Россия Украина шарқида қандай уруш қилмоқчи?

- Author, Дэвид Бровн
- Role, BBC News
Украинадаги можаро мамлакатнинг шарқий қисмига кўчмоқда, у ерда Украина кучлари жанговар ва яхши тайёргарлик кўргани айтилади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Украинанинг энг яхши бўлинмалари шарқда бўлиб, улар хандаклар ва бошқа мустаҳкамланган позицияларни эгаллаган.
Ҳозирча Украина кучлари Россиянинг олға силжишига кучли қаршилик кўрсатиб келмоқда, бироқ аста олға силжиётган Россия кучлари сони уларникидан анча кўп бўлиши мумкин.
Асосий жанглар қаерда бўлади?
Россия расмийлари ҳозирда ўз кучлари Луганск ва Донецк вилоятларини назарда тутган ҳолда, Украинанинг шарқий қисми Донбассни "тўлиқ озод қилиш"га йўналтирилганини айтмоқда.
Шарқдаги релъеф ҳужум пайтида руслар учун катта муаммоларни келтириб чиқаради.
Мамлакат шимолидагига қараганда ўрмон кам бўлган очиқ майдонлар Украина ҳимоячилари фойдасига хизмат қилиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, Словянск учун жанг урушнинг навбатдаги асосий жанги бўлиши мумкин.
Агар Изюмдан келаётган Россия кучлари шаҳарни эгаллаб олса, улар Украина қўшинларининг нисбатан кичик гуруҳини ўраб олиш учун шарққа - Северодонецк томон ҳаракатланиши ёки каттароқ Украина контингентини ўраб олиш учун жанубга бориши мумкин.
Мариупол руслар қўлига ўтса, шимолдан Донецк ғарбидаги ҳудудга қўшимча кучлар ҳам келиши мумкин.
Украиналиклар қандай тайёргарлик кўрмоқда?
Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти бригада генерали Бен Баррининг (истеъфода) айтишича, Украина қўшинлари ўз мудофаасини тайёрлаш учун йиллар керак бўлган ва Россия кучлари уларни сиқиб чиқариш учун қаттиқ курашиши керак.
"Украина томони нафақат Биринчи жаҳон уруши услубидаги хандақларга эга, балки мустаҳкамланган асосий шаҳар ва қишлоқлар ҳам уларни ҳимоя қилади", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Унга кўра, Украина зирҳли машиналари ва бошқа ҳимоя воситалари тупроқли тепалик ва тўсиқлар ортига жойлаштирилган.
Шарқдаги кўплаб Украина қўшинлари 2014 йилдаги можародан бери россиялик бўлгинчиларни ушлаб туришда тажрибага эга.
Агар Украина ҳарбий қўмондонлиги Россия шимолдан чиқиб кетганидан кейин Киевни ҳимоя қилиш учун зарур бўлмаган бўлинмаларни қайта жойлаштирса, уларнинг сони ҳам ошиши мумкин.
Россия қандай ҳужум қилади?
Бригада генерали Баррининг айтишича, Россия қурқлик орқали илгари силжишдан аввал Украинанинг кучли мудофаасини бузиш учун ҳаводан оғир артиллериядан фойдаланиши мумкин.
Артиллерия - одатий қуроллардан кўра узоқроқ масофага зарба бериш учун мўлжалланган йирик қуроллардир.
Украина қўшинларига пиёда қўшинлар билан оғир артиллерия ёрдамисиз ҳужум қилиш руслар учун катта йўқотишларга олиб келади ва мағлубиятга учрашлари хавфини сезиларли оширади.
Россия фойдаланиши мумкин бўлган қурол тури кўп. Хусусан, Россия устун бўлган ўзиюрар артиллерия "жуда муҳим омил" бўлади, дейди бригада генерали Барри.

Ўзиюрар артиллерия танк кўринишига эга, лекин тўғридан-тўғри нишонга ўқ узмайди, балки ўқни юқорига отади, ўқ бориб нишон устига тушади.
У бошқа қуроллардан кўра кўпроқ ҳимояланган ва душман мудофаасини ёриб ўтганда тезда олдинга силжиши мумкин.
Бироқ олдинга силжиш учун бундай имкониятлар камдан-кам бўлади, чунки кўплаб ҳудудларда олдинги чизиқлар ярим мустаҳкамланган ҳолда бўлади.
Бригада генерали Барри: "Бу жуда қонли ва давомли бўлиши мумкин", дейди.
Украина позицияларини узоқдан бомбалаш қилиш учун Россияда бир нечта ракета тизимлари мавжуд ва улар кенг қўлланилиши мумкин.

«Град»лар 40 та ракетага эга бўлиб, улар 20 сония ичида учирилиши мумкин ва Харков, Мариупол ва бошқа шаҳарлардаги турар-жойларни вайроналарга айлантириб, айрим ҳудудларда тинч аҳолига ҳалокатли зарар етказишга улгурган.
Термобарик қуроллар Украинанинг айрим ҳудудларида, жумладан, Донецкдаги Мариупол ва Харковдаги Изюмда Россия кучлари томонидан ҳам қўллангани айтилмоқда.

Улар худди шундай ўлчамдаги анъанавий портловчи моддаларга қараганда анча ҳалокатли бўлиб, ёнувчи аралашма булутини ҳосил қилади, кейин ўша булутни ёқиб юборади, катта олов тўпи ва кучли портлаш тўлқини вужудга келади.
Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти ходими Самуэл Кренни-Эванснинг таъкидлашича, улар "биринчи навбатда шаҳар уруши учун мўлжалланган", чунки дастлабки тарқаладиган ёқилғи аралашмаси булути портлашдан олдин бинолардаги бўшлиқларга сингиб киради.
Агар рус артиллерияси Украинанинг асосий истеҳкомларини йўқ қилишга муваффақ бўлса, Россия Украина ўқлари ёмғири бўйлаб ҳужумни давом эттириш учун ғилдиракли машиналар, шунингдек, танклар билан пиёда аскарларидан фойдаланади.
Ҳаводан ёрдам қирувчи-бомбардимончи ва ҳужум вертолётлари бўлиши мумкин.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг айтишича, жанглар "иккинчи жаҳон урушини эслатади".
Россияни нима ушлаб туриши мумкин?
Таҳлилчиларнинг айтишича, рус қўшинлари ушбу кампаниянинг биринчи ҳафталарида дуч келган жиддий логистика муаммоларини ҳал қилганми ёки йўқ, номаълум.
Қўшинлар ёқилғи, озиқ-овқат, сув, алоқа воситалари ва иссиқ кийим каби асосий воситалар танқислигига учраган.
"Ҳарбий тайёрлик, рағбат ва етакчилик ҳам муҳим бўлади. Руслар Киевда унчалик яхши ўйин кўрсатмади ва биз улар ўз хатоларидан ўрганган-ўрганмаганлигини билмаймиз", дейди бригада генерали Барри.
Шунингдек, хабарларда айтилишича, Россия урушда ҳозиргача Украинадан уч баробар кўпроқ ҳарбий техникани йўқотган.
Бу шарқдаги урушга қандай таъсир қилиши номаълум, аммо йўқотилган қуролларни алмаштириш жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Oryx очиқ ҳарбий таҳлил веб-сайти ҳарбий транспорт воситаларидаги йўқотишларни кузатиб боради ва фақат фотосурати ёки видеотасвирлари мавжуд бўлган вайрон қилинган транспорт воситалари ва жиҳозларни ҳисобга олади.
Унга кўра, Россия 400 дан ортиқ танк, 20 самолёт ва 32 вертолёт, шунингдек, юзлаб зирҳли техника ва бошқа техникани йўқотган.
Украина томондаги йўқотишлар камроқлиги Украина қуролли кучларининг ҳажми кичикроқлигини акс эттириши мумкин, аммо тактик муваффақиятдан ҳам далолат бериши мумкин.
Украина сезиларли миқдорда Россия техникасини қўлга олди, бироқ унинг қанчалик фойдали бўлиши аниқ эмас.
АҚШда жойлашган Ҳарбий-денгиз кучларини таҳлил қилиш маркази ходими Майкл Кофман шундай дейди: "Ўлжа олинган тўплам фойдаланишга яроқли бўлиб, бошқариладиган ва моддий қийматга эга бўлган ҳолга келтирилгунча бироз вақт ўтади. Бир нечта қўлга олинган танклар ёки БМПлар [пиёда жанговар машиналари] зирҳли бригадани ташкил этмайди."
Узоқ муддатли истиқболда Россия ҳам ҳал қилувчи устунликка эга бўлиши мумкин, айниқса, Ғарб Украинага етказиб бераётган қуроллар фақат ҳимоя қуроллари билан чекланиб қолса.
Жаноб Кренни-Эванс шундай дейди: "Кўп ҳолларда Украинанинг йўқ қилинган ҳар бир Град ракетаси ёки гаубицасини алмаштириб бўлмайди, улар йўқ бўлади. Аммо Россияда ҳали ҳам ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд, шунинг учун бу нарсалар рус қўшинлари учун ўрни тўлдирилиши мумкин. Шундай қилиб, уруш давом этар экан, вақт Россия фойдасига силжий бошлайди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













