Ҳиндистон: Муҳаммад Пайғамбар ҳақидаги пост ортидан низо чиқди - видео

Муҳаммад Пайғамбарни ҳақорат қилгани айтилаётган пост сабабли Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида кўплаб мусулмонлар ғазабга келиб, кўчаларга чиқишган.
Ҳинд полицияси одамларга қарата ўт очган. Уч киши ҳалок бўлган.
Мусулмонларнинг айтишича, бир маҳаллий сиёсатчининг қариндоши Facebook ижтимоий тармоғида Муҳаммад Пайғамбарни ҳақорат қиладиган пост қўйган.
Бангалорда диний низо оқибати қандай бўлди? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шундан сўнг катта сондаги мусулмонлар ўтган сешанба тунида бу сиёсатчининг уйи олдида тўпланишган.
Бошқа гуруҳ мусулмонлар шаҳардаги полиция идораси олдига боришган.
Полиция вакилларининг Би-би-сига айтишича, улар атрофдаги автомашиналарга ўт қўйишган, воқеа жойига келган зобитларга ҳужум қилишган.
Полиция гумонланувчи одамни ҳибсга олган.
Шунингдек, намойишчилардан ҳам 110 нафари ушланган.
Масъулларнинг билдиришича, камида 60 нафар полиция зобити ўтган тундаги зўравонликда жароҳат олган.
Ҳозир Бангалор шаҳридаги иккита мавзеда комендантлик соати жорий этилди.
Расмийлар айни дамда вазият назорат остига олинганини билдиришмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, олдин оломонни тарқатиш учун елимтаёқ (дубинка) ва кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатилган.
Кейин ўт очилган.
Воқеа содир бўлган Карнатака штати расмийлари ўлим ҳолларини тасдиқлашди.
Низога сабаб бўлган Facebook тармоғидаги пост эса ўчирилган.
Ҳукумат вакиллари намойишчиларга мурожаат қилиб, оғир-босиқ бўлишни сўрашган ва айбдор жазоланади, деб ваъда беришган.
"Барча мусулмон биродарларимга муроржаат қиламан" - деган Карнатака штати Ички ишлар вазири Аханда Мурти - "Қонунни бузган бир одам туфайли уришманг".
"Ким айбдор бўлса, албатта жазосини олади. Мен сиз билан!"
Масжид ўрнида бутхона

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон - дунёвий мамлакат.
Айни пайтда, энг катта сонда мусулмонлар яшайдиган дунёдаги иккинчи мамлакат ҳамдир.
Бироқ сўнгги йиллари бу давлат сиёсатида ҳиндулар дини тарафга оғиш кузатилаётгани айтилади.
Бир йил олдин мусулмонлар зич яшовчи Кашмирнинг махсус мухторият мавқеи бекор қилинди.
Жамиятда ҳам ҳиндупарастлик кучайиб, Ислом дини ҳамда мусулмонларга қарши кайфиятлар зўравонлик тусини олаётгани кўзга ташланади.
Ҳиндистон бўйлаб айрим ҳинду миллатчи гуруҳлари тарафидан мусулмонларга ҳужум қилиш ва ҳатто ўлдириш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Бир неча кун олдин эса Уттар Прадеш штатида Бобур қурдирган тарихий масжид ўрнида ҳиндуларнинг Рам худоси учун бутхона тиклаш бошланди.
16-асрда тикланган Бобур масжидини 1992 йили Ҳинду миллатчилари бузиб ташлашганди.
Ҳиндулар у ерда Рам худоси туғилган, деб ишонишади.
Айни жойда масжид тикланадими ёки бутхона деган масалада чорак асрдан ҳам узоққа чўзилган маҳкама тортишуви 2019 йилда тугаган ва Ҳиндистон маҳкамаси у ерни бутхона қуриш учун ҳиндуларга берганди.
Ҳиндистон мусулмонлари эса ўз ватанларида ўзларини тобора бегонадек ҳис қилишга мажбур бўлаётганлари ҳақида айтишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












