Уруш ва тинчлик: Исроил Ғазога учоқ ва танклар билан ҳужум қилди, Ғазодан ракеталар учирилди

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Армияси Ғазо бўлгасидан жангарилар 90 атрофида ракета отганини айтмоқда. Исроил танклар ва ҳаводан ҳужум орқали Ғазога ҳужум қилган. Ҳужумлар натижасида бир фаластинлик ҳалок бўлгани 4 киши жароҳатланганлиги айтилмоқда.
Исроил мудофаа армияси матбуот хизматининг хабар беришича, мамлакат ҳарбийлари Ғазо бўлгасидан 90 атрофидаги ракета учирилганини қайд қилган. Уларнинг бир неча ўнтаси "Темир гумбаз" мудофаа тизими орқали қайтарилган.
Исроил армияси Ғазо бўлгасидаги ХАМАС жангариларининг 30 дан ортиқ нуқтасига ҳужум уюштирган. Ҳарбий амалиётларда танк ва учоқлар иштирок этгани айтилмоқда.
Исроил Армиясига кўра, ракета отилиши натижасида жабрланганлар йўқ. Бироқ улардан бири Ашкелон шаҳри четидаги қишлоқда жойлашган уйга келиб урилган.
Исроил армияси Twitter саҳифасида чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли бомбапаноҳларга югириб кетаётгани тасвирланган сурат жойлаштирди.
"Танкларимиз Ғазодаги ХАМАС нуқталарига ҳужум қилишда давом этмоқда", дейилади Исроил ҳарбийларининг хабарида.
Ғазо бўлгаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, Исроил томонидан уюштирилган ракета ҳужуми натижасида 22 ёшли эркак ҳалок бўлди. Яна тўрт фаластинлик жароҳат олди.
Ғазо бўлгасидаги чегарада навбатдаги таранглашув фаластинлик мерган Исроилнинг икки аскарини яралаганидан сўнг бошланди.
Бунга жавобан Исроил ҳаво кучлари Ғазодаги жангарилар жойлашган нуқталарга ҳужум қилди. Натижада ХАМАСнинг икки жангариси ҳалок бўлди.
Исроил армияси томонидан чегара олди тўсиқларининг ўққа тутилиши натижасида яна икки фаластинликнинг жони узилди.

Сурат манбаси, Reuters
Тел-Авив шимолидаги уй ракета ҳужумидан бузилганидан сўнг, 26 март куни Исроил Ғазо бўлгасидаги нишонларига кетма-кет ҳужум уюштирди.
Исроил томонининг таъкидлашича, 15 март куни Ғазо бўлгасидан Тел-Авив томонга қарата ракеталар учирилган. Натижада Тел-Авив ва унга яқин шаҳарларда тревога сигналлари ишлаб кетган.
Бу ҳолат 2014 йилдан бери илк маротаба содир бўлган.
Би-би-сининг Яқин шарқдаги мухбири Том Бейтманнинг айтишича, минтақада навбатдаги зўравонлик учқуни Миср ва БМТ Ғазо бўлгасида узоқ муддатли ярашув шартларини келишишга уринаётган бир вақтда рўй бермоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












