Пайғамбарни ҳақоратлаганлик учун ўлим ҳукми

Сурат манбаси, bbc
Покистон маҳкамаси насроний динига мансуб Осиё Бибига чиқарилган ўлим ҳукмини кучда қолдирган.
У муслима аёл билан суҳбатда Муҳаммад Пайғамбарни ҳақорат қилганликда айбдор, деб топилган.
Осиё Биби 2010 йилда ўлим жазосига маҳкум этилганди.
Ҳукм дунё бўйлаб қораланган, насроний аёлни ҳимоя қилган покистонлик кўзга кўринган сиёсатчилар- Панжоб вилояти ҳокими Салмон Тасир ҳамда миллий ва диний озчиликлар вазири Шаҳбоз Бхатти ўлдирилган.
Бу икки сиёсатчи шаккоклик ҳақидаги қонунларни ислоҳ қилишга чақиришганди.
Танқидчилар бу қонунлар кўпинча шахсий адоват йўлида ишлатилишини айтадилар.
Беш фарзанднинг онаси бўлган Осиё Биби ўзига қўйилган айбларни рад этган.
Унинг ҳимоячиси Олий Маҳкама ҳукмидан шикоят қилишини билдирган.
Покистонда 1990-йиллардан буён ўнлаб насронийлар Қуръонни таҳқирлаш ва шаккоклик айблари билан маҳкум этилган.
Уларнинг кўпчилиги ўлимга ҳукм қилинган бўлса-да, юқори маҳкама идоралари далиллар етарли бўлмагани важидан ҳукмларни бекор қилган.
Айни пайтда шаккокликда айбланганларнинг аксарият кўпчилиги мусулмонлар, ундан кейин эса аҳмадийлар жамоаси вакилларидир.












