Дунё. Янгиликлар: Эрон нега бунча кўп аёлни дорга тортмоқда? Eron Islom Dunyo Yangiliklar

Qatl etilgan ayollar

Сурат манбаси, Abdorrahman Boroumand Center

Сурат тагсўзи, Бу олти аёл аср бошидан бери қатл этилган 200 дан ортиқ аёл қаторига киради
    • Author, Сваминатан Натаражан
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Халқаро Амнистияга кўра, дунёдаги ҳеч бир давлат Эрончалик аёлларни ўлимга кўп ҳукм қилмаган. Эрондаги тизим сексистми?

Алоқадор мавзулар:

Нега Эронда бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ аёл қатл этилади?

Эрон мунтазам равишда энг кўп ўлим жазосига ҳукм қилувчи бешта давлат қаторидан жой олиб келади, аммо Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, ҳеч бир давлат Ислом Республикасидан кўра кўпроқ аёлларни ўлимга ҳукм қилмаган. Би-би-си Эрон ва ундан ташқаридаги ҳуқуқ фаоллари билан нима учун мамлакатда аёллар қатл этилаётгани ҳақида суҳбатлашди.

Dorga tortishga hozirlik ko'rayotgan mulozimlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фаоллар Эронни қатлларнинг ҳақиқий сонини яширганликда айбламоқда

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эронда қатор қатллар амалга оширилишини айтади. Биргина июль ойининг сўнгги ҳафтасида 32 киши, жумладан, эрини ўлдиргани учун учта аёл дорга осилган.

"[Эронда] қотиллик учун қамоқ муддати йўқ. Ё кечирасиз, ё қатл қиласиз", дейди АҚШда жойлашган Эрондаги "Abdorrahman Boroumand Center" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Роя Боруманд.

Халқаро Амнистия ташкилотининг йиллик маълумотларига кўра, бошқа мамлакатларда Эрондан кўра кўпроқ одам қатл этилган бўлса‑да, бошқа ҳеч бир жойда кўпроқ аёл қатл қилинмаган.

Хўш, нега Эрон аёлларни қатл қилмоқда?

Abdorrahman Boroumand Center маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада қатл этилган уч аёлдан ташқари, йилнинг биринчи олти ойида яна олти нафари қатл этилган.

Тўғри, мамлакатда қатл этилганларнинг аксариятини эркаклар ташкил этади, аммо бу тўққиз нафар аёл ўсиб бораётган сонни янада кўпайтиради.

"2000 йилдан 2022 йилгача биз камида 233 аёлнинг қатл этилганини қайд этдик", дейди Боруманд Би‑би‑сига.

"106 аёл қотиллик учун, 96 нафари эса гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун қатл этилган", дея қўшимча қилади у.

Никоҳдан ташқари жинсий алоқа учун ўлдирилганлар сони камроқ бўлган деб ишонилади.

Боруманднинг айтишича, бу ишларнинг атиги 15 фоизи расман эълон қилинган, қолганларини биз сиёсий маҳбуслар ёки расмийларнинг рухсатисиз тафсилотларни ошкор қилган амалдорлардан биламиз.

Қатл этилганлар сонининг кўплиги қисман мослашувчанликнинг йўқлиги билан боғлиқ, дейди Боруманд: мамлакат ҳуқуқ тизимига кўра, давлат қотиллик учун ўлим жазосини ўзгартира олмайди - авф этиш ҳақидаги қарор қурбоннинг оиласига қолдирилади.

Ёрдам йўқ

Эронлик фаол Афина Дайми ўтган ҳафта ўз турмуш ўртоғини ўлдиргани учун қатл этилган аёллардан бири, 40 ёшли афғон Санубар Жалолий учун сўнгги дақиқада муҳлат сўраган.

2007 yilda o;ldirilgan Abdullohning qotili

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Камдан-кам ҳолларда ўлдирилган боланинг ота-онаси қотилни дорга тортилишидан аввал афв этишади

Дайми Жалолийнинг эри оиласи билан кечириш ҳақида музокара олиб боришга умид қилганди.

"Биз қотиллик қурбонининг оиласини топишга ҳаракат қилдик, улардан илтимос қилишни ўйлагандик, аммо қамоқхона раҳбарияти ёрдам бермади. Улар унга давлат томонидан тайинланган адвокатнинг телефон рақамини беришди, лекин у бизнинг илтимосларимизга эътибор бермади", дейди Даэми Би‑би‑сига.

"Қамоқхона маъмурлари баъзан оилага қон пулини қабул қилишга ва кечиришга ёрдам беради, лекин ҳар доим ҳам эмас."

Аммо Боруманд айрим муваффақиятларни санайди - бошқа фаоллар билан ҳамкорлик қилиб, у икки кишини қатлдан ва яна саккиз кишини тана аъзоси кесилишидан қутқарганини айтади.

Жалолий билан бир кунда осилган яна икки аёлдан бири 15 ёшида турмушга чиқарилган келин эди. Учинчи аёл эрини ўлдиргани учун беш йилдан кўпроқ вақт олдин ҳибсга олинган.

Заиф ҳимоя

Дайми активистлиги учун етти йилни қамоқда ўтказган. Унинг айтишича, аёллар қамоқхоналарида оддий қулайликлар ҳам йўқ, маҳбуслар баъзан калтакланади.

Atena Daemi

Сурат манбаси, Atena Daemi

Сурат тагсўзи, Атена Даймининг айтишича, суд тизимидаги гендер тарафкашлик қотилликда айбланган аёлнинг оқланишини қийинлаштиради

Унинг сўзларига кўра, суд жараёни ҳам кўпинча аёлларга қарши бўлади, чунки фақат эркаклар судья бўлиши мумкин, аксарият адвокатлар ҳам эркаклардир.

Эрон судлари ҳимоячи билан таъминлаши керак, аммо Даймининг айтишича, улар етарли ҳуқуқий ёрдам кўрсатмайди, чунки "тайинланган бу адвокатларнинг аксарияти собиқ судья ёки прокурорлардир".

"Қотиллик ишларида айбсизлигингизни исботлаш осон эмас. Бундай ҳолларда айбланувчиларнинг сўзларидан кўра жабрланувчининг оила аъзоларининг сўзлари эътиборга олинади", дейди Дайми.

Сексист тизим

Ҳозир Норвегияда яшовчи эронлик журналист Осиё Аминий аёлларнинг ўлимга ҳукм қилинган ҳолатларини диққат билан кузатиб боради. Унинг айтишича, муаммонинг асл сабаби ҳуқуқий тизимнинг ўзида.

Evin qamoqxonasidagi eronlik mahkumalar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўп оилалар қамоқдаги аёл яқинлари билан алоқаларини узади, дейди фаоллар

"Қонунга кўра, ота ва бобо оила бошлиғи бўлиб, ўз қизларининг тақдирини, шу жумладан, турмуш қуришини ҳам ҳал қилиши мумкин", дейди Аминий Би‑би‑сига.

Демак, турмушга чиқишга мажбур бўлган қизлар жиддий муаммоларга, жумладан, оиладаги зўравонликка дуч келишлари мумкин ва Эрон судларида ажрашиш деярли имконсиз бўлади, дея қўшимча қилади у.

Ўлимга маҳкум бўлган аёллар кўпинча ҳатто ота-оналарининг ёрдамини ҳам йўқотади, чунки улар "оила шарафи" деб ҳисоблайдиган нарсаларни ҳимоя қилишни хоҳлаши мумкин.

"Бу шароитда баъзи аёллар абадий зўравонлик қурбони бўлиб қолишади", дейди Аминий.

Бошқалар эса эрларини ўлдиришни ўйлайди.

"Ушбу аёлларнинг баъзилари қотилликни ўзлари содир этганини ёки уларга кимдир ёрдам берганини тан олди. Аммо уларнинг деярли барчаси зўравонликларга дучор бўлганида уларни ҳимоя қилганларида, қотилликка қўл урмаган бўлардим, деб таъкидладилар", дейди у.

Вояга этмаганларнинг қатл этилиши

Asieh Amini

Сурат манбаси, Javad Montazeri

Сурат тагсўзи, Осиё Аминий Эронда аёлларнинг қатл этилишида диний қонунлар ва патриархал жамиятни айблайди

Судлар баъзи аёлларга қандай муносабатда бўлишига мисол сифатида Аминий бир неча эркаклар томонидан жинсий зўравонликка учраган 16 ёшли Отифа Саҳалийнинг ишини келтиради.

Ўсмир қиз учун адолат излаш ўрнига, 2004 йилда судьялар унинг никоҳдан ташқари алоқалари бор, деган қарорга келишди.

"У эркаклар билан жинсий алоқада бўлганини тан олгани учун ўлимга ҳукм қилинди, лекин аслида у зўрланган", дейди Аминий.

Унинг тушунтиришича, Эрон Исломий Жиноят кодексига кўра, турмуш қурмаган киши никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлганини тан олса, у 100 дарра урилади. Ва агар бу ҳаракат уч марта такрорланса, тўртинчи марта улар ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.

"Отифанинг ишида, ҳатто бу ғайриинсоний қонун ҳам қўлланилмади, чунки мен судья уни қатл этиш кераклиги тўғрисида қарор чиқаргунга қадар у фақат икки марта 100 дарра олганини аниқладим", дейди Амини.

"Тўртинчи марта Ҳожи Ризоий исмли бу қози Отифанинг бўйнига арқон ташлади."

Қасос олиш иштиёқи шу билан тугамайди. Ўлим жазосига қарши курашчи Наргес Муҳаммадий стриминг платформасига видео жойлаштирди, унда эрини ўлдирганликда айбланган аёлнинг ўғли онасининг оёғи остидаги стулни тепиб юборгани тасвирланган.

Evin qamoqxonasidagi eronlik mahkumalar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Атена Даймининг айтишича, аёллар қамоқхоналарида кўпинча оддий шарт-шароитнинг ўзи йўқ

Муҳаммадийнинг фикрича, ўлдирилган эрнинг оиласи унинг ўғли ва қариндошларига "оила шаъни"ни тиклаш учун катта босим ўтказган.

Қўрқитиш воситаси

Аминий қонун, суд ва урф-одатлардаги бу камситиш "бу аёлларни боши берк кўчага олиб кириб қўйгани, уларни жиноятчи ёки жабрланувчига айлантиришда муҳим роль ўйнашидан" афсусда, аммо у қатлларга қарши нима қилишни билмайди.

"Мен бу ишларни қамоқдан турмагача кузатган йилларимда, бундай шафқатсиз жазодан Эрон ҳукуматига қанчалик фойда олишини тушунмагандим", дейди у.

Бироқ, Боруманднинг ўз фарази бор.

Namoyishlar chog'ida olingan surat

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Четда Эроннинг ўлим жазосини қўллашига қарши кўплаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Ҳозирда Эрон қамоқхоналари сиёсий маҳбуслар ва гиёҳвандлар билан тўлиб-тошган ва унинг фикрича, қамоқхоналар юкини камайтириш мақсадида расмийлар ўлдирилганларнинг яқинларига босим ўтказиб, уларнинг қарорини тезлаштириш - авф этиш ёки ўлимни талаб қилмоқда.

Боруманд бунинг натижасида яна кўплар дорга юборилишидан қўрқади.

У, шунингдек, расмийларнинг ҳаддан ташқари жазо учун яширин ниятлари бор деб гумон қилмоқда.

"Яқинда Теҳронда бир эркакнинг қўли кесилди. Улар кесиш учун бошқа шаҳарлардан маҳбусларни олиб келишади", дейди у.

"Улар буни эълон қилмайдилар, лекин шундай қилишадики, жазо ҳақидаги маълумотлар кенгроқ жамиятга тарқалиб, фаоллар орасида қўрқув уйғотади."

Эрон ҳукумати Би‑би‑сининг изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермади, бироқ Эрон адлия органлари аввалроқ қатлларнинг қонуний эканлигини ва Эроннинг халқаро мажбуриятларини (имзоланган шартномаларни) бузмаслигини айтган эди. Эрон ҳукумати қийноқлар ва мажбурий иқрорлар ҳақидаги хабарларни бир неча бор рад этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek