Ўзбекистон ва дунё янгиликлари: Янги Зеландияда масжидларга ҳужум, Трампнинг қўлдан кетган ‘олтин имкониятиʼ ва Илон Маскдан янги совға

Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Крайстчўрчдаги икки масжидга ҳужум оқибатида қурбонлар сони 49 нафар эканлиги айтилмоқда. Яраланганлар сони эса 20дан ортиқ.Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн фожеани "террорчилик ҳужуми" деб атади.Унга кўра, бугун мамлакат тарихидаги "энг қора кунларидан бири" бўлган.

Ҳужумларга алоқадор дея гумон қилинган уч эркак ва бир аёл қўлга олинган.

Аммо полиция мулозимига кўра, бошқа гумондорлар яширинган бўлиши мумкин.

Австралия Бош вазири Скотт Моррисоннинг айтишича, қўлга олинганлардан бири Австралия фуқаросидир.

У ҳибсдаги шахсни "экстремист ўнг қанот, зўравон террорчи" деб атаган.

Ҳозирга қадар нима маълум?

Гувоҳлар Ал Нур масжиди ташқарисида қонга беланган одамлар ётганини кўришган.

Шаҳар ташқарисида иккинчи масжиддагилар эвакуация қилинган.

Полицияга кўра, кўплаб қурбонлар бор.

Улар портловчи ускуналар ўрнатилган бир неча машиналарни тўхтатишган.

Мулозимлар шаҳардаги барча масжидларни ёпиб туришни маслаҳат беришган.

Ҳозирга қадар қуролланган шахслар сони маълум эмас.

Ҳужумчилардан бири австралиялик бўлиб, у аксил муҳожир сиёсатни қўллаши ҳақида ёзган.

Яна бир ҳужумчи масжидга ибодат учун йиғилганларни отар экан, жараённи жонли ёзиб олгани видеоси тарқалган.

Полиция бу видеоёзувларни тарқатмасликка чақирмоқда.

Facebook ва Instagram ҳужумчининг ҳисобларини тармоқдан олиб ташлаган.

Масжидларда нима бўлганди?

A file picture of the Al Noor Mosque on Deans Avenue in Christchurch, New Zealand

Сурат манбаси, Reuters

Воқеалар ривожи ҳали ҳам аниқ эмас.

Аммо маҳаллий матбуотга гувоҳларнинг айтишича, биринчи ҳужум Ал Нур масжидида бўлган.

Гувоҳлар ерда қонига беланиб ётган одамларни кўришгани ҳақида ҳикоя қилишган.

Жони омон қолганлардан бири TV New Zealand га, у ҳужумчи бир эркакни кўкрагидан отиб ташлаганини кўргани ҳақида айтган.

Бу ҳужумчи аввал эркаклар ибодат хонасини нишонга олган, кейин аёллар хонасига ўтган.

"Мен фақат Худодан бу одам қўлидаги қуролида ўқлари тезроқ тугасин, деб сўрардим", деб айтган гувоҳлардан бири.

Шимолий Корея: АҚШ 'олтин имконият'ни қўлдан бой берди

Шимолий Корея

Сурат манбаси, EPA

Шимолий Корея ташқи ишлари вазири ўринбосари Чой Сун-ҳуй яқинда Въетнамда бўлиб ўтган учрашувда АҚШ ўз қўлида турган «олтин имконият»ни бой бергани ва Шимолий Корея, эндиликда, ядро дастурига барҳам бериш бўйича икки давлат дипломатлари ўртасида ўтаётган музокараларни тўхтатиб қўйиши мумкинлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари мулозим Шимолий Корея ядровий қуроллар синовини қайтадан бошлаши эҳтимолидан ҳам огоҳлантирган.

Ўтган ойнинг охирида Ветнамда ўтган учрашувда Шимолий Корея ўзининг энг асосий Ёнгбён ядро синови комплексини демонтаж қилиш таклифини берган эди.

Бироқ президент Трамп Шимолий Корея ядровий дастурга алоқадор барча жойларини бузиб ташламагунча, мамлакатга нисбатан жорий қилинган санкциялар олиб ташланмаслигини таъкидлаши ортидан икки давлат раҳбари учрашуви самарасиз якун топган эди.

Хитойда хорижий инвестициялар тўғрисида қонун қабул қилинди

Хитой АҚШ билан давом этаётган савдо уруши фонида хорижий инвестициялар тўғрисида янги қонун қабул қилди. Кузатувчилар расмий Пекин шу йўл орқали АҚШ билан кечаётган савдо музокараларини енгиллаштириш ва Вашингтонга бироз ён беришни кўзламоқда, дейди.

Ўтган бир йил ичида ҳар икки томон бир-бирига миллиардлаб долларга тенг бож тўловлари жорий қилган. Кейинги йилнинг 1 январидан кучга кирувчи мазкур янги қонун маҳаллий ва хорижий бизнесларнинг янада эмин-эркин фаолият юритишига замин яратади. Би-би-си мухбири Стивен Макдонел ушбу қонун қабул қилинишини савдо урушида "Хитой томонидан АҚШ бошига тақилган ғолиблик гулчамбараги"га менгзаган.

Сенатор Мираброр Усмонов вафот этди

Мираброр Усмонов

Сурат манбаси, kun.uz

Бугун эрталаб сенатор Мираброр Усмоновнинг оламдан ўтгани хабар қилинди. Бундан бироз олдин маҳаллий матбуот 72 яшар Усмоновнинг кома ҳолатида жонлантириш бўлимида қолаётгани ҳақида ёзган эди. У ўпка ва нафас йўллари хасталигининг оғирлашиб кетиши оқибатида вафот этган.

Ўз фаолиятини ошпаз сифатида бошлаган Усмонов 1990 йилларга келиб, турли ҳукумат лавозимларини эгаллай бошлаган. Жумладан, 1994-2005 йилларда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган, 2005 йилдан Сенат аъзосига айланган, 2006-2017 йилларда Ўзбекистон Футбол Федерациясини бошқарган.

Тесла компанияси Model Y электромобилини намойиш қилди

Tesla

Сурат манбаси, Tesla

Тесла раҳбари Илон Маск Лос Анжелесда бўлиб ўтган тадбирда оммавий сотувга мўлжалланган Model Y электромобилини эълон қилди. Моделнинг бир қувват билан 482 километр масофа босиб ўта олувчи талқини кейинги йил $47,000 нарх остида сотувга чиқарилади.

Бир қувват билан 370 километр йўл босувчи арзонроқ талқин эса 2021 йилда $39,000 дан сотила бошланади.

Мазкур модель Тесла ва унинг раҳбари Илон Маск учун ўтган оғир давр ортидан эълон қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek