Янги тадқиқот: Чўчқалар ҳам худди биздек видео ўйнай олишади - Dunyo, ilm-fan, yangiliklar

Сурат манбаси, ESTON MARTZ / PENNSYLVANIA STATE UNIVERSITY
Ақлли тўнғиз: Чўчқалар ҳам худди биздек видео ўйнай олишади. Олимларнинг бу каби тўхтамга келишлари учун бор-йўғи тўртта чўчқада синов ўтказиш кифоя қилди. Ҳамлет, Омлетт, Ибони ва Айвори уларни қандай қилиб ҳайратга солди?
Тўрт чўчқага экрандаги курсорни деворлар томонга силжитиш учун аркада услубидаги жойстикни ишлатишни ўргатишди.
Тадқиқотчилар айтишича, чўчқаларнинг ўйин ва жойстик ўртасида алоқадорлик борлигини тушуниши "кичкина қобилият эмас".
Мукофот тарзида овқат берадиган автомат синиб қолганда ҳам чўчқалар ўйинни давом эттирган.
Чўчқаларга агар яхши ўйнаса, овқат берилар эди.
Аммо синов вақтида ўша овқат узатадиган қурилма синиб қолди.
Аммо тадқиқотчилар ширин сўз билан уларни ўйинни давом эттиришга ундагач, улар яна ўйнай бошлади.
"Бу каби тадқиқотларнинг аҳамияти шундаки, исталган тирик жон билан бўлгани каби чўчқаларга қандай муносабатда бўлиш уларга таъсир қилади ва бу улар учун бу муҳим", дейди етакчи муаллиф доктор Кэндис Крони.

Сурат манбаси, CANDACE CRONEY
Тадқиқот гуруҳининг фикрича, қўлсиз, бармоқларсиз ақлли ҳайвон бўлмиш чўчқаларнинг умуман видео ўйин ўйнай олиши - жуда "ажойиб".
Аммо бу улар учун осон эмас.
Икки Йоркшир чўчқасидан бири Ҳамлет ўйинда Омлеттга нисбатан яхшироқ натижа кўрсатган, аммо ҳар иккиси ўйин мураккаблашганда - битта нишонни икки баробар қисқа фурсатда уришга қийналган.
Панепинто чўчқачаси ўйинда моҳирроқ бўлиб чиқди - Айвори белгиланган вақтнинг 76 фоизида нишонни урган бўлса, Ибони буни вақтнинг учдан бир қисмида уддалаган.

Сурат манбаси, FRONTIERS IN PSCHOLOGY
Аммо тадқиқотчилар чўчқаларнинг уринишлари шунчаки тасодифий эмас, балки мақсадли ва мўлжалли бўлгани, бошқача айтганда, "тасодифдан юқори" бўлганига ишонмоқда.
Бу шуни англатадики, "уларнинг бари жойстик ва курсор ўртасида боғлиқлик борлигини қайсидир даражада билган".
Вустерширдаги Уиллоу фермасидан Кейт Дэниелснинг Би-би-си Radio 4 Today - "Бугун" дастурига айтишича, бу гарчи олимлар учун таъсирли туюлаётган бўлса ҳам, "чўчқа боқадиганларга у қадар ҳайратланарли туюлмайди."
"Улар Майнкрафт ўйнамаяпти. Аммо уларнинг бирор емиш олиш учун вазиятдан фойдаланиши ноодатий ҳол эмас", деб қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, ESTON MARTZ / PENNSYLVANIA STATE UNIVERSITY
У кўпинча Уинстон Черчиллга нисбат бериладиган иқтибосни келтиради: "Итлар сизга пастдан қарайди, мушуклар тепадан пастга, чўчқалар эса тўғри кўзингизга қарайди."
"Агар сиз чўчқанинг кўзига қарасангиз, у ерда ақл нишонасини кўрасиз", дейди у.
Аммo чўчқалар ўйин борасида барибир одамга тенглаша олмайди, ҳатто ақлсизроқ приматлардан ҳам ортда қолади.
Айни шу турдаги тажриба қўлларида бармоғи борлиги билан устунликка эга шимпанзе ва бошқа маймунлар билан ҳам ўтказилган ва улар тадқиқотчиларнинг анча мураккаб вазифаларини ҳам бажара олган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













