Покистон: Қуръон саҳифаларини ёқди деб, бир эркак уриб ўлдирилди Pokiston dunyo musulmonlar yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хабарларга кўра, ҳодиса Покистон марказида юз берган. Ғазабнок оломон бу эркакни ҳам шаккокликда айблаган.
Савол ва жавоб: Шаккоклик қонуни дунёда
Алоқадор мавзулар:
Яна бир қурбон
Шанба кунги зўравонлик Панжоб вилоятининг Ханевал туманида келиб чиққан.
Полиция воқеа билан алоқадорликда 80 дан ортиқ кишини қўлга олган.
Хабарларга кўра, оломон эркакни полициянинг ҳимояси остидан олиб кетган.
Унинг жасади оиласига топширилган ва якшанба куни тупроққа қўйилган.
Покистон Бош вазири жавобгарлар аяб ўтирилмаслигини айтган.
Ишнинг тўлиқ қонун доирасида кўриб чиқилишига ваъда берган.
Эркакни ҳимоя қила олмаган полиция ходимлари ҳақида ўзига ҳисоб беришларини сўраган.
Имрон Хон бирор бир кишининг ўзбошимчалик қилишига тоқат қилинмаслигини айтган.
Тафсилот
Полиция зобитлари 40 ёшлардаги эркакни ҳушсиз ва дарахтга осилган аҳволда топишган.
Бу ҳақда полиция мулозими Мунаввар Ҳусайн маълум қилган.
Унинг "Рейтер" ахборот агентлигига айтишича, "калтак, болта ва темир таёқлар билан қуролланган қишлоқ аҳолиси эркакни ўлдириб, жасадини дарахтга илиб қўйган".
Маҳаллий полиция идораси бошлиғи Мунаввар Гужжар эса, Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига қурбоннинг руҳан соғлом бўлмаганини айтган.
Унга кўра, эркак "15 йилдан буён руҳиятидаги ўзгаришлардан азоб чекиб келган".
Аммо масъуллар унинг кимлиги, дини ёки миллатига ойдинлик киритишмаган.
Бундан уч ойча бурун Панжобнинг Сиалкот шаҳрида ҳам худди шунга ўхшаш зўравонлик юз берган.
Унда оломон шри-ланкалик корхона иш бошқарувчисини "шаккоклик"да айблаган.
Приянта Дияваданани уриб ўлдириб, жасадига ўт қўйганди.

Сурат манбаси, EPA
Шаккоклик
Ислом динини таҳқирлаш Покистонда қонунан шаккоклик саналади, у ўлим жазосини кўзда тутади.
Мазкур қонунга мувофиқ, диний йиғинларга халақит бериш, қабристонларни оёқ-ости қилиш, ўзгаларнинг диний эътиқодларини таҳқирлаш, ибодат жойларини қасддан булғаш ёки бузиш қатъиян маън этилади.
Покистонда шаккокликка оид шунчаки миш-мишлар ҳам норозилик ва оммавий зўравонликка сабаб бўлиши мумкин.
Фаоллар эса, узоқ йиллардан бери диний озчиликларнинг бу каби айбловлар нишонига айланишаётганидан бонг уриб келишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













