Исроил ва Нетаняҳу: "Қирол" исроиллик намойишчилар нишонида - Isroil, dunyo, siyosat

Anti-Netanyahu protest, Jerusalem (07/08/20)

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Йоланда Нелл
    • Role, Би-би-си, Қуддуси Шариф

Исроил ва Нетаняҳу: "Қирол" исроиллик намойишчилар нишонида - диққат-марказида эса, Исроил Бош вазирининг расмий қароргоҳи. Исроил 2011 йилдан буён бунақа катта митингларни кўрмаган.

Ҳар ҳафта сўнгги оқшомида Қуддуснинг қиммат мавзеларидан бўлмиш Реҳавиядаги Балфур кўчасида минглаб одам тўпланади. Гоҳида тўплантида кайфият байрамона - театрлашган тамошалар, бепул елим трубалар, айланиб юрган оилалар. Бошқа вақтда эса - кайфият таранг, шовқин ва қамоққа олишлар.

Диққат-марказида Исроил Бош вазирининг расмий қароргоҳи ва унга қарши такрорий норозилик намойишлари.

"Бенямин Нетаняҳунинг [Бош вазир] одамларга муносабати, мамлакатни ўз томорқасидек кўриши ҳиқилдоғимга келди. Шунинг учун шу ердаман. Гўё бу ер демократия эмас, у эса қирол," дейди доимий намойишчилардан бири Ади Розентал.

Ади Тел-Авив шарқида, Гиватайимда яшайди. Аммо Қуддусга ой давомида ҳафтада икки бора келади. Ижтимоий масофа сақлаш ҳақидаги тавсияга қарамай, пандемия катта оломоннинг тўпланишига тўсиқ бўлолмаяпти.

Adi Rosenthal holds a sign which reads: We come to banish the darkness

Бу намойишлар энг каттаси, аммо биринчиси эмас. Юзига ниқоб таққан, қўлида "Жиноятчи вазир" деб ёзилган тахта тутган бир гуруҳ норозилар пиёдалар йўлкасида тўпланган. Ўтган ойларда қора байроқ кўтарган бошқа фаоллар ҳам Нетаняҳуга қарши митинг қилдилар.

Улар Нетаняҳу коррупцияда гумон қилиниб, сўроқ қилинаётганда лавозимда қолмаслиги керак, дейдилар. Вазирнинг ўзи бу айбловларни инкор қилмоқда.

Ҳозир уларга ёшроқ, турфа қатламдаги намойишчилар ҳам қўшилган. Улар бутун ҳукуматни Ковид-19 инқирозига тўғри чора кўролмаганлик, одамларнинг ғам-ташвишига беписанд қараганликда айбламоқда.

Исроил 2011 йилдан буён бунақа катта митингларни кўрмаганди. Юзлаб минг одамлар бутун мамлакат бўйлаб яшаш қимматлашиб кетаётганидан ўз норозиликларини билдирмоқда.

"Исроиллик ёшларда норозилик билдиришдан ўзга чоралари йўқ," дейди қўш магистрлик дипломи соҳиби, 27 ёшли ишсиз Шай.

"Уй сотиб ололмаймиз, ҳатто ижарага ололмаймиз. Улар иқтисодни xароб қилдилар, иш йўқ. Биз ҳатто ҳозир оила қуролмаймиз."

"Биз бирлашдик"

Mock head of Benjamin Netanyahu amid a protest in Jerusalem (03/08/20)

Сурат манбаси, EPA

Коронавирус тарқалишини жиловлаш учун тезкор чора кўрилгач, аксар соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари фикрича, Исроил иқтисодини жуда тез қайта очиб юборди, бу эса янги касалланиш ҳолатлари кескин ортишига сабаб бўлди.

Ҳозирда касал юқтирганлар сони рекорд натижаларни кўрсатмоқда. Ишсизлик 20 фоизга етди.

"Ҳукумат масъулиятни ҳис қилмаяпти. У бизга иқтисодий дастак бермаяпти," дейди Умм ал-Фаҳмдан Исроиллик араб талаба Янал.

Barricade in Jerusalem to try to stop spread of coronavirus (12/07/20)

Сурат манбаси, AFP

У март ойида ишини йўқотган, яшаши, ўқиши учун тўловга қийналмоқда. Аммо намойишга чиққанининг бир қанча сиёсий сабаблари ҳам борлигини айтади.

"Биз бирлашдик: ишғолга [Фаластин ҳудудини] қарши араб, яҳудий бирлашди, демократия, тинчлик ва тенглик учун бирлашди," дейди у.

Иқтисодий қийинчилик сабабли зарар кўрган кичик бизнес эгалари ҳам митингларга қўшилган.

Эрез Галит Жаффа ярмаркасидаги смарт рестораннинг эгаларидан бири ва мусиқали кечалар уюштирувчи компания эгаси. Ҳозир бу икки иши ҳам ёпилган, 30 ходим ишсиз қолган.

"Жинни бўлаёздим. Биласизми, юз минглаб одам ресторанлар, барлар, тунги клублар ва сайёҳлик орқали тирикчилик қилади," дейди жаноб Галит.

"Биз яхши фуқаромиз, солиқларни вақтида тўладик, ҳозир эса на мижозларимиз қолди ва на ҳукумат бирор ёрдам берди. Шунчаки ёлғиз қолдик."

Бош вазирнинг "Ликуд" партияси эса "Нетаняҳу Исроил иқтисодини оёққа турғазиш, исроилликларга грантлар, ёрдам маблағлари беришга ҳаракат қиляпти," дейди.

"Анархистлар ва инкубаторлар"

Жаноб Нетаняҳу иддаосича - у май ойидаги сайловларда жуда оз овоз фарқи билан ғалаба қилиб, бешинчи муддатга қасамёдга келтирилганди - намойишлар сўлчи жамғармаларнинг дастаги билан уюштириляпти ва бу ишлар ижтимоий норозилик қўзғайдиган даражада медиада нохолис ёритиляпти.

У намойишчиларни "анархистлар" ва "коронавирус инкубаторлари" деб атади, унинг ўғли Яир эса уларни "бегоналар" деди.

Шу ой Қуддус суди Яир Нетаняҳуни намойишчиларнинг уч лидеринии таъқиб қилишни бас қилишга ҳукм чиқарди. Яир уларнинг мобил рақамлари ва уй манзилларини Twitter да тарқатиб, ўз тарафдорларини уларнинг уйи олдида намойиш ўтказишга чақирган эди.

Намойишлар каттариб, бутун мамлакатдаги кўприклару чорраҳалар ва Нетаняҳунинг Кесариядаги соҳил бўйи уйи олдигача чўзилди. Норозилик тўхтай демайди.

Охирги ўтказилган сўровга кўра 25 фоиз исроиллик Нетаняҳунинг пандемияга қарши чораларини маъқуллайди.

Шу аснода, унинг ҳукуматдаги коалицияси ичида ҳам таранглик юзага келган. Матбуотда муддатидан илгари сайловлар ҳақида гапирилмоқда. Агар шундай бўлса, бу бир ярим йилдаги тўртинчи сайлов бўлади.

"Умид қиламан, бу ҳукумат узоққа бормайди," дейди академик Милли Нор. У ўнтача намойишда қатнашган, охиргисида қизи билан чиқди.

"Биз анархистларга ўхшаймизми? - дейди у риторик савол билан. - Биз етарлича таълим кўрганмиз. Биз матбуотни кузатамиз, нималар бўлаётганидан хабардормиз. Нима бўлганда ҳам, бу норозилик намойишлари ўз таъсирини барибир ўтказади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek