Ҳиндистон: Сигир учун мусулмонларни ўлдириш кўпаймоқдами? Янгиликлар, Dunyo

Ҳиндистон шимолидаги Ҳаряна штатидаги Тауру шаҳарчасида январнинг совуқ тонгида автомобил фургонга бориб урилди.
Автомобил ичида уч нафар мусулмон йигит бор эди: Ворис, Нофиз ва Шаукин.
Ворис вафот этди, Нофиз қамоқда. Шаукин эса тунлари мижжа қоқмай алаҳсиб чиқади.
Шаукиннинг айтишича, бир тўда ҳинду уларнинг машинаси юкхонасида сигир бўлгани учун унинг дўстини дўппослашган.

26 ёшли Шаукин бу сигир Нофизники бўлганини айтади. У сигирини қўшни Ражастан штати, Бҳивади туманидан Ҳарянага олиб қайтаётган экан. Шаукин ва Ворис сигир ҳимоячиларига дуч келганларида Нофизга ҳамроҳ бўлиб кетишаётган экан. Бу сигир ҳимоячилари калтак ва турли қуроллар кўтариб юрадиган ҳиндулар бўлиб, сигирларни сўйгани олиб кетаётган автомашиналарни пойлаб юришади. Сигир сўйиш айрим штатларда тақиқланган.

Алоқадор мавзулар:

Полиция Вориснинг баданида жароҳат излари бўлмаганини билдирди.
"Бизга йўл транспорт ҳодисаси ва айрим гау ракшаклар (сигир ҳимоячилари) ҳақида хабар келиб тушди. Ҳодиса жойига етиб борганимизда, уч йигит машина ичида эди. Биз уларни яқин атрофдаги касалхонага олиб бордик. Улардан бири олган жароҳатлари боис йўлда вафот этди", дейди Тауру жойлашган Нуҳ тумани полиция бош инспектори Варун Сингла.
Унинг айтишича, сабзавот олиб кетаётган фургонга ҳам зарар етган. "Ҳайдовчи жароҳат олмаган, аммо йўловчи ўриндиғида бўлган унинг ўғли енгил жароҳатланган."
Полиция Нофиз ва Шаукинни сигир контрабандасида айблаб ҳибсга олган, чунки сигир "автомобил юкхонасида бўлган" дейди Сингла.
Аммо гаров асосида озодликка чиқарилган Шаукиннинг айтишича, уларни сигир ҳимоячилари қувгани сабабли уларнинг машинаси фургонга урилиб кетган.
Би би си Тауруда юз берган тўқнашувнинг кузатув камераларига тушган видеосини кўрди. Унда ҳодиса рўй бергандан сўнг тепасида сиренаси бўлган машина яқинлашаётганини кўриш мумкин.
Ўша жойда бўлган маҳаллий турғун томонидан олинган видеода эса афтидан қуролланган гуруҳ сигирни юкхонадан чиқариб олиб, сўнг уч йигитни ана ўша машинага боғлаётганини кўриш мумкин.

Шаукиннинг айтишича, у ва унинг ҳамроҳлари ўша ерда калтакланган ва айни ўша калтаклаганлар уларни касалхонага олиб борган. Ворис эса йўлда вафот этган.
"Ворис автомобил урилганда ўлгани йўқ, бунда ҳеч қандай жароҳат олмадик", дейди у. Ва бу мусулмонларга қарши "режалаштирилган қотиллик" бўлганини қўшимча қилади.
Сигир Ҳиндистон аҳолисининг аксариятини ташкил қиладиган миллионлаб ҳиндулар топинадиган жонзотдир. Сигир сўйиш аллақачон нозик масалага айланган ва айрим штатларда тақиқланган бўлса ҳам, ҳозирги Бош вазир Нарендра Моди ва унинг Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) 2014 йили ҳокимиятга келгач, янада қизғин баҳс мавзусига айланган.
БЖП бошқарадиган штатлар ҳукуматлари сигир сўйишга қарши чоралар кўра бошлаган. Мол гўшти сотиш ва истеъмол қилиш Ҳиндистоннинг 28 штатининг учдан икки қисмида тақиқланган. Бу штатларнинг аксариятини БЖП партияси бошқаради, шу жумладан, Ҳарянани ҳам. Сигир ҳимоячилари ана шу тақиқларни зўравонлик билан жорий қилишда айблаб келинади. Натижада асосан мусулмон қассоблар ва мол савдогарлари ҳужумларга учрайди, баъзида оломон қилинади.
Жаноб Моди бу гуруҳларни аввал танқид қилган, аммо шундан кейин ҳам бир қанча шундай шов-шувли ҳужумлар бўлган.
Вориснинг Нуҳдаги уйида унинг оиласи ҳамон даҳшатдан ўзига кела олмаяпти.
"Кимдир жиноят содир этса, полиция уни жазолаши керак", дейди Вориснинг акаси Имрон.
У нима учун бу гуруҳларга штатда "қонун ижросини таъминлаш ҳуқуқи бериб қўйилгани" ҳақида сўрайди.

Аммо Ҳаряна штати полицияси бош инспектори Рави Кираннинг Би би сига айтишича, тиббий экспертиза Ворис автоҳалокатда олган жароҳатдан ўлганини тасдиқлаган. У агар яна қўшимча маълумотлар бўлса, полиция ишни яна тергов қилишини қўшимча қилди.
Шаукиннинг даъво қилишича, Мону Манесар машҳур сигир ҳимоячиси бўлиб, чорва молларини ташувчиларни сўроқ қилгани акс этган видеоларни тармоққа жойлайди. У уларга ҳужум қилган гуруҳ етакчиси бўлган. Ўша куни Манесар Ворис ва унинг дўстларини сўроқ қилгани акс этган видеони жонли узатган. Ҳозир Манесарнинг Facebook профилидан ўчирилган ўша видеода мусулмон йигитларнинг юзларидаги жароҳатларни кўриш мумкин.
"Мону шерикларига "урларинг" деди ва улар ура бошлашди. Буларнинг бари Монунинг кўрсатмаси билан бўлди", дейди Шаукин.
Би би си Манесар билан боғлана олмади. У ҳозир бошқа бир сигир ҳимоячилиги иши бўйича полиция томонидан қидирилмоқда. Аммо январ ойида Би би си билан интервьюда у Вориснинг ўлимига алоқаси борлигини рад қилган эди.
Унинг даъво қилишича, унинг гуруҳига машинада сигир олиб кетишаётганини хабар қилишган, аммо ўша жойга борганларида машина жуфтакни ростлаган.
"Мен транспорт ҳодисаси бўлган жойга 35 дақиқа кейин етиб бордим. У ерда иккита полиция машинаси турганди. Машинадаги одамлар енгил жароҳатланганди. Мен одамларга уларга сув беришни айтдим. Полиция кейин уларни касалхонага олиб кетди", дейди у, Вориснинг ўлими ҳақида кейинроқ эшитганини қўшимча қилиб.

Имроннинг даъвосича, унинг укаси ўлимига сигир ҳимоячиларининг ҳужуми сабаб бўлган.
У Вориснинг ўлимини бошқа бир шов-шувли ишга боғлайди. Унда бир неча ҳафта кейин икки мусулмон эркак Жунайд ва Носир ўлдирилган эди.
Феврал ойида Бҳивани туманида ёнган машина ичидан куйиб кетган Жунайд ва Носирнинг жасадлари топилган эди. Уларнинг қариндошлари айтишича, улар муросасиз ҳинду гуруҳлари томонидан ўлдирилган. Медиа хабарларига кўра, бу гуруҳлар уларни аввал чорва контрабандасида айблаган экан. Беш эркак, шу жумладан, Манесар ҳам полиция баёнотида тилга олинган, аммо улардан учтаси ҳибсга олинган.
Би би си мухбири Жунайд ва Носирнинг Ражастан штати Бҳаратпур шаҳридаги уйига борди.
"Унинг жасадини қопда олиб келишди. У кулга айланганди. Бир уюм кул ва бир нечта суякдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди", дейди Жунайднинг хотини Сожида кўзларига ёш олиб.
У етим қолган олти фарзандини қандай қилиб ёлғиз катта қилишни ўйлаб хавотирга тушяпти.
Уларнинг ўлими Бҳаратпурда мусулмонларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлди. Уларнинг айтишича, сигирни ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунлар уларни нишонга олиш учун қўлланган.
"Ҳамма қўрқяпти. Улар исталган вақт сизга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Улар исталган одамга ҳужум қилиши, олиб кетиши, калтаклаши, сигир контрабандасидан тортиб, машинада ташишгача айблашлари мумкин", дейди Носирнинг акаси Маҳмур.

Ҳаряна штатининг Манесар шаҳрида ўзини сигир ҳимоячиси сифатида кўрувчи бир гуруҳ эркаклар ин қурган.
Би-би-си уларнинг полиция билан ҳамкорлик қилиши ва қонун доирасида ҳаракат қилишини даъво қилган кўпчилиги билан суҳбатлашди. Улардан баъзиларининг айтишича, улар ҳам баъзан патруль пайтида ҳужумга учраган.
"Агар бозорда бир аёл бўлсаю, кимдир унга тегажоқлик қилаётганини кўрсак, полицияни кутишимиз керакми?" деб сўрайди Монесардан олдин маҳаллий сигир ҳимоячиси гуруҳи раҳбари бўлган Дҳарминдер Ядав.
Ядав мусулмонлар нишонга олинаётгани ҳақидаги айбловларни рад этади. "Бизнинг қонунларимиз сигирларни ҳимоя қилишимиз кераклигини айтади. Қонунимиз нима деса, биз унга амал қилишимиз керак. Бизнинг душманимиз фақат мусулмонлар эмас, сигир контрабандачиларидир", дейди у.
Шаувкин уйидан кўчага чиқишга қўрқиб қолганини айтади.
"Ворис ўлди ва мени ҳам унга ўхшаб ўлдиришларини хоҳламайман".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













