Ўзбекистон ва Россия: Депортациясини кутаётган мигрантларни ким йўқлайди? Video O‘zbekiston Rossiya mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
"Мигрантлар қамоқхонаси", яъни қонунбузар мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказидаги муҳожирлар ватанга жўнатилишини ойлаб, ҳатто, йиллаб кутиб ётишади. Улар оддий кийим-бош, сифатли емак ва кундалик эҳтиёж буюмларига зарурат сезишади. Аммо бегона юртда уларни келтирувчи яқинлари йўқ. Фақат кўнгиллиларнинг Рамазон ойи, байрамлардаги хайрияларни ҳисобга олмаганда.
Жиноятчи бўлмаган маҳбуслар
Россияда ЦВСИГ (қисқартилган ибораси "спецприёмник") - Чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказини муҳожирлар оддийгина қилиб "Мигрантлар қамоқхонаси", дейишади.
Бу ерда миграция конунчилигини бузган муҳожирлар депортация бўлган вақтдан то Ватанига юборилгунга кадар ҳибсда сақланадилар.
Айни пайтда Москва вилоятидаги Сахарова қишлоғида жойлашган марказда 80 дан ортиқ ўзбекистонлик ушлаб турилибди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Рамазон ойи давомида ўзбекистонлик ҳуқуқ химоячилари, даспора вакиллари, миграция агентлиги вакиллари, блогерлар, кўнгиллилар ва фаоллар махсус марказда бўлишди.
Улар маҳкум муҳожирларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли керакли буюмлар олиб бориб туришди.

Сурат манбаси, Screenshot
13 май куни эса саҳоватпеша инсонлар ҳомийлигида марказдаги маҳкумларга Ҳайит оши ҳам етказилди.
- 80 дан ортиқ юртдошларимиз суд орқали депортация бўлиб, бу ерда сақланаяпти. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари билан биргаликда муҳожирларга эҳсон олиб келдик. Яна бир ҳомий 90 кишилик ош ҳадя этдилар, - дейди Москвада фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик юрист Ботиржон Шерматов.
Ойлаб ётиш сабаби нима?
"Мигрантлар қамоқхонаси" - ёпиқ ҳудуд. Миграция қонунларини бузган муҳожирлар жиноятчи каби сақланиши ва бу ердаги шарт-шароитларнинг ёмонлиги ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид остига олиб келинади.
Аммо ҳукумат аксар ҳолларда бу мавзунинг бот-бот кўтарилишларига кўз юмиб келади.
Би-би-си Ўзбек хизмати бу каби марказларда бир неча бўлиб, у ердаги шароитларни кўрган, муҳожирлар билан суҳбатлашганди.
Ўзбекистонлик мигрантлар асосан марказда узоқ қолиб кетишаётганликларидан нолишади.
Миграция агентлиги вакиллари эса, бу кутиш вақтлари уларнинг Ватанга қайтиш ҳужжатларини расмийлаштириш масаласи билан боғлиқ эканлигини таъкидлашади.
Марказ намойишчиларга тўлганида

Сурат манбаси, Screenshot
Шу йилнинг январь-февраль ойларида Россияда Алексей Навальний тарафдорлари томонидан ўтказилган митинг иштирокчилари оммавий ҳибсга олинди.
Уларнинг сони кўплигидан ИИБ вақтинчалик ҳибсхоналарига сиғдиришнинг имкони бўлмади.
Шу пайтда карантин даврида деярли бўшаб қолган "спецприёмник"лар, яъни "мигрантлар қамоқхоналари", таъбир жоиз, "иш берди".
Намойиш қатнашчилари спецприёмникларга жойлаштирилганидан 2 кун ўтмай, ижтимоий тармоқларни бу ердаги шароитлардан қилинган шикоятлар босиб кетди.
Бир неча суткаларга қамалган россиялик намойишчилар "мигрантлар қамоқхоналари"дан суратлар ва видеоларни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлай бошлашди.
Негадир, марказлар раҳбарияти мигрантлар учун чеклайдиган телефон, интернет каби алоқа воситаларини, бино ва хоналарни тасвирга олиш имкониятларини россиялик маҳбуслар учун чекламади.
Ҳуқуқбузарга ҳам шароит керак
Асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаева намойишлардаги ҳибслар сабаб бўлиб, бу марказларда шароит яхшиланишига умид билдирганини айтади.
- "Дождь" каналида актёр Евгений Циганов Сахароводаги шароитларни "ҳайвонларга учун", деб атаб, одамлар ҳуқуқни бузганда ҳам бундай шароитларда яшаши керак эмас, деб фикр билдирди."Новая Газета" эса россияликлар мигрантларнинг жойларига жойлашиш жараёнини батафсил келтирганида, у ерда ҳеч нарса ўзгармаганини кўришимиз мумкин, - дейди Зарнигор Омониллаева.
Ушбу мавзу бир муддат Россия радио, ТВ, электрон ОАВларнинг барчасида кенг муҳокама қилинди.
"Ва ниҳоят мавзуга Россия миқёсида эътибор берилаяпти. Тўғри, авваллари ҳам мустақил ОАВлар бу ҳақида ёзганди. Лекин Сахароводаги шароит жамоатчилик эьтиборини ҳеч қачон тортмаган. Кўтарилган муаммо тор ва кичик доирада муҳокама қилинганича қолаверган", - деб ёзди юрист-блогер.
Омониллаевага кўра, бу айнан мигрантларнинг ёки россияликларнинг муаммоси эмаслиги кўринган.
"Шароитлар борасида бирин-кетин давлат идоралари ҳисобот беришга мажбур бўлаяпти ва табиийки, шароитни яхшилар ваъдалари жаранглай бошлади", - дейди юрист.
Аммо орадан бир неча ой ўтиб ҳам, сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Россиянинг турли ҳудудларидаги муҳожирлар миграция қонунларини бузгани учун тушиб қолган Чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги шароитлардан бўлаётган шикоятлар ҳақида бугун ҳам гапиришади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













