Исроил ва Араб давлатлари Эронга қарши бирлашмоқдами?

Ўртада дипломатик алоқалар бўлмаса ҳам Уммон султони Нетаняҳуни қабул қилмоқда

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ўртада дипломатик алоқалар бўлмаса ҳам Уммон султони Нетаняҳуни қабул қилмоқда
    • Author, Йоланда Нил
    • Role, BBC

Ташкил топганидан буён Исроил давлати етакчилари мамлакатнинг «муроса қилиш мушкул қўшнилар» билан ўраб олинганини таъкидлаб келадилар, аммо яқиндан бери Араб дунёсининг баъзи қисмлари Исроилга нисбатан дўстона муносабат билдиришга ўтгани кўзга ташлана бошлади.

Ўтган ой Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва унинг рафиқаси Уммонга ташриф буюриб, мамлакат султони билан учрашди. Саккиз соат давом этган бундай даражадаги ташриф Яқин Шарқда сўнгги 20 йил ичида кузатилмаган эди.

Ортган қайтган жаноб Нетаняҳу ўз вазирларига икки ўртада «жуда муҳим музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди ва бундай ташрифларни кўпайтиришга ваъда берди.

Жаноб Нетаняҳу бошқа вазирларга сафар таассуротларини сўзлаётган бир пайтда Исроил спорт ва маданият вазири Мири Регев Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган дзюдо бўйича халқаро мусобақанинг азиз меҳмони бўлиб турган эди.

Исроил Спорт ва маданият вазири Мири Регей яқинда БААдаги масжидга кутилмаган ташриф билан борди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроил Спорт ва маданият вазири Мири Регей яқинда БААдаги масжидга кутилмаган ташриф билан борди

Исроиллик спортчи олтин медални қўлга киритиб, Араб яриморолида тасаввур қилиб бўлмас ҳолат - Исроил мадҳияси янграганда эса вазир хоним кўз ёшларини тийиб тура олмади.

Орадан бироз ўтиб, яна бир Исроил расмийси Дубайда ташкилланган маросимда «тинчлик ва хавфсизлик масалалари» бўйича нутқ сўзлади.

Ҳозирда эса Исроил транспорт вазири Уммон пойтахти Мускат шаҳрида Исроил ва Араб давлатларини темирйўл тизими билан боғлашни таклиф қилмоқда.

Буларнинг бари Исроил ва Уммон ёки Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида расмий дипломатик алоқалар ўрнатилмаганига қарамай, бўлиб ўтмоқда.

Эронни тийиб туриш

Араб дунёсининг бошқа давлатлари каби Уммон ва БАА Исроил ташкил топгандан бери у билан алоқа қилмасликка интилиб келар эди.

«Сўнгги вақтда амалга оширилган ташрифлар ўртадаги улкан музликни эрита бошлагани билан ҳам ўта аҳамиятли,» дейди исроиллик собиқ дипломат Доре Голд.

Исроил, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари Эронни минтақада тартибсизлик келтириб чиқаришда айблади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари Эронни минтақада тартибсизлик келтириб чиқаришда айблади

«Форс кўрфазидаги араблар ва Исроил йиллар давомида бир-бирини яхши билган, баъзида учрашиб ҳам турганлар, аммо ҳеч ким бунданда илдамроқ қадам ташлашга журъат қила олмаган эди. Энди ҳаммаси ўзгармоқда,» қўшимча қилади у.

Форс кўрфази бўйида жойлашган араблар ва Исроилни бир-бирига яқинлаштираётган асосий омил - бу Эрон. Исроил ҳам Уммон ва БАА каби Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб таъсири кучайишидан ва бунинг ортидан минтақада сиёсий беқарорлик бошланиши эҳтимолидан чўчийди.

Расмий Теҳрон Сурия ва Ироқдаги инқирозларга бевосита таъсир ўтказиб келади, Ямандаги исёнчилар ва Ливандаги Хизбулло ҳамда Фаластин Исломий Жиҳоди каби қуролли гуруҳларни дастаклайди.

Эронни тийиб туришни истайдиган яна бир қудрат - АҚШ ҳам ўзининг араб иттифоқдошлари ва Исроил ўртасидаги алоқалар илиқлашишидан манфаатдор.

Фаластинликлар сергак

Бироқ фаластинликлар Исроил ва араб давлатлари ўртасида шаклланаётган илиқ алоқалардан ташвишда. Ўз навбатида Араб дунёси ва Исроил ўртасидаги зиддиятга чек қўйишга ваъда қилаётган президент Трамп маъмурияти фаластинликлар ташвишини янада кучайтирмоқда.

Фаластинликларнинг хавотирига кўра, президент Трамп Саудия Арабистони, БАА ва бошқа араб давлатларини Исроил-Фаластин можароси бўйича тинчлик сулҳи тузишга мажбурлаши мумкин.

«Исроилнинг ўзи Фаластин билан алоқаларини яхшиламай туриб, бир мустамлакачи куч бўлиб қолаётган пайтда унинг минтақадаги аҳамиятини оширишга уриниш ўта хавфлидир,» дейди Фаластин Озодлик Ташкилотининг юқори рутбали расмийси Ҳанан Ашрави.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил Бош вазири ташрифидан кўп ўтмасдан Уммонга борди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил Бош вазири ташрифидан кўп ўтмасдан Уммонга борди

Ашрави хоним сўнгги воқеалар 2002 йилда Араб Лигасининг 22 аъзо давлати томонидан имзоланган Араб Тинчлик Ташаббуси қонунийлигига путур етказишини таъкидлайди.

Мазкур ҳужжатга кўра, араб давлатлари 1967 йилда эгаллаб олган ҳудудларни тўлиқ тарк этмагунча Исроил билан яхши муносабатлар ўрнатишга интилмаслиги лозим.

Бугунги кунга қадар араб давлатлари орасидан фақат Миср ва Иордания Исроилни тан олган.

Исроил ва Араб дунёсини ажратиб юборган асосий зиддият - Фаластин муаммоси.

Ўтган йили АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш борасида президент Трамп олган қарор фаластинликларни ғазабига сабаб бўлган. Фаластинликлар Шарқий Қуддусни ўзининг бўлажак мустақил давлати пойтахтига айланишини истайди.

Шундан сўнг улар Вашингтонни нохолис тинчлик даллоли бўлишда айблаб, у билан алоқани узганлар.

Араб оммаси

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур тинчлик жараёнида муҳим роль ўйнаши лозим бўлган Саудия Арабистонининг аҳамияти журналист Жамол Хашоқжининг саудиялик махфий агентлар томонидан ўлдирилиши ортидан анча пасайди.

Бироқ журналист Хашоқжи мавзуси ҳақида фикр билдирган жаноб Нетаняҳу унинг ўлими ортида турганликда гумонланаётган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмонни қўллаб-қувватлашига ишора қилиб ўтган.

Жамол Хашоқжининг ўлдирилишини «ўта даҳшатли» дея таърифлаган жаноб Нетаняҳу айни вақтда бу можаро туфайли Саудия Арабистонини бир четга суриб қўймаслик лозимлиги, чунки «бундан ҳам жиддийроқ Эрон муаммоси» турганини таъкидлаган.

Исроил Жамол Хашоқжининг ўлимига қарамасдан Саудия Арабистони барқарор бўлиши кераклигини айтди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроил Жамол Хашоқжининг ўлимига қарамасдан Саудия Арабистони барқарор бўлиши кераклигини айтди

Баҳрайн Исроилнинг бундай муносабатини олқишлаган.

Мазкур воқеаларнинг бари минтақада бошланаётган муҳим ўзгаришлар даври аломати сифатида кўрилмоқда. Ҳатто, жаноб Нетаняҳуга мухолиф кучлар ҳам буни эътироф этиб ўтган.

Бироқ Фаластин муаммосига жуда ҳиссиётли муносабатда бўлувчи оддий араб одамлари Исроил билан яқинлашишни осонгина қабул қилмаслиги мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek