Дайжест. Россия, мигрантлар: Полициячини урган ўзбекистонликка нима бўлади? Муҳожирларсиз Москвада инфляция ошдими? Ватанга кетишга ҳам, ватандан кетишга ёрдам - Rossiya yangiliklar

Москва шаҳар мэри

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS

  • Ивановода ўзбекистонлик муҳожир полиция ходимини дўппосладими?;
  • Собянин муҳожирлар озлиги инфляцияни оширганини айтди;
  • 400 мингга яқин кишининг Россиядан ватанга қайтишида кўмаклашилган;
  • Ўзбекистон ватандан кетмоқчиларга ёрдам бермоқчими?;

Ўзбек полициячи калтакладими?

Шу йилнинг март ойида Иваново вилоятида полиция ходим и ва ўзбекистонлик ишчи орасидаги жанжал мигрантга нисбатан "жиноий ҳуқуқбузарлик" сифатида баҳоланган эди.

Иваново ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, полиция ходимлари Станкостроителей кўчасидаги тикувчилик корхонаси ўтказган текширувида миграция қонунларини бузган Ўзбекистон фуқароси маҳкамага олиб кетилган.

Ишчининг ҳужжатларидаги камчиликлари боис, ишчига маъмурий жавобгарлик белгиланган ва маъмурий баённома тузилаётган пайтда муҳожир полиция ходимига ташлангани билдирилади.

"Тикув цехининг "ҳужжатларининг муддати ўтган" ишчиси полиция ходимининг бошига учта зарба берди, сўнг унинг бўйнидан ушлаб олди", тафсилотлар келтирилади ИИБ сайтида.

- Натижада, "маъмурий" "жиноий ҳуқуқбузарлик" ка айланди - Суд ҳокимият вакилига зўравонлик ишлатилган мигрантнинг ойлик маошидан 5% давлат даромадига ушлаб қолиш билан 1 йил 6 ой муддатга мажбурий меҳнат тарзидаги жазога ҳукм қилди. Ҳукм ҳали қонуний кучга киргани йўқ, - дея маълум қилди ИИБ матбуот хизмати.

Мигрантлар ва инфляция

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Москва мэри Сергей Собянин Москва қурилиш майдонларида мигрантлар етишмаслиги - инфляция ўсишига таъсир қилаётганини билдирди.

Пойтахт мэрининг РБК нашрига берган интервьюсида бу жараён ўтган йилнинг ёзида Москвадаги барча қурилиш майдончаларининг икки ойга ёпилиши, ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларининг ҳам тўхтатилишидан бошланганини билдирди. Иш тўхташи натижасида қурилиш ташкилотлари, корхоналар кўплаб ишчиларни ишдан бўшатишига тўғри келганди.

- "Кейин маошларни кўтаришга тўғри келди ва ҳамма нарсанинг нархи оша бошлади. Меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот миқдори ошмаса, лекин иш ҳақи ошса нима бўлишини сизга ҳар қандай иқтисодчи тушунтириб бериши мумкин. Шу сабабли биз ҳозир инфляция ўсишини кузатмоқдамиз", - деди Собянин.

Шунингдек, мэр мигрантлар йўқлиги инфляция ўсишига сабаб бўлиши билан бирга айни пайтда бизнес бу жараёнга мослашаётгани ва иш ҳажми ҳам ўсаётганини билдирди.

Шаҳар мэри Москва 1,5 йиллик пандемия даврида Россия пойтахти 600 миллиард рубль зарар кўрганлигини маълум қилди.

Россиядан - уйга

Мигрантлар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси котиби Зокир Заитов карантин чекловлари даврида Россиядан Ўзбекистонга кетган ўзбекистонликларнинг тахминий сонини маълум қилди.

"Пандемия вақтида элчихона ва консуллик тахминан 380 минг нафар Ўзбекистон фуқароларига Россиядан чиқиб кетишда ёрдам берди", - дея расмийдан иқтибос келтиради "Спутник-Ўзбекистон"нашри.

Хабарга кўра, бу рақамдан ташқари Ўзбекистоннинг аксарият фуқаролари Россиядан мустақил равишда ёки чартер парвозлар орқали чиқиб кетган.

Элчихона хабарига кўра, пандемия ортидан карантин чекловлари жорий этилган даврга қадар Россияда 1,5 - 2 миллионгача Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Ҳозир эса тахминан бир миллиондан зиёд ўзбекистонликлар Россияда яшаб ишламоқда.

Мигрантларнинг сони бўйича аниқ маълумотлар ҳозирча очиқ манбаларда келтирилмаган.

Уйдан - Россияга

Мигрантлар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон эса фуқароларини хорижга ишга юбориш учун уларни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда.

"Ўзбекистон 24" телеканали Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда ўз меҳнат муҳожирлари харажатларининг бир қисмини қоплашга 37 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфламоқчи эканини маълум қилган.

Хабарга кўра, меҳнат муҳожирлигига отланган ўзбекистонликлар ривожланган давлатларга иш визасини олиш ва авиачипталар сотиб олиш учун сарфлайдиган харажатлари учун ҳукуматдан компенсация олиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek