Арофатдан Обамагача: Нега улар олган Нобель зиддиятли ва мукофотдан қуруқ қолган Ганди - Nobel dunyo yangiliklar

Нобель Тинчлик мукофоти 1901 йилда таъсис этилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Нобель Тинчлик мукофоти 1901 йилда таъсис этилган

Нобель Тинчлик мукофоти бугун берилади. 1901 йили жорий қилингандан бери бу мукофот сиёсий табиати боис тортишувларга туртки бўлиб келади. Қуйида энг кўп тортишувга сабаб бўлган танловлар ва бир мукофот берилмай қолган одам ҳақида маълумот берамиз.

Тинчлик бўйича Нобель мукофотининг 2021 йил учун ғолиби исми жума куни эълон қилинади.

Бу сафар ҳам танлов аввал бир неча марта бўлгани каби баҳсларга сабаб бўлармикан?

Дунёнинг энг нуфузли мукофотларидан бири саналмиш Нобель Тинчлик мукофоти швед олими, тадбиркори ва филантропи Альфред Нобель томонидан жорий қилинган олти мукофотдан биридир.

Аммо бу мукофот ўзининг сиёсийлашгани учун қолган беш соҳадаги мукофотдан кўпроқ баҳсларга сабаб бўлган.

Барак Обама

Барак Обама тўққизлик ойлик президентлик пайтида Нобель Тинчлик мукофоти билан тақдирланган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Барак Обама тўққизлик ойлик президентлик пайтида Нобель Тинчлик мукофоти билан тақдирланган

2009 йили АҚШ президенти Барак Обама Нобель Тинчлик мукофотини ютганда кўплаб одамлар, ҳатто, лауреатнинг ўзи ҳам ҳайрон бўлган эди.

Обаманинг ўзи 2020 йили чоп қилинган мемуарида унинг номи эълон қилинганда беихтиёр "Нима учун?" деб сўраганини ёзади.

У лавозимга келганига энди саккиз ой бўлган эди, танқидчилар қўмита қарорини чала ўйлаб қилинган деб атаганди.

Аслида номзодликка аризалар бериш муддати Обама инаугурациясидан 12 кун ўтиб тугаган эди.

2015 йилда Нобель институтининг собиқ директори Гейр Лундестад Би-би-сига ўшанда қарор берган қўмита кейинчалик ўз қароридан афсус қилганини айтган эди.

Президент Обаманинг ҳар икки муддат президентлик даврида АҚШ кучлари Афғонистон, Ироқ ва Сурияда жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Ёсир Арофат

Ёсир Арофатни Нобель Тинчлик мукофотининг ҳамсоҳиби, деб эълон қилиш қарори, ҳатто, танлов қўмитаси аъзолари томонидан бир хилда қарши олинмаган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёсир Арофатни Нобель Тинчлик мукофотининг ҳамсоҳиби, деб эълон қилиш қарори, ҳатто, танлов қўмитаси аъзолари томонидан бир хилда қарши олинмаган

Фаластиннинг марҳум етакчиси 1994 йили Исроил Бош вазири Ицҳак Рабин ва ташқи ишлар вазири Шимон Перес билан бирга 1990-йилларда Исроил Фаластин можаросини ечишга умид берган Осло тинчлик битимини имзолаган эди.

Ўтмишда қуролли фаолият билан шуғулланган Ёсир Арофатга мукофот бериш қарори Исроил ва бошқа жойларда танқидларга сабаб бўлган.

Аслида Арофатнинг номзоди Нобель қўмитасининг ичида ҳам баҳсларни қўзғаган.

Қўмита аъзоларидан бири, норвегиялик сиёсатчи Каре Кристиансен норозилик белгиси сифатида истеъфо берган эди.

Аун Сан Су Чжи

Аун Сан Су Чжининг маҳаллий мусулмонларга нисбатан мавқеи уни Нобель Тинчлик мукофтидан мосуво этишга оид даъватларга ҳам сабаб бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аун Сан Су Чжининг маҳаллий мусулмонларга нисбатан мавқеи уни Нобель Тинчлик мукофтидан мосуво этишга оид даъватларга ҳам сабаб бўлган

Бирмалик сиёсатчи Мьянмадаги ҳарбий бошқарувга қарши зўравонликларсиз курашгани учун 1991 йили Нобель Тинчлик мукофотига лойиқ кўрилган.

Аммо 20 йилдан ошиқроқ вақт ўтиб, Аун Сан Су Чжи ўз мамлакатида роҳинжа мусулмонларига қарши қилинган зўравонликлар ва оммавий ўлдиришларга қарши гапирмагани учун қаттиқ танқидга учради. БМТ бу ҳодисаларни "геноцид" деб атаган.

Уни мукофотдан маҳрум қилиш ҳақида ҳам чақириқлар бўлди, аммо олти мукофотни бериш тартибини белгилайдиган қоидалар бунга имкон бермайди.

Абий Аҳмед

Эфиопия Бош вазири Нобель Тинчлик мукофотини 2019 йилда олган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эфиопия Бош вазири Нобель Тинчлик мукофотини 2019 йилда олган

2020 йил декабрида Эфиопия Бош вазири қўшни Эритрея билан узоқ давом этган чегара тўқнашувларини ечиш бўйича ҳаракатлари учун Нобель Тинчлик мукофотини олди.

Аммо бир йилга борар-бормай мукофотлаш қарори тўғри бўлганмиди ўзи деган саволлар янграй бошлади.

Халқаро ҳамжамият Абий Аҳмеднинг Тиграйнинг шимолий қисмига қўшинларни жойлаштириш қароридан норози эди.

У ердаги жанглар минглаб одамнинг ўлимига сабаб бўлди ва БМТ вазиятни "юракни эзувчи вайроналик" деб атади.

Вангари Маатаи

Вангари Маатаи ОИВ вирусининг келиб чиқиши ҳақидаги қарашлари учун танқидлар остида қолган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вангари Маатаи ОИВ вирусининг келиб чиқиши ҳақидаги қарашлари учун танқидлар остида қолган

2004 йили марҳум кениялик фаол Нобель мукофотига сазовор бўлган биринчи африкалик аёл бўлди.

Аммо унинг ғалабаси ОИВ ва ОИТС ҳақидаги фикрлари ошкор бўлгач, танқид қилина бошлади.

Вангари Маатаи ОИВ вирусини қора танлиларни йўқ қилиш учун сунъий яратилган деб ҳисоблаган экан.

Унинг даъвосини тасдиқлайдиган бирорта ҳам илмий далил мавжуд эмас.

Ҳенри Киссинжер

Киссинжер Шимолий Вьетнам раҳбари Ле Дик Тхо билан бирга Нобель Тинчлик мукофотини 1973 йилда олган. Аммо вьетнамлик сиёсатчи мукофотдан ўз ихтиёри билан воз кечган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Киссинжер Шимолий Вьетнам раҳбари Ле Дик Тхо билан бирга Нобель Тинчлик мукофотини 1973 йилда олган. Аммо вьетнамлик сиёсатчи мукофотдан ўз ихтиёри билан воз кечган

1973 йилда АҚШ Давлат котиби Ҳенри Киссинжер Тинчлик мукофотини олди.

Америка ташқи сиёсатининг энг баҳсли эпизодларида, жумладан, Камбоджани бомбалаш кампаниясида, Жанубий Америкадаги қаттол ҳарбий режимларни қўллаб-қувватлашда иштирок этган одамга мукофот берилиши кўпларни ҳайрон қолдирган.

Киссинжер Шимолий Вьетнам раҳбари Ле Дик Тхо билан бирга Вьетнам урушидаги оташкесим учун музокара олиб борганига берилган.

Нобель мукофоти қўмитасининг икки аъзоси норозилик билдириб истеъфо берганди.

"New York Times" эса бу ҳақдаги хабарга "Нобель уруш мукофоти" дея муносабат билдирганди.

Қуруқ қолган Ганди

Маҳатма Гандига нега Нобель Тинчлик мукофоти берилмагани ҳануз таажжубларга сабаб бўлиб келади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Маҳатма Гандига нега Нобель Тинчлик мукофоти берилмагани ҳануз таажжубларга сабаб бўлиб келади

Нобел мукофоти айрим муносибларга берилмагани билан ҳам машҳур.

Тинчлик категориясида йўқлиги яққол кўриниб турадиган одам Маҳатма Гандидир.

Неча марта номзоди кўрсатилганига қарамай, 20 асрда пасифист ҳаракатнинг рамзига айланган ҳиндистонлик сиёсатчи мукофот олмаган.

Норвегиялик тарихчи Гейр Лундестад 2006 йилда Ганди эришган ютуқларни тан олинмагани Нобель тарихидаги энг катта йўқотишдир деди.

Лундестад ўша йили Нобель қўмитасининг президенти бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek