Россия: Мамлакат собиқ допинг раҳнамосига 'чинакам' таҳдид - дунё, янгиликлар

Grigory Rodchenkov

Россия спортининг допинг бўйича устаси Григорий Родченков кенг соябонли сомон шляпаси соя ташлаб турган юзига ниқоб тутганча, шу ҳафта Би-би-сига интервью берди. Родченков Жаҳон Анти-допинг Агентлигига (ЖАДА) барчасини ошкор қилгач, ўз ҳаётини сақлаш учун АҚШда яширин ҳаёт кечирмоқда. Нима учун? Мэтт Маженди изоҳлайди.

Григорий Родченковнинг ҳозир айнан қаерда яширинганини жуда оз сонли одамларгина билади. Ҳатто унинг адвокати Жим Уолден унинг аниқ манзилидан бехабар. Аммо Россия расмийлари буни билиш иштиёқида.

2018 йил мартида Британиянинг Солсбери шаҳрида Сергей Скрипалнинг заҳарланишига норозилик белгиси сифатида АҚШ 60 Россия дипломатини мамлакатдан чиқариб юборганда, Уолден унинг мижози учун ҳам хавф яқинлашаётгани ҳақида хабар топди.

"Бюро (ФҚБ) бизга берган маълумотга кўра, Кремл томонидан доктор Родченковни топиш учун махсус юборилган уч россиялик АҚШдан чиқариб юборилган экан. Биз уларнинг суратларини кўрдик. Ҳа, доктор Родченков ҳаётига чиндан ҳам хавф бор."

Grigory Rodchenkov in 2007

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Григорий Родченков 2007 йили

Москвадаги допингни текшириш лабораторияси собиқ раҳбари бўлмиш Родченков 2012 йилги Лондон олимпиадасида ва, икки йил ўтиб, Сочида рус спортчилари допингдан фойдаланишига ёрдам берган эди. Аммо 2015 йили ЖАДА текширувлари натижасида унинг лабораториясида айрим спортчиларнинг тест натижалари яширилгани, 1417 та олинган намуналар тезликда йўқ қилингани ошкор бўлгач, Родченков АҚШга қочди. Сўнг, Оскар мукофотини олган ҳужжатли фильм "Икар"да кўрсатилганидек, айнан у бу ишлар фош этилишида муҳим роль ўйнаган, барчасини тан олган.

Айрим россияликларга кўра, бу ҳолат уни хоинга айлантирган. Президент Путин ўзини "Америка махсус хизматлари назоратидаман" деб ҳам ўйлаб қолган, Родченковни эса "муаммолари ошкора кўриниб турган аҳмоқ" деб атаган.

Бироқ ҳозирча Родченков ўзи гувоҳи бўлган воқеаларни айтиш учун тирик. Уолден айтганидек, "Унинг танасида бир неча ҳаёт яшаётганга ўхшайди. Шунча хатарларга қарамай, таниш‑билишлар ёрдами, омад ва бир қадар айёрлик билан унинг тирик қолганининг ўзи ҳақиқатан жуда ҳайратланарли."

Родченковнинг Россия допинг лабораториясидаги каръераси 2011 йили синглиси Марина билан наркотрафикда айбланганидаёқ поёнига етганди. Айбини тан олишга мажбурлангач, у мудҳиш ишга - ўзини ўлдиришга ҳатто уриниб кўрди.

Сўнг уни бир неча руҳий касалликлар шифохоналарига жойлаштиришди, адвокати Уолденнинг сўзларига кўра, турли "психотропик дорилар" беришди. Унинг Лондонга таклиф қилиниши ҳаётини сақлаб қолди.

Расман у 2014 йилда - Сочи ўйинлари вақтида ҳам лаборатория раҳбари эди. Шунинг боис, 2012 йили Ҳарлоу лабораторияси бош синовчиси Дэвид Коуэннинг таклифи билан Лондонга бора олди. Бу жосуслик маълумотлари тўплаш учун ажойиб фурсат эдики, қўлдан чиқариб бўлмасди. Шу боис, у расман барча айбловлардан озод қилинди.

Коуэн бўлаётган ишлардан хафа эди. Кўпчилик сингари у ҳам рус ҳамкасбларидан шубҳаланарди. Аммо булар унинг ихтиёридаги ишлар эмасди. "Чунки у Халқаро Олимпия қўмитаси тиббий комиссияси аъзоси эди. Лаборатория эса сўралган барча маълумотларни унга бериши керак эди. - дейди у. - Унда ҳамма нарсани кўришга ваколат бор эди."

Шундай қилиб Россия атлетлари учун туринабол танланди. Бу дори 1970 йили Шарқий Германияда давлат қўллови билан амалга оширилган допинг дастури доирасида яратилганди.

Родченков лабораторияга бормасидан олдиноқ, руслар қўлга тушиб қолиши эҳтимоли катталигини билган. Ўйинлар кетаётган пайтда эмас, албатта. Узоқ яшовчи метаболитларни текширувчи мутлақо янгича тест усули ҳаммасини фош қилиб қўйиши мумкин эди.

Буни билишининг сабаби шундаки, тестни унинг ўзи кашф қилганди, руслар учун бу кейинчалик қимматга тушишини билса ҳам, унинг ўзи 2011 йили бу ҳақда мақола нашр қилганди. Нега шундай қилди - ҳамон сир.

Ва улар қўлга тушди ҳам. 2012 йили Лондон Олимпиадасидан дисквалификация қилинган 140 спортчининг учдан бири руслар эди. Лондон ўйинларидан роппа-роса саккиз йил ўтиб, 6 августгача талай маълумот эълон қилиниши мумкин. Шундан сўнг бўлак қайта синовлар бўлмайди.

Аммо 2012 йили Родченков аллақачон янги дориларга ўтганди. Уч турдаги анаболик стероидлар - оксандролон, метенолон ва тренболондан таркиб топган, "Герцогиня коктейли" номи билан машҳур дори ферма ҳайвонларини тезроқ ўстириш учун қўлланарди. Уларни узоқ сақланадиган метаболитларни текшириш билан аниқлаб бўлмасди.

Grigory Rodchenkov

Сурат манбаси, BBC Sport

Сурат тагсўзи, Григорий Родченков 2018 йили Би-би-сига интервю берган

Сочи қишки ўйинларида "коктейл"ни алкогол билан - эркаклар "Chivas" вискиси билан, аёллар вермут ичимлиги билан - аралаштириб, оғизни яхшилаб чайиб, тупуриб ташлашди. Дори лунж ҳужайралари орқали организмга тушар эди.

Россия допинг машинаси авваллари атлетларга дорини машғулотлар вақтида берган бўлса, "коктейл" айнан мусобақа бошланган пайтда қабул қилинарди. "Икар" фильмида кўрсатилганидек, русларнинг кирланган сийдик намуналари ЖАДА лабораториялари деворларидан ўтиб, уларнинг ўрнига айни шу йўлдан уларнинг тозаланганлари кириб келарди.

Бу ерда ниҳоятда мустаҳкам ҳимояланган шиша идишни юпқа метал билан очиш техникаси иш беради. Уни Россия хавфсизлик хизмати - ФСБ ривожлантирган. Бутун олимпия ўйинлари миқёсида қўлланган бу найранг Путинни хурсанд қилиб, 33 медални мамлакатга олиб берган.

Атиги уч йил олдин қамалган Родченков Россия ҳукуматининг "Дўстлик ордени" билан тақдирланди.

Аммо яхши кунлар узоқ давом этмади. Россия ахборот етказувчилари, 2014 йил декабрдаги немис тележурналистларининг суриштирувлари, унинг кетидан ЖАДАнинг текшируви натижасида Россия ҳукумати дастаклаган допинг дастури ошкор қилиниши қарталардан қурилган қасрни бузиб юборди.

Grigory Rodchenkov examining a tamper-proof urine sample bottle in the documentary, Icarus

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, "Икар" ҳужжатли фильмида Родченков сийдик намунаси сақланадиган идишни текширмоқда

ЖАДА эълон қилган ҳисоботдан бир неча ҳафта ўтиб, Родченковнинг Кремлдаги дўсти, ўзининг айтишича, унинг ҳаёти хавф остидалигини хабар қилган. Шу билан Родченков юкини орқалаб, хотинини ўпиб, болалари билан хайрлашиб, АҚШга жўнаган. Сўнг у ушбу масаладаги бошқа текширувчилар, жумладан, канадалик ҳуқуқшунос Ричард МакЛарен билан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Текширувлар Россиянинг Сочи ўйинларидаги найрангларини батафсил кўрсатган. Шу билан Россиянинг енгил ва оғир атлетикачилари Риода ўтган Олимпия ўйинларига қўйилмади.

Ўшандан буён, Родченковнинг гувоҳлиги асосида тақиққа тушган 28 спортчининг шикояти Спорт бўйича арбитраж судининг қарори билан далиллар етарли бўлмагани учун қаноатлантирилган ва тақиқ олиб ташланган. Аммо Россиянинг ўз қилмишини оқлаши борасида бирор ҳаракат кўринмаяпти. Декабр ойида у лаборатория хулосаларини сохталаштиргани учун тўрт йилга барча катта спорт мусобақаларидан четлатилди. Россиянинг ноябр ойида мазкур қарорга қарши берган шикояти кўриб чиқилса, лаборатория хулосаларига янада кўпроқ ойдинлик киритилиши, Родченковнинг даъволарини текшириш учун қўшимча далилларни ўртага чиқариши мумкин.

Уолденнинг айтишича, Родченков агар Россияда қолганида, тақдирнинг қандай ўйинлари бўлиши мумкинлигини у яхши билади. 2016 йили икки ҳафта ичида, Родченков кетганидан кўп ўтмай, Россия Анти-допинг агентлигининг (Русада) икки собиқ раҳбари Вячеслав Синев ва Никита Камаев шубҳали тарзда ўлди.

Уолденга кўра, Россия дипломатлари АҚШдан чиқариб юборилгандан сўнг ҳам, Родченковнинг ҳаётига жиддий хавф ҳамон соя солиб турибди.

"Ҳозирги Россия гангстер давлати тепасида Владимир Путин ўтирар экан, Родченков учун ҳаловат бўлмайди, - дейди Уолден. - У ҳар сафар елкаси оша қараши, атрофни кузатиши, ҳар қадамида эҳтиёт бўлиши керак."

Grigory Rodchenkov appears by videolink at a Foundation for Sports Integrity conference in May 2018

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2018 йилдаги конференцияга ҳам Родченков видео орқали иштирок этганди

Русада директори ўринбосари Маргарита Пахнотская ташкилотнинг "ишчанлиги ва обрўсини тиклаш" ўзининг вазифаси этиб белгиланганини айтар экан, Россия аксилдопинг тизими қўйилган мақсадни тўкис адо эта олишига ишонишини таъкидлайди. Аммо дунёда унинг обрўсини тиклаш учун ҳали кўп иш қилиниши кераклигини тан олади.

"Менинг ҳаётий шиорим "Сўзда эмас, ишда кўрсат, - дейди Пахнотская. - Одамлар ўзлари хулоса чиқарсин. Ҳозир Русада мутлақо бошқа... бу энди бошқа ҳикоя, бошқа одамлар, бошқа жараёнлар. Биз тўғри йўлдан кетаётганимизни ҳис қилиб турибман."

Родченковга келсак, буларнинг баридан у қаҳрамон бўлиб чиқармикан ёки бадкирдор бўлиб чиқармикан?

"Ҳа, у ўзи ишлаган вақтларда тизимдаги бир бадкирдор эди, - дейди ЖАДАнинг асосчи президенти Дик Паунд. - У ҳозир ўзини хавфга қўйиб бўлса ҳам, барини фош қилди. Энди у Россия ҳукумати уни топиш, мамлакатга қайтариш ёки бошқа бирор чора кўриш учун нима кароматлар кўрсатишидан хавотирда яшайди. Билмайман, бу уни қаҳрамонга айлантирадими, йўқми, аммо уни жасоратли қилиши аниқ."

Родченков атлет сифатидаги каръераси давомида ўзи ҳам дорини қабул қилганини яшириб ўтирмайди. ЖАДАнинг собиқ президенти Жон Фаҳи Родченков билан Лондондаги лабораторияга боргани ҳақида менга ҳикоя қилиб берганди. Улар уч спортчининг суратлари олдидан ўтаётганда - у суратда ёш Родченковнинг ўзи ҳам бор эди - Родченков қўли билан ҳар учаласини кўрсатиб, "Допинг, допинг, допинг", деди".

Ўзининг ҳикоясига келсак, уни шу ҳафта китоб дўконларини эгаллаган бутун бошли китобда - "Родченков иши"да (Rodchenkov Affair) айтиб беради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek