Дин ва дунё: ‘Беваман, сикҳ эркаклари менга уйланишни истамаяптиʼ

Minreet Kaur

27 ёшида Минрит Каур Лондондаги Сикҳ ибодатхонасида танишиб қолган эркак билан турмуш қуради. Бироқ унинг турмуши омадли кечмайди ва Минрит ота-онаси уйига қайтиб келади. Ўшандан бери 10 йил ўтган ва у битта аччиқ ҳақиқатни англаб етган: аксар сикҳ эркаклари эрдан ажраган аёлга уйланишни истамайди.

"Агар мендан ажраладиган бўлсанг, бошқа ҳеч қачон турмушга чиқа олмайсан!" деб бақирган эди эрим.

Сикҳ жамоатида ажрашиш, айниқса, аёллар учун иснод саналади.

Очиғини айтсам, мен ўзимдан уяламан. Ўзимни ифлос ва фойдаланилган буюмдек ҳис қиламан. Менга фойдаланиладиган буюмдек қарашини олдиндан билган ҳолда бошқа эркак билан қандай гаплашаман?

Яқинларим эса дардимга фақат дард қўшишди.

Лондонда яшайдиган бувим бошимдан ўтганларни билиб туриб ҳам, қайта турмуш қуришга уринишим зарурлигини тинмай таъкидлади. Отамнинг Ҳиндистонда қолган оиласи уйга келиб қолганимдан, уларни "номусга қўйганим"дан ёзғирди. Шунга қарамай, ота-онам менинг кўнглимга қарадилар.

Ажрашганимдан кейин уч йилни зўрға ўтказдим, 2013 йилдан яна турмуш ўртоқликка муносиб эркак ахтара бошладим.

Бу орзуйимни рўёбга чиқаришда одамлар жон, деб менга ёрдам беришга рўйхушлик билдирарди. Бироқ ажрашганимни айтишим билан уларнинг юз ифодаси буткул ўзгариб қолар ва уларнинг хатти-ҳаракатидан фақат бир жавобни уқар эдим: «Сизга ёрдам бера олмаймиз.»

Менинг биринчи турмушим ярим ихтиёрий тарзда қурилган. Ота-онам ёшинг ўтиб қоляпти, деган гаплар билан менга босим бераверганидан ибодатхонага бориб, мени кимдир билан таништириб қўйишларини сўраган эдим.

Турмушим бузилиб, яна турмуш ўртоқ излай бошлаган вақтларимда, бошқа бир ибодатхонага бориб, умр йўлдош қидираётганлар рўйхатига ёзилдим. Мен ибодатхонанинг фақат ўз табақамдаги эркакларни топишини олдиндан билар эдим, аммо билмаганим - уларнинг фақат ажрашган эркаклар топиб бериши эди.

Ибодатхона ходими менинг маълумотларимни ўқиб кўриб, шундай деди: «Аёлидан ажраган икки эркак бор - сизга муносиб фақат шулар, холос.»

Sikh woman with henna-patterned hands

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сикҳизм динида эркак ва аёл тенг ҳисобланади

Бироқ мен бошқа ибодатхоналарда ажрашган эркакларни бирор марта ҳам турмуш қурмаган қизлар билан таништираётганларини кўрганман. Шундай экан, бева аёллар нега бўйдоқ эркаклар билан учрашиши мумкин эмас? Бу гўё ажрашувга эркаклар эмас, фақат аёллар айбдор, дегандек гап.

Мен ибодатхона раҳбари жаноб Гревалдан бундай ҳолнинг сабабини сўрадим. У бунга ибодатхонанинг алоқаси йўқлиги, ота-оналар ва эркаклар доим айнан турмуш қурмаган қиз қидиришини айтди.

«Улар ҳеч қачон бева аёлни ўз оиласига қабул қилмайди. Эътиқодимиз бўйича сикҳлар жамоатида бундай ҳол ҳеч қачон содир бўлмайди.»

Шу сабабдан сикҳ оилаларида ажрашиш ҳолати жуда кам кузатилади. 2018 йилдаги маълумотга кўра, Британиядаги сикҳ жуфтликларнинг атиги 4 фоизи расман ажрашган, 1 фоизи бирга яшамай қўйган. Уларнинг жуда кам қисмигина қайта турмуш қурганини тахмин қилиш мумкин.

Бироқ ёш сикҳларнинг дунёқараши ўзгармоқда. Айрим ёшлар менга ажрашишга у қадар катта масаладек қарамаслигини айтган. Бироқ менинг авлодимда мутлақо ўзга ҳолат: ҳатто, қизи ёки опа-синглиси ажрашиб, уйга келиб қолган эркаклар ҳам бошқа беваларни айблаб ўтираверади.

A wedding in Sri Guru Singh Sabha Sikh temple in Southall, in 2017

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лондондаги Сикҳ ибодатхонасида тўй маросими

Шу каби қарашдаги одамлар менга доим бола туғишга ёшинг ўтиб қолди, дейишади.

Аслида, ёшим 38 да ва бола кўришга ҳали қариб қолганим йўқ. Бу одамларнинг яна бир нотўғри тушунчасидан бошқа нарса эмас.

Баъзида эса Британияда ўзимга жуфт топа олмаслигимни айтиб, яхшиси, Ҳиндистонга қайтиб бор, деб маслаҳат беришади.

Онам танишларидан бирининг ўғлидан мени кимдир билан таништириб қўйишни сўрабди. У йигит нима жавоб берганини биласизми? «Қизингиз бўёғи қирилган машина, уни биров олиши қийин,» дебди.

Мен оддий сикҳ эмас, балки айнан салла ўраган сикҳ излаб, ҳаммасини мураккаблаштириб юборганимни яхши биламан. Уйланмаган сикҳлар орасида салла ўраган, асл тақводорлари жуда камчиликни ташкил қилади.

Sikh men in London, 1935

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1935 йили Лондондаги сикҳ эркаклари. Бироқ бугун ҳамма сикҳларнинг ҳам бошида салла бўлмайди.

Салла мен учун жуда муҳим нарса. Эътиқод мен учун жуда муҳим - эркак ва аёл тенгдир ҳамда биз бир-биримизни айбламаслигимиз керак, деб уқтирадиган сикҳ эътиқоди муҳим менга.

Кимдир билан шунчаки кўнгилхушлик, вақт ўтказиш учун учрашишни истамайман. Шу билан бирга менга шунчаки уй бекасидек муомала қиладиган эркак билан умримни боғлашни ҳам хоҳламайман. Мен мустақил шахсман ва ўзимга муносиб жуфт изламоқдаман.

Ўтган ой дўстим бир эркак билан таништириб қўйди. Ёши 40 дан ўтган бу эркак бева аёлни никоҳига олишни истамаслигини айтди.

Охирги 10 йил ичида 40 га яқин эркак билан учрашиб кўрдим. Сўнгги бир неча ойдан бери салла ўрамаган сикҳ, ҳаттоки, сикҳ бўлмаган эркак билан гаплашиш ҳақида ўйлай бошладим. Дўстларимнинг баъзилари аллақачон шундай қарорга келган.

Бошимдан ўтганларни ҳикоя қилишимдан мақсад - бошқаларга бева аёл бўлишдек «шармандалик»дан қутилишга ёрдам бермоқчиман. Эҳтимол, менинг сўзларим бошқа аёлларни ичидагиларни очиқ айтишга илҳомлантирар. Агар аёллар фақат гап-сўзга қолмаслик учунгина ўзи истамаган инсон билан яшаётган бўлса, уларга бундай турмушдан воз кечинг, дейман. Биз, аввало, инсонмиз ва эркаклар билан бир қаторда тенг муносабат кўрсатилишга арзиймиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Presentational white space