Мудҳиш жиноят: Австралияда қулупнайлар ичига ким игна суқиб қўймоқда?

Сурат манбаси, JOSHUA GANE
Австралия бўйлаб ичига кичик игналар санчиб қўйилган қулупнайлар топилганидан сўнг мамлакат ҳукумати бу иш юзасидан зудлик билан тергов бошлашга кўрсатма берди.
Шу вақтга қадар игна билан «заҳарланган» қулупнай қадоқлари мамлакатнинг олти штати ва ҳудудидан топилган. Соғлиқни сақлаш вазири бу ҳолатни «ваҳший жиноят» деб атаган.
«Игнали» қулупнай истеъмол қилган бир эркак касалхонага ётқизилган.
Ҳодиса ортидан бир неча компания супермаркет ва дўконларга ўзи етказиб берган қулупнайларни қайтариб олган, Янги Зеландияда эса йирик маркетлар эҳтиёт чораси сифатида Австралиядан келтирилган қулупнайлар савдосини вақтинча тўхтатиб қўйган.
Австралия соғлиқни сақлаш вазири Грег Ҳант тегишли ташкилотларга мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказишга буйруқ берган.
«Бу ўта ваҳшиёна жиноят ва бу тинч аҳолига оммавий ҳужум қилишдир,» деган у.
Маҳаллий расмийлар ҳам ҳодисани диққат билан ўрганишни бошлаб юборганлар, аммо ҳозирча бирор гумондор шахс ёки шахслар аниқланмаган.
Ортаётган хавотир
Ҳаёт учун хавфли бўлган қулупнай илк бор ўтган ҳафта Квинслендда аниқланган. Сўнг "игнали қотил" маҳсулот Янги Жанубий Уэлс, Виктория, Австралия Пойтахт Ҳудуди, Жанубий Австралия ва Тасманияга тарқалган.
Қулупнай етиштирувчилар ва полиция барча қулупнайлар бир шахс ёки шахслар томонидан зарарланмагани, балки турли ҳудудлардан топилган маҳсулотга ҳодисадан "илҳомланган хаваскорлар" томонидан игна санчиб қўйилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Сурат манбаси, JOSHUA GANE
Квинсленд штати ҳукумати жиноятчиларни топишга кўмаклашган шахсга $72,000 мукофот ваъда қилмоқда.
«Ақли соғ бўлган одам қандай қилиб шу йўл билан гўдаклар ё бошқалар ҳаётини қасддан хавф остига қўйишни истар экан?» ғазабини яширмайди Квинсленд штати раҳбари Аннастасия Пелешек.
Ўтган ҳафта Квинсленд Қулупнай Етиштирувчилар Уюшмаси игналар бирор «норози ишчи» томонидан санчиб чиқилган бўлиши мумкинлигини айтган эди. Бироқ полиция уюшма фараз қилишда бироз шошилганини маълум қилган.
Камида олтита қулупнай савдоси билан шуғулланувчи бренд ҳодисага аралашиб қолгани айтилади.
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари аҳолини истеъмолдан олдин қулупнайларни ўртасидан кесиб кўришга чақирмоқда.
Қулупнай етиштирувчилар айни мавсум қайнаган бир пайтда юзага келган ушбу мудҳиш ҳодиса йиллик савдо ҳажми деярли юз миллион АҚШ долларига тенг соҳа учун катта зарарлар олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Игна ҳодисасидан сўнг мамлакат бўйлаб қулупнай нархи кескин тушиб кетди. Ҳатто, Ғарбий Австралия ҳудудида дам олиш кунлари ушбу маҳсулот ўз таннархидан арзон сотилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
17 сентябр куни Янги Зеландиядаги икки энг йирик озиқ-овқат етказиб берувчи компания, хавотирлар боис, Австралиядан қулупнай олиб келишни тўхтатганини маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












