Россия: Америка ракеталари уруш оловига ёғ пуркамоқда - Видео Ukraina Rossiya AQSh

Сурат манбаси, Getty Images
Россия АҚШни Украина урушини чўзишга интилаётганликда айблади.
Бунга АҚШнинг Украинага янги узоқ масофага мўлжалланган ракета тизимларини бериш қарори сабаб бўлди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, АҚШ атайин оловга ёғ қуйяпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ушбу ёрдамлар Украина раҳбариятининг сулҳ музокараларини қайта тиклаш истагига ёрдам бермайди", деган Песков.
Айни вақтда Германия ҳукумати Украинага ҳаво мудофааси тизимини юборишга ваъда берган.
Узоқ масофага мўлжалланган ракеталар Украина қўшинларига узоқ масофадаги душманни аниқлик билан уриш имкониятини беради.
Бошида АҚШ бу каби ўт очиш тизимларини Украинага беришдан чўчиди, Украина бу ракеталар билан Россия ҳудудини нишонга олишидан хавотирланди.
Бироқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Украина Америкадан олган ракеталари билан Россия ҳудудига ҳужум қилмаслигига Вашингтонни ишонтирган.
Орада АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Колин Калдан Россия ҳудуди деб қайси ҳудудларни тушуниш кераклиги ҳақида сўрашди.
Россия Қримни ўзининг ҳудуди деб ҳисоблайди.
Бироқ дунёнинг аксар мамлакатлари, шу жумладан, АҚШ ҳам Қримни Украинанинг ҳудуди деб билади.
Шунингдек, ўзларини Донецк Халқ республикаси, Луганск Халқ республикаси деб эълон қилган ҳудудларни Украина ўзининг вилоятлари деб кўради.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Мудофаа вазири Колин Кал жавоби шундай бўлди: "Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилаяпти. Шу маънода бу ҳудудларда амалга оширилаётган ҳаракатлар мудофаа ҳаракатлари деб кўрилади. Расмий ишонтириш(Киев томонидан) шундай бўлдики, бу ракета тизимлари Россия ҳудудидаги нишонларга нисбатан ишлатилмайди". Бошқача айтганда, Украина халқаро тан олинган ўзининг ҳудудларига нисбатан HIMARS ракета тизимларини ишга солишига Вашингтон табиий қарайди.
Президент Жо Байден сўзларига кўра, бу қуроллар Киевнинг Россия билан музокараларда мавқеъини оширади ва можарони дипломатик йўл билан ҳал этишга ундайдиган омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
АҚШ расмийлари Украинага тақдим этиладиган қуроллар орасида тўртта М142 HIMARS(High Mobility Artillery Rocket Systems) бирваракайига ўт очиш тизими бор.
HIMARS бир вақтнинг ўзида бир неча ракетани 70 километр узоқликдаги нишонга қарши ота олади. Бу ҳозир Украина ихтиёридаги ракета тизимларидан анча узоқ.
Шунингдек, бу тизим нишонни Россия ракета тизимларига нисбатан анча аниқ олади.
Сўнгги ракеталар Украинага берилаётган навбатдаги $700 миллионлик ёрдам пакети ичида бўлади.
Бу АҚШнинг Россия босқини бошланганидан буён Украинага бераётган 11-ёрдам пакети бўлиб, унда, шунингдек, вертолётлар, аксилтанк қуроллари, тактик автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар борлиги хабар қилинди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














