Мусулмон ва насронийлар бир ёқадан бош чиқаришди - дин ва дунё, video, dunyo, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Дин ва дунё: Мусулмон ва насронийлар бир ёқадан бош чиқаришди - масжид ва черковларни баҳамжиҳат қайта тиклашга киришишди. ИШИД эса, Мосулда шаҳар рамзи ва ўз йўлбошчиси Яқин Шарқдаги Исломий халифатларини эълон қилган қадимий масжидгача вайрон қилган.
Мосул 3 йил олдин ИШИДдан озод қилинган бўлса-да, ҳамон вайроналар ичида ётибди. "Мосулнинг руҳини қайтариш" деб номланган лойиҳа турли динга эътиқод қилувчи маҳаллий аҳолини жамлаб ибодатхоналарни тикламоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Улар халифалик эълон қилинган Ал-Нурий масжиди, тарихий Ал-Саъ ва Ал-Тоҳиро черковларини қайта таъмирлайди.
Ироқдаги Мосул шаҳрининг эски қисмидан харобалар қолган.
Масжид ва черковлар асрлар давомида шаҳарда диний бағрикенгликнинг рамзи сифатида ёнма- ён турганди. 3 йил олдин Мосул учун жангда вайрон бўлди.
Ўн минглаб насроний ва язидийлар қочишига тўғри келди.
Энди эса ЮНЕСКО лойиҳаси турли диндаги маҳаллий аҳолини ёллади. Одамлар қайта тиклаш ва уларнинг таъбири билан айтганда, "Мосулнинг руҳини қайтариш"да ёрдам беради.
"Албатта, ИШИД даврида биз насроний биродарларимиздан 3 йил ажратиб қўйилдик. Аммо ҳозир Мосулни қайта тиклашда бирга ишлаётганимиздан жуда хурсандмиз. Насроний, мусулмон ва язидийларни алал-оқибат ўзимизга қоладиган шаҳарни қуришда бирга ишлаётганини кўриб қувонаяпман", дейди таъмирловчилардан бири Анас Зиёд.

Сурат манбаси, AFP
Шаҳарнинг бир томони бутунлай вайронагарчилик саҳнаси бўлди.
Мосулнинг эски шаҳар қисми тупроққа айланди, одамлари кўчирилди.
Масжид, черков ва тирикчилик учун барча воситалар вайрон бўлди.
2017 йил олинган тасвирларда ИШИДдан шаҳарни озод қилиш жанглари давомида етказилган зарар кўлами акс этган.

Сурат манбаси, Reuters
Айнан Ал-Нурий масжиди меҳробидан Абу Бакр ал-Бағдодий Исломий давлат - халифалик қурилганини эълон қилганди.
2017 йил ИШИД чекинаётган вақтда қачонлардир Мосулнинг рамзи бўлган масжиднинг қийшайиб қолган қадимий минорасини портлатиб кетди.
"5600 тонна майда тош ва 20 тача қўлбола портловчи ускуналарни чиқариб ташладик. Уларнинг айримлари масжид деворлари ичига ўрнатилганди", дейди Умар Ёсир Одил Тақо.
Тикланиш бошлангандан бери маҳаллий аҳоли фақат жисмоний қийинчилик билан чекланмаяпти.
ИШИД ишғол вақтида ибодатхонадан база сифатида фойдаланган. Уларнинг деворларда қолдирган ёзувлари одамлар бу ерда бошидан кечирган уқубатни доим эслатиб туради.
"Бу ерда бир нечта арқонни кўришингиз мумкин. Улар одамларни шу ердан осишган, дейишади. Мосул шифо топмоқда. Энди у асл ҳолига қайтаяпти, ҳаёт ўз изига тушяпти", дейди таъмирловчи Умар Али.

Сурат манбаси, Reuters
2014 йили ИШИД роҳиб Раиднинг черковини тортиб олди.
Жанглар тугаши билан у черковини таъмирлаш учун қайтиб келди.
Ал-Башара черковининг тиклаш ишлари якунлангач, энди у барча эътиқоддаги зиёратчиларни кутишга тайёр. Олдин буни ақлга сиғдириб бўлмасди.
"Шиа, сунний, язидий ва насронийлар - бу жойнинг эшиги ҳаммангиз учун очиқ. Барчани очиқ юз билан ва хуш кайфиятда қаршилаймиз", дейди Эммануел Райид Одил.
Бу ердаги одамлар учун бу нафақат вайрон бўлган биноларни биргаликда тиклашни англатади, балки урушдан яраланган бутун жамият дардига малҳам бўлишни ҳам билдиради.

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE
Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз вақтида дунёдаги "энг жангариси" сифатида эътироф этилган.
Дунёдаги ўзбекистонликлар аъзо бўлиб ёлланган жангари гуруҳлардан бири бўлган.
ИШИД сафларида Марказий Осиёдан энг кўп ўзбекистонлик жангарилар жанг қилишгани ишонилган.
Бунга ИШИД мавҳ этилиши манзарасида эълон қилинган айрим халқаро ҳисоботлар далолат қилган.
2017 йил охирида Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини 1500 тага нисбат берган.
Ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар ҳам ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
"Soufan" тадқиқот маркази ҳам ўз ҳисоботида ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини айтган.
Ўзбек жангариларининг Сурия ва Ироқда уч гуруҳ: "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларида жанг қилишгани ишонилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














