БМТ журналист Жамол Хашоқжининг йўқолиб қолиши юзасидан изоҳ талаб қилмоқда

A child holds a picture of the missing journalist

Сурат манбаси, Getty Images

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш саудиялик журналист Жамол Хашоқжининг йўқолиб қолиши борасида «ҳақиқат»ни очиқлашни талаб қилди. АҚШ Президенти Доналд Трамп журналистнинг ўлимида Саудия Арабистони масъул бўлиб чиқса бу давлатга нисбатан «қатъий жазо» қўллашини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган жаноб Хашоқжи 2 октябр куни мамлакатнинг Истанбулдаги консулхонасига ташрифи ортидан йўқолиб қолган эди.

Бош котиб Гутерреш Би-би-си билан суҳбатда бундай йўқолиб қолишлар «одатий ҳол»га айланиб бораётганидан ўз ташвишини билдирди.

Турк расмийлари Жамол Кашикчи Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига кирганидан сўнг бино ичида саудиялик махфий агентлар томонидан тергов қилингани, сўнг қийноққа солиниб, ўлдирилгани, жасади эса қисмларга ажратиб ташланганига оид «овозли ва видео далиллар» мавжудлигини иддао қилмоқда. Бироқ ҳозирга қадар бу далиллар ўз исботини топмаган, журналистга аслида нима бўлгани ва унинг кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Жамол Кашикчи ким ўзи?

1958 йили Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида дунёга келган Жамол Хашоқжи АҚШдаги Индиана Давлат Университетида бизнес бошқаруви бўйича таҳсил олган.

У 1980 йилларда ватанига қайтиб, журналист сифатида фаолият бошлайди. Жаноб Хашоқжи Совет Иттифоқининг Афғонистонда олиб борган уруш ҳаракатларини журналист сифатида ёритган.

Мазкур фаолияти давомида у энди халқаро саҳнага чиқиб келаётган Ал-Қоиданинг собиқ етакчиси Осама Бин Ладен билан алоқалар ўрнатади ва 1980-1990 йиллар давомида ундан бир неча бор интервью олишга муваффақ бўлади.

Таниқли журналист

Шундан сўнг у таниқли журналистга айлана боради. Хашоқжи Яқин Шарқ минтақасидаги энг муҳим воқеалар, жумладан, биринчи Кўрфаз Урушини ёритган асосий журналистга айланади.

У 1990 йилларда Саудия Арабистонида муқим яшай бошлаб, 1999 йилда инглиз тилида чоп этилувчи Arab News газетаси бош муҳаррири ўринбосари этиб тайинланади.

2003 йилда Хашоқжи Al Watan газетаси муҳаррири лавозимини эгаллайди, аммо мамлакатдаги диний тартибни танқид қилгани учун атиги икки ойдан сўнг ишдан бўшатилади.

Шундан сўнг у Лондон, кейинроқ Вашингтонда яшайди. 2007 йилда яна Al Watan газетасига қайтади, лекин яна турли зиддиятлар туфайли ишдан кетишга мажбур бўлади.

2011 йили бошланган Араб Баҳори давомида минтақанинг турли давлатларида ҳокимиятга келган исломий гуруҳларни қўллаб-қувватлайди.

2012 йилда у Қатарнинг Ал Жазира каналига рақиб сифатида кўрилган ва Саудия Арабистони томонидан молияланган Ал Араб каналига бош этиб танланади. Бироқ Баҳрайнда жойлашган мазкур канал баҳрайнлик машҳур мухолифат фаолига сўз бергани учун очилган куннинг ўзидаёқ ёпилиб кетади.

Кашикчи халқаро хабар агентликларида ҳам Саудияга алоқадор мавзуларда материаллар чоп этиб борган. У Washington Post газетасининг колумнисти ҳисобланади.

Сургун

Бир қанча юқори мартабали саудиялик амалдорларга маслаҳатчи бўлиб ишлаган жаноб Хашоқжининг, кейинчалик, танқидлари туфайли мамлакат ҳукумати билан зиддияти ортиб боради.

Журналист 2017 йилнинг ёзида Саудия Арабистонини ташлаб чиқиб, ўз ихтиёри билан АҚШга сургунга кетганини маълум қилган эди.

У Саудия Арабистонида мисли кўрилмаган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ўтказишни иддао қилган тахт вориси шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилиги остида кўплаб очиқ фикрли фаоллар ҳибсга олинганини таъкидлаган.

«Мен уйимни, оиламни ва ишимни ташлаб келдим. Энди овозимни ҳамма эшитиши учун ҳаракат қиламан. Қўл қовуштириб ўтириш қамоқда азобланаётганларга хиёнат бўлади. Бошқалар гапира олмаган бир пайтда мен очиқ сўзлашим мумкин. Мен сизнинг Саудия Арабистони ҳозирда олдин бўлмаган ҳолда эканини билишингизни истайман. Биз, саудияликлар, бундан яхшироғига муносибмиз,» деб ёзган эди у.

Жаноб Кашикчи ўзининг Washington Post'да чоп этилган мақолаларидан бирида Саудия ҳукуматини ҳақиқий экстремистлар қолиб, очиқ фикрловчи фаоллар овозини бўғишга уринишда айблаган ва валиаҳд шаҳзодани Владимир Путинга қиёслаган эди.

Мазкур нашрда чиққан сўнгги мақоласида эса журналист Саудия ҳукуматини Яманда давом этаётган урушни янада авж олдиришда танқид қилган.

Консулликка ташриф

Жаноб Хашоқжи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига илк бор 28 сентябр куни собиқ рафиқаси билан қонунан ажрашганини тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун ташриф буюради. Консуллик ходимлари ундан яна бир бор келишини сўрашади.

Иккинчи ташриф 2 октябр маҳаллий вақт билан 13:30 га белгиланади. У дўстларига консулликда ўзини «жуда илиқ» кутиб олишгани ва бу сафар ҳам ҳеч қандай муаммо юзага келмаслигидан умид қилаётганини айтади.

Шунга қарамай, у қайлиғи Ҳатича Женгиз қўлига иккита телефон тутқазиб, агарда консулхонадан чиқмаса Туркия президенти маслаҳатчиларидан бирига бу ҳақида зудлик билан хабар қилишни тайинлайди.

Ченгиз хоним бўлажак турмуш ўртоғини ташқарида 10 соатдан зиёд кутиб туради, аммо унинг қораси кўринмайди. Ҳатича Ченгиз Хашоқжи консулликдан умуман қайтиб чиқмаганлигини таъкидламоқда.

Туркия талқини

Турк расмийлари консулхона ичида жаноб Кашикчи бир гуруҳ Саудия махфий агентлари томонидан қийноққа тутилиб, сўнг ўлдирилгани ва танаси қисмларга ажратилганини айтмоқда.

Уларга кўра, буни тасдиқлайдиган овозли ва видео далиллар мавжуд. Турк нашрлари эса терговчилар кўриб чиқаётган овозли ёзувлар журналистнинг смарт-соати орқали қўлга киритилганини ёзмоқда, аммо Би-би-си бу далиллар билан шахсан танишган бирор турк расмийсини топишга муваффақ бўлмади.

"Ёзувларда унинг ва бошқа эркакларнинг араб тилида сўзлашаётганини эшитиш мумкин," деган турк махфий хизматларига яқин бир манба Washington Post'га. «Сўнг уни сўроққа тутилгани, қийноққа солингани ва ўлдирилгани эшитилади.»

Яна бир исми очиқланмаган юқори лавозимли турк расмийси New York Times нашрига жаноб Кашикчини йўқ қилиш учун Саудия махфий хизматлари томонидан бутун бошли амалиёт ташкил қилингани, унинг консулликка кириши билан икки соат ичида ўлдирилганини маълум қилган.

Туркияда чоп этилувчи Сабаҳ газетаси журналист йўқолган куни тонгда Истанбулга саудиялик махфий агентлар эканлиги тахмин қилинаётган 15 нафар шахс учиб келгани ва улар ўша куннинг ўзидаёқ ортга қайтиб кетгани ҳақида ёзган.

Би-би-си мазкур шахсларнинг бири Саудия истиҳборот хизматида полковник лавозимида бўлган ва 2007 йилда мамлакатнинг Лондондаги элчихонасида фаолият юритган Маҳер Мутраб эканлигини аниқлашга муваффақ бўлган.

Махфий агентларнинг тўққиз нафари 2 октябр куни тонгги соат учдан бироз ўтганда Саудия пойтахти ар-Риёддан Истанбулга шахсий самолётда учиб келган. Қолган шахслар эса бироз вақтдан сўнг етиб келган. Сўнгра гуруҳ консуллик яқинидаги икки меҳмонхонага жойлашган.

Турк телеканаллари саудиялик агентлар экани айтилаётган шахсларнинг Истанбул аэропортига келиб қўниши ва меҳмонхоналарга жойлашаётгани тасвирланган кузатув камералари кадрларини намойиш этган.

Камералардан олинган тасвирларда жаноб Хашоқжининг ташрифидан икки соат олдин бир неча машинанинг консулхонага келгани ва уларнинг бири журналист ташрифидан икки соат ўтиб, консулхона қароргоҳи томон жўнаб кетгани кўринади.

Консуллик резиденциясида ишловчи турк фуқароларига ўша куни «шошилинчда» уйга кетишлари лозимлиги айтилган.

Washington Post нашри АҚШ махсус хизматлари жаноб Хашоқжининг консулликка келишидан олдинроқ саудиялик расмийларнинг уни қўлга олиш борасида олиб борган ўзаро суҳбатларини қайд қилгани ҳақида хабар берган.

Саудия талқини

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўтган ҳафта Bloomberg News нашрига унинг ҳукумати ҳам жаноб Хашоқжига «нима бўлганини билишга ошиқаётгани»ни маълум қилган. Шаҳзоданинг иддаосича, журналист консулликни келганидан «бир неча дақиқа ёки бир соат» ўтиб, тарк этган.

«Яширадиган ҳеч нарсамиз йўқ,» қўшимча қилган шаҳзода.

Валиаҳд шаҳзоданинг Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси бўлган укаси шаҳзода Ҳолид бин Салмон журналистнинг ўлдирилгани ёки йўқолгани тўғрисидаги барча хабарлар «мутлақо ёлғон ва асоссиз» эканлигини таъкидлаган.

Мамлакатнинг ташқи ишлари вазири ар-Риёд журналистнинг йўқолиб қолиши масаласини текшириш бўйича «очиқ ҳамкорликка» тайёр эканлиги ва терговнинг бир қисми сифатида консуллик биносида қидирув ишлари олиб борилиши мумкинлигини айтган.

Туркия қидирув ўтказилиши таъкидлаган, аммо ар-Риёддан жаноб Хашоқжининг бинони тарк этгани юзасидан аниқ далиллар тақдим қилишини сўраган.

Туркия ҳукумати масалани саудияликлар билан текширишга розилик билдирган ва ўтган ҳафта текширувда иштирок этиш мақсадида Саудия делегацияси Туркияга етиб келган.

Айни вақтда, жаноб Хашоқжининг ўғли Саудия ҳукуматига тегишли Al Arabiya телеканалига отасининг йўқолиб қолиши воқеаси хорижий кучлар томонидан "сиёсийлаштириб" юборилганини айтган.

File photo of Jamal Khashoggi (8 May 2012)

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Жамол Хашоқжи 2 октябрдан бери бедарак йўқолган

'Шунчаки ёзувчиманʼ

Ғойиб бўлишидан атиги уч кун аввал жаноб Хашоқжи Лондонда Би-би-си билан суҳбатда бўлган эди.

Суҳбат давомида у ватанига бошқа қайтишига кўзи етмаслигини айтган.

«У ерда одамлар шунчаки мустақил фикрлагани учун ҳибсга олинмоқда,» деган у.

"Мен ўзимни мухолифатчи санамайман: мен доимо шунчаки ёзувчи бўлиб келганман, мен ёзишим ва фикримни эркин изҳор қилишим учун очиқ муҳит истайман ва бу истагимни Washington Post орқали амалга ошириб келмоқдаман."

У Саудия ҳукумати ўтказаётганини даъво қилган ислоҳотларни танқид остига олган.

"Аслида юз бераётган жиддий ўзгариш муҳокама қилинмаяпти - ҳар икки ҳафта ёки икки ойда валиаҳд шаҳзода бизга парламент муҳокамасидан ўтмаган, газеталарда тилга олинмаган кўп миллиард долларли қандайдир лойиҳани кўрсатади ва одамлар уни олқишлаб, зўр, дейди. Иш бунақа қилинмайди," деган у Би-би-си билан суҳбатида.

'Қатъий жазо'

13 октябр куни CBS News билан суҳбатда президент Доналд Трамп агар журналистнинг ўлимида масъул деб топилса, у ҳолда АҚШ Саудия Арабистонига нисбатан «қатъий жазо» қўллашини маълум қилган.

У бу хабардан «жуда хафа бўлгани ва жаҳлини чиққани»ни айтган, аммо икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий соҳага оид йирик шартномалар бекор қилинмаслигини таъкидлаган.

Jamal Khashoggi's fiancée Hatice waits in front of the Saudi consulate in Istanbul on 3 October 2018

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат тагсўзи, Журналистнинг қайлиғи Ҳатича Женгиз

«Биз бу ишнинг тагига албатта етамиз ва қатъий жазолар қўллаймиз,» деган президент Трамп.

Бироқ у ҳарбий шартномаларни бекор қилишдан бошқа жазо йўллари ҳам борлиги, Россия ва Хитой каби кучлар айни шундан умидвор бўлиб турганини айтган.

«Иш ўринларига зарар келтиришни хоҳламайман, бундай буюртмадан маҳрум бўлишни истамайман.»

Жаҳон Банки раҳбари Жим Ким норозилик тарзида Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган сармоя бўйича конференцияда иштирок этмаслигини маълум қилган.

Virgin Group халқаро конгломерати етакчиси Ричард Брансон Саудия Арабистони билан амалга оширилиши кўзланган икки йирик сайёҳлик лойиҳасига бошчилик қилишни тўхтатганини айтган.

У, шунингдек, Саудия ҳукумати билан $1 миллиардли сармоя бўйича музокараларни ҳам тўхтатган.

Жаноб Хашоқжининг йўқолиб қолиши ортидан дунё бўйлаб матбуот ходимларининг хавфсизлиги юзасидан хавотирлар янада ортмоқда. Айниқса, Яқин Шарқ минтақасида фаолият юритувчи фаоллар журналистларга таҳдид тобора ортиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.

Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитасига кўра, жорий йилнинг ўзида дунё бўйлан 27 нафар журналист ўлдириб кетилган, ўтган йили эса Саудия Арабистонининг ўзида 15 нафар журналист ҳибсга олинган.

Фаоллар Жамол Хашоқжининг йўқолиб қолиши ортидан бутун дунёга жар солаётган Туркиянинг ўзи энг кўп журналистни қамоққа ташлаган мамлакат эканини эслатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, 2016 йил июлидаги давлатни тўнтаришга муваффақиятсиз уринишдан сўнг Туркия 320 яқин журналистни ҳибсга олган ва ҳозирда уларнинг 200 дан ортиғи панжара ортида қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek