Қиролича Елизавета II оламдан ўтди - Букингем саройи Britaniya Dunyo Yangiliklar

Қиролича

Қиролича Елизавета II, Бирлашган Қиролликни энг узоқ муддат бошқарган ҳукмдор 96 ёшида Балморалда оламдан ўтди. У 70 йил тахтда ўтирган.

Қироличанинг саломатлиги борасида хавотирлар ошиши ортидан унинг оила аъзолари пайшанба куни Шотландиядаги мулкида тўплана бошлашганди.

Қиролича ўз фаолияти мобайнида улкан ижтимоий ўзгаришларга гувоҳ бўлган.

У оламдан ўтаркан, тўнғич ўғли Чарльз янги Қирол ва Ҳамдўстликдаги 14 ҳудуд давлат раҳбари сифатида мотам маросимларига бош-қош бўлади.

Infografika

"Қиролича бугун тушдан сўнг Балморалда тинч оламдан ўтган" - дейилади Букингем саройи баёнотида.

Янги Қирол Чарльз ва рафиқаси, энди Қиролича-Консорт Камилла бу оқшом Балморалда қолиб, эрта Лондонга қайтишлари айтилади.

Қироличанинг барча фарзандлари Абердин яқинидаги Балморалга боришган. Олдинроқ шифокорлар Қироличани тиббий назорат остига олишганди.

Унинг набираси Шаҳзода Уильям ҳам ўша ерда. Укаси Шаҳзода Ҳарри ҳам у ерга йўл солган.

Қиролича Елизавета Иккинчининг давлат раҳбари сифатидаги даври урушдан кейинги тежамкорлик палласини, империянинг Ҳамдўстликка айланишини, Совуқ Урушни ва Британиянинг Европа Иттифоқига қўшилиб, ундан чиқиши каби воқеаларни ўз ичига олади.

Унинг бошқаруви мобайнида мамлакатда 15 марта Бош вазир ўзгарди.

Бош вазирлар рўйхати 1874 йилда туғилган Уинстон Черчиллдан бошланиб, ундан 101 йил кейин, 1975 йили дунёга келган Лиз Трасс билан тугайди.

У ўз бошқаруви давомида Бош вазирлар билан ҳафталик учрашувларни ўтказган.

Сарой олдидаги одамлар.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Букингем саройига ошиққан одамлар.
Расмий билдирув

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қиролича Балморалда тинч оламдан ўтгани ҳақидаги билдирувномалар.

Лондондаги Букингем саройи олдида тўпланган одамлар эса Қироличанинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни эшитиб, йиғлай бошлашган.

Қиролича вафоти эълон қилинаркан, байроқлар туширилган.

Ҳали ўтган сешанба куни Қиролича тайинлаган Бош вазир Лиз Трасс уни "бизга барқарорлик ва зарур куч-қувват бағишлаган" деб таърифлаганди.

Қирол Чарльз

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Қироллик тожини Чарльз кияди.

Қиролича ўрнида тахтга ўтирадиган ўғли энди Ҳазрати Олийлари Қирол Чарльз III, дея аталади.

Қиролича Елизавета 1926 йилнинг 21 апрель куни Лондоннинг Мэйфер мавзесида таваллуд топган ва тўлиқ исми Александра Мэри Виндзор эди.

Унинг тахтга ўтиришини кўпчилик кутмаган. Аммо 1936 йил декабрида унинг амакиси Эдвард VIII икки марта эридан ажрашган америкалик аёл Уоллис Симпсонга уйланиш учун тахтдан воз кечади.

Бўлажак Қироличанинг отаси Қирол Жорж VI бўлади ва оиласидагилар Лилибет, деб чақирадиган 10 яшар Елизавета тахт ворисига айланади.

Чақалоқ Қиролича ота-онаси билан

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Қироличанинг чақалоқлиги

Орадан уч йил ўтиб, Британия нацистлар Германияси билан урушга киришади.

Елизавета ва унинг синглиси Малика Маргарэт аксар вақтларини Виндзор Қалъасида ўтказишади. Чунки ота-оналари уларни Канадага кўчириш таклифини рад этишади.

Елизавета 18 ёшга тўлгач, Ёрдамчи Ҳудудий Хизматда беш ой ишлайди ва механиклик сирлари ҳамда машина бошқаришни ўрганади.

"Мен қийинчиликлар қаршисида жанговор руҳ кучайишини тушуна бошладим" - деган эди у.

Уруш давомида у Қироллик денгиз кучларида хизмат қилаётган қариндоши, Греция Шаҳзодаси Филип билан хат ёзишади.

Уларнинг севгиси алангаланади.

Икковлон 1947 йилнинг 20 ноябрида Вестминстер Аббатлигида оила қуришади. Шаҳзодага Эдинбург Герцоги рутбаси берилади.

Улар 74 йил бирга ҳаёт кечиришади ва Шаҳзода Филип 2021 йили 99 ёшида вафот этади.

Қиролича уни ўз "куч-қуввати", дея атаганди.

Шаҳзода Филип ва Қиролича Елизавета

Сурат манбаси, TIM GRAHAM/PA

Уларнинг тўнғич ўғли Чарльз 1948 йили дунёга келади, 1950 йилда Малика Анна туғилади.

Шаҳзода Эндрью 1960 йили ва Шаҳзода Эдвард 1964 йилда таваллуд топишади.

Қироличанинг 8 нафар набираси ва 12 нафар чевараси бор.

Қиролича Елизавета 1952 йили Қирол отаси номидан Кенияга борганда, Филип унга отаси вафот этганини айтади. У ўша заҳоти янги Қиролича сифатида Лондонга қайтади.

27 яшар Елизавета 1953 йил 2 июнь куни Вестминстер Аббатлигида тахтга чиққанди.

Унинг тахтга ўтириш маросимини 20 миллиондан кўпроқ одам телевизордан томоша қилган.

Кейинчалик, ташқарида Британия империяси тугатилади, ичкарида эса 60-йилларнинг ўзгаришлари кўплаб ижтимоий меъёрларни ўзгартириб юборади.

Елизавета одамлар билан бирга юриб, қироллик сафарларида бўлиб ва жамоат тадбирларида қатнашиб монархияни ислоҳ қилади.

У Ҳамдўстликка ҳар доим катта эътибор қаратган. Қиролича Ҳамдўстликдаги барча мамлакатга ҳеч бўлмаганда бир марта борган.

Аммо баъзан ҳаётида оғрлиқли паллалар ҳам кечди.

1992 йили ёмон келади: Виндзор Қалъасини ёнғин қамраб олади, уч фарзандининг оиласи бузилади.

1997 йили Малика Диана ўлими ортидан эса жамоатчилик олдидга истар-истамас чиқди, дея Қиролича танқидларга ҳам тутилади.

Замонавий дунёда монархия керакми, деган саволлар янграй бошлайди.

"Ҳеч бир муассаса... унга садоқат кўрсатган ва қўллаб-қувватлаганларнинг назоратидан ҳоли бўлмаслиги керак, бундай қилмаганларни айтмаса ҳам бўлади" - деган эди у.

21 ёшида экан, малика Елизавета умрини хизматга бахшида этишга аҳд қилади.

1977 йилги Кумуш юбилейи чоғида ўшанда берган аҳдини қайта хотирлайди.

"Бу аҳди қарор чиқаришга ҳали ёш бўлган кунларида берилганига қарамай, бундан афсусда эмаслиги ва ундан ҳеч қачон қайтмаслиги"ни таъкидлайди.

Орадан 45 йил ўтиб, шу йил июнь ойида бўлиб ўтган Платина юбилейида миллатга йўллаган миннатдорчилик мактубида ҳам у ўзининг айни аҳдига содиқ эканини тилга олади.

Юбилей учун ташкиллаштирилган давлат миқёсидаги маросимлар британияликларнинг ранг-баранг фестиваллари ва кўча зиёфатларига уланиб кетади.

Саломатлиги боис айрим тадбирларда шахсан иштирок эта олмаса-да, Қиролича "қалбан ҳамма билан бирга экани"ни айтади.

Савдо марказида тўпланган одамлар уни олқишларга кўмиб ташлашади, бунинг ортидан Қиролича якуний маросимни томоша қилиш учун ўз оиласининг уч авлоди вакиллари билан бирга Букингем саройи айвонида кўриниш беради.

Қирол Чарльз эса, 73 ёшида энди Ҳамдўстлик давлатларига ҳам бошчилик қилади.

Ҳозир у ва рафиқаси, синглиси малика Анна, шаҳзода укалари Эндрю ва Эдвард билан бирга Балморалда.

Эдварднинг аёли Софи, шаҳзода Уильям ва Гаррилар ҳам улар билан бирга.

Болалари Жорж, Шарлотта ва Луининг янги мактабларидаги илк тўлиқ таҳсил куни бўлгани боис, Уильямнинг рафиқаси Кэтрин Виндзорда қолган.

Қироллик оиласи энди мотам тутишни бошлайди.

Расмий учрашувлар бекор қилинади, қироллик қароргоҳлари, ҳукумат бинолари, мамлакат Қуролли кучлари ва Британиянинг четдаги ваколатхоналарида Иттифоқ байроқлари ярмига қадар туширилади.

Хорижий давлат лидерлари эса, Қироличага ўз ҳурматларини бажо келтиришни бошлашган.

АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрь терактларидан сўнгги "қора кунлари"да унинг ўзлари билан бирдам бўлгани ёдга олган.

Президент Эммануэль Макрон уни "меҳрибон Қиролича" ва "Франциянинг дўсти", деб атаган.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо эса, Қиролича канадаликлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган инсон экани ва дунёдаги ўзи учун "энг суюкли одамлардан бири" бўлганини айтган.

Эслатма: Ушбу хабар янгиланади.