослашувчанлик йўқлигидир. Охирги омил меҳнат бозори иштирокчилари ўзгаришларга яхши мослаша олмаслиги билан боғлиқ. Иш берувчилар иш ҳақини кечиктириб оширади ёки иш қидираётганлар учун қўшимча бонуслар таклиф қилади. Мамлакатда кадрларни қайта тайёрлаш тизими унчалик ривожланмаган, шунинг учун меҳнат бозори компаниялар талаблари ўзгаришига рисоладагидек жавоб бермайди.

Россиядаги энг йирик ишга ёлловчи хизматлардан бири бўлган HeadHunter'нинг сўнгги шарҳига кўра, май ойида кадрлар етишмаслиги сақланиб қолган. Унинг муаллифлари hh.index динамикасини мунтазам баҳолаб боради - бу фаол резюмелар ўртача сонининг фаол бўш иш ўринлари ўртача сонига нисбатидир. Бу очиқ позиция учун рақобат даражаси қандай ўзгариб бораётганини кўрсатади, деб тушунтиради hh.ru катта таҳлилчиси Александр Ильин.

24 февралдан сўнг hh.index кескин кўтарилди, бу иш берувчилар ўртасида ноаниқликдан далолат беради. Улар шунчаки нима бўлишини билишмасди, шунинг учун улар ишга олишни музлатишга қарор қилишди. Иш изловчилар янги бўш иш ўринларига кўпроқ қизиқиб, ўз резюмеларини янгилашди.

Бу тенденция 2022 йил июнигача давом этди, шундан сўнг у пасая бошлади. 2023 йил май ойи ҳолатига кўра, индекс 2021 йил январидан бери энг паст нуқтага тушди. Бу иш изловчиларнинг етишмаслигидан далолат беради, айни пайтда бўш иш ўринлари сони ўсиб бормоқда.

"Мутлақо барча соҳаларда кадр етишмайди, - дейди SuperJob вакили Захаров. - Бизга шифокорлар, дастурчилар, ўқитувчилар керак - унисига талаб кўпроқ, бунисига камроқ деб айта олмаймиз."

Яқин келажакда вазият қандай бўлишини тасаввур қилиш жуда қийин, дейди Москва давлат университети Иқтисодиёт факультети қошидаги Иқтисодий сиёсатни ўрганиш маркази директори Олег Буклемишев. "Бу жуда кўп ноаниқлик жиҳатлари бўлган кўп қисмли ўйин, - деб тушунтиради у. - Ҳарбий сафарбарлик тадбирлари қанчалик давом этади? Янгиси эълон қилинадими? Давлат ўзини қандай тутади? Бу тадқиқотчилар учун башорат қилиш қийин бўлган жавобсиз саволларнинг фақат баъзиларидир."

Саноатда кадрлар етишмаслиги

Апрель ойида Егор Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти 1996 йилдан бери саноатда кадрлар етишмаслигининг энг юқори даражасини қайд этди. Бизнес сўрови шуни кўрсатдики, саноат корхоналарининг учдан бир қисмида (35%) ишчи етишмайди.

Бу муаммо енгил саноатда айниқса сезилди. Корхоналар малакали ишчиларни тайёрлаш учун ўрта махсус ўқув юртлари йўқлиги ҳақида "шунчаки гапиришади", дейди институтнинг бозор тадқиқотлари лабораторияси раҳбари Сергей Цухло.

"Санкциялар уруши бошланганидан сўнг, бозор тезликда бўшаб қолди, нафақат қиммат, балки Россия енгил саноати ҳам ўрнини эгаллай оладиган оммавий брендлар ҳам ғойиб бўлди, аммо уларни ишлаб чиқарадиган ҳеч ким йўқ", дея иқтисодчидан иқтибос келтиради РБК.

sanoat

Сурат манбаси, ALEKSEY SMYSHLYEV/TASS

Уруш бошида кўплаб иқтисодчилар чет эл бизнеси чиқиб кетиши туфайли оммавий ишсизлик бўлишидан қўрқишди. Аммо, маълум бўлишича, мамлакатни тарк этаётган хорижий компаниялар, қоида тариқасида, ўз активларини сотиб кетишган. Сотиб олганлар эса уларнинг ишини давом эттирган

Кадрлар тақчиллиги Россия саноати учун узоқ вақтдан бери мавжуд муаммо, дейди «Анкор» рекрутинг гуруҳи операциялар бўйича вице-президенти Алексей Миронов.

"Саноат бу қисмда меҳнат бозорига қараганда тезроқ ривожланмоқда, - деб тушунтиради у. - Таълим тизимида талаб даражасида мутахассислар тайёрланмаяпти. Керакли билим, тажриба ва малакага эга одамлар етарли эмас".

Саноат ҳам ҳарбий сафарбарликдан қисман зарар кўрди. Компаниялар Би-би-сига айтишича, ноёб мутахассислар ҳам баъзида ана шу сафарбарликка тушиб қолиши мумкинлигини айтишди. Бундай мутахассисларни тайёрлаш ва уларни алмаштириш қийин.

Сафарбарлик даврида кўплаб компаниялар ўз ходимлари тўғрисида маълумот бериш талаб қилинган хатлар олди. Баъзи ҳолларда корхоналар ишчилари ўз цехларидан олиб кетилган.

Юқори ва ўрта даражадаги мутахассислар учун нима ўзгарди?

Аммо топ-менежерлар бозорида бунинг акси. Хорижий компанияларнинг оммавий чиқиб кетиши меҳнат бозорига топ-менежерлар - Россияни тарк этган бизнеснинг собиқ менежерлари кириб келишига сабаб бўлди.

Бир қарашда, Россия компанияларида ўхшаш лавозимларга ўтиш кузатилмади. Амалиёт шуни кўрсатдики, бу мутахассислар барча ҳолатларда бозорда шаклланган эҳтиёжларни қондиришга қодир эмас, дейди Алексей Миронов.

Муаммо шундаки, Россия компаниялари талаблари халқаро бизнесдаги топ-менежерлар тажрибасига мос келмаслиги мумкин.

"Россияда ўз бизнесини ривожлантираётган Жануби-Шарқий Осиё, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари компанияларида Европа компанияларида тажриба орттирган мутахассисларга талаб ҳар доим ҳам катта эмас. [Ушбу тузилмаларда] топ-менежер кўпинча Осиё бозорлари билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш тажрибасига эга бўлиши керак", деб тушунтиради Миронов.

Миронов бу тенденцияни «синификация» деб атайди. "Одам бой халқаро тажрибага эга бўлиши мумкин, аммо бу Жанубий Корея, Хитой ёки Япония компаниялари томонидан талаб қилинади дегани эмас", дея тушунтиради у тенденциянинг ўзига хос хусусиятларини.

Россия компанияларида мамлакатда бизнесни ривожлантириш бўйича тажрибага эга, яъни халқаро бозорга эмас, балки минтақавий бозорга эътибор қаратадиган мутахассисларга талаб бор.

Ўрта даражадаги мутахассислар учун карьера истиқболлари ўтган йил давомида фақат яхшиланди, деб таъкидлайди Рубен Ениколопов. Бу тенденция тўғридан-тўғри "юқори поғонадаги" одамларнинг чет элга кетиши билан боғлиқ.

Бу ерда вазият "ютуқ ютуқ" каби кўринади: менежерлар етишмаётган иш берувчилар бундан фойдаланиши мумкин. "Аммо кам малакали ходимлар «кўтарилиб» юқори лавозимга қўйилганда бу усул сунъий бўлиб қолмаслиги учун уларни ўқитишга қўшимча инвестициялар керак", дейди у.

Ишчи кучи танқислиги иқтисодиётга қандай таъсир қилади?

Ишсизликнинг пастлиги ва иш ҳақи тез ўсиши, бир томондан, аҳолининг бир қисми учун имкониятлар очади. Бошқа томондан эса ёпади.

Ҳозирда давлат бошқаруви ва ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ саноат тармоқларида - масалан, оптика, электроника ва тайёр металл буюмлар ишлаб чиқаришда иш ҳақи кескин ўсиши кузатилмоқда.

Бу бутун иқтисодиёт дегани эмас, аммо ҳозирги вазиятда ҳам бу инқироздан чиқишга ёрдам беради - истеъмолнинг кўпайиши туфайли, дея тушунтиради Bloomberg Economics'нинг Россия бўйича бош иқтисодчиси Александр Исаков.

Тўғри, компаниялар учун бу фойданинг камайишига сабаб бўлади - бизнес камроқ даромад олади, чунки у ходимларга кўпроқ маблағ сарфлайди, дейди Исаков.

Унинг фикрича, иқтисодда захира бор - 30 ёшгача бўлган одамлар. Март ойида бу гуруҳда ишсизлик даражаси 11% эди.

Ҳозирда иқтисодчилар узоқ муддатли прогнозлар тузишни ва келажакда нима бўлиши ҳақида гапиришни исташмайди. Назарий жиҳатдан, иш ҳақи ошиши, агар у меҳнат унумдорлиги ўсиши билан боғланмаса, иқтисодиёт учун салбийдир: узоқ муддатда бундай иқтисодиёт камроқ рақобатбардош бўлиб қолади, чунки унда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бошқаларига қараганда қимматроқ бўлади.

Рақобатбардошликни йўқотиш эса бошқа мамлакатлардан ривожланишдан орқада қолишдир. Тўғри, бу ерда Россияга бошқа омиллар таъсир қилади, масалан, товарлар ва технологиялар импортини чекловчи санкциялар.

Меҳнат бозори ҳозир таклиф қилаётган иш ҳақи ва карьера имкониятлари ўсиши икки илдизга эга.

"Агар сиз глобал миқёсда қарасангиз, булар авваллари жаҳон иқтисодиётида иштирок этган ва келажакда бошқа мамлакатларга ишлаш учун кўчиб ўтиши мумкин бўлган ёш маълумотли одамлардир, - деб таъкидлайди Рубен Ениколопов. - Энди улар учун Россияда эришиш мумкин бўлган нарса чегараси пасайган. Иқтисодиёт унчалик тез ривожланмаганлиги сабабли, имконият пастроқ. Шунда уларнинг олдида савол туғилади: қолиш ёки кетиш?

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002