Кашмир ва икки ядровий қудрат: Покистон ва Ҳиндистоннинг туганмас уруши

Indian security forces inspect the remains of a vehicle following an attack on a paramilitary Central Reserve Police Force (CRPF) convoy that killed at least 46 troopers and injured several others

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жангарилар томонидан 14 феврал куни уюштирилган ҳужум жорий йил ҳисобидан энг қонлиларидан бири бўлди

Кашмирда яна танглик. Покистон Ҳиндистоннинг икки қирувчи самолётини уриб туширди. Учувчиларини қўлга олди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Кашмир туфайли давом этаётган зиддият фонида кузатилган.

Ҳозирча Ҳиндистон бу воқеага нисбатан расман муносабат билдирмаган.

Ўтган тарих давомида бу икки давлат ўзаро икки урушни бошдан кечирган ва улар ядро қуролига эгалик қилади. Кашмир нега Покистон ва Ҳиндистон ўртасига нифоқ солган?

Уруш қанчадан бери давом этади?

Ҳиндистон ва Покистон мустақилликка эришган узоқ 1947 йилдан олдин ҳам Кашмир анчайин мубоҳасали ҳудуд эди.

Ҳиндистон Мустақиллиги тўғрисидаги Қонунда келтирилган режага кўра, Кашмирга Ҳиндистон ёки Покистонга қўшилиш юзасидан эркин қарор олиш ҳуқуқи берилади.

Маҳарожа (маҳаллий ҳукмдор) Ҳиндистонни танлайди ва, оқибатда, 1947 йили икки йилга чўзилган уруш бошланиб кетади.

Икки давлат 1965 йилда ҳам Кашмирни талашиб, уруш қилади. 1999 йилда қисқа муддатли уруш ҳолати юзага келади.

Бу вақтга қадар Покистон ва Ҳиндистоннинг иккиси ҳам ўзини ядровий қудрат, дея эълон қилиб бўлган эди.

Ғазабнок кашмирликлар

Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқарилувчи ҳудудидаги кўплаб маҳаллий одамлар расмий Деҳлидан мустақил бўлиш ёки Покистонга қўшилишни исташини маълум қилади.

Ҳиндистонга қарашли Жамму ва Кашмир штати аҳолисининг 60 фоиздан зиёди мусулмонлардир. Жамму ва Кашмир мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи Ҳиндистондаги ягона штат саналади.

Юқори даражада ишсизлик, қаттиқ хавфсизлик назорати ва исёнчилик ҳаракатлари ўтган йиллар давомида Кашмирдаги вазиятнинг мураккаб ҳолда қолишига сабаб бўлган.

Кашмирда 1989 йилдан бери зўравон айирмачи ҳаракатлар бир пайдо бўлиб, бир йўқолиб туради. Бироқ 22 яшар ҳарбий етакчи Бурҳон Ванининг 2016 йил июль ойида ўлдирилиши минтақа бўйлаб янги норозилик намойишлари ва бўлгинчи ҳаракатлар бошланиб кетишига турки берган.

Ҳарбий амалиёт чоғида ҳалок бўлган Вани ижтимоий тармоқларда, айниқса, ёшлар орасида машҳур эди. У минтақадаги исёнкор ҳаракатларни қайта уйғотаётган шахс сифатида кўрилар эди.

kashmir map

Ванининг дафн маросимида қатнашган минглаб одамлар, кейинроқ, ҳарбийлар билан тўқнашган ва бу талатўп бир неча кун давом этган эди. Тартибсизликлар оқибатида 30 дан ортиқ тинч аҳоли ҳаётдан кўз юмган, яна кўплаб одамлар тан жароҳати олган.

2018 йил давомида эса оддий фуқаролар, хавфсизлик кучлари ва жангарилар дохил 500 дан зиёд инсон ҳалок бўлган. Бу охирги ўн йилликда ҳудуддаги ўлим билан боғлиқ энг йирик рақамдир.

Тинчликдан умид борми?

Ҳиндистон ва Покистон узоқ йиллик қонли тўқнашувлар ортидан 2003 йилда оташкесимга эришган эди.

Кейинроқ Покистон ҳудуддаги исёнчиларни дастаклашни тўхтатишга ваъда берган, Ҳиндистон эса, ўз навбатида, агар бўлгинчи жангарилар қуролини ташласа, уларни афв этишини маълум қилган.

2014 йилда ҳокимиятга келган миллатчи кучлар Покистонга нисбатан қатъий жавоблар қайтаришга сўз берган, аммо, айни вақтда, тинчлик музокаралари ўтказишга ҳам рўйхушлик билдирган.

Pakistani Prime Minister Nawaz Sharif shakes hands with Prime Minister Narendra Modi after the swearing-in ceremony of the NDA government in New Delhi on Tuesday, May 27, 1014

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Моди ва Шариф ўзаро муқим тинчликка эришишни ваъда қилишган

Ўша вақтдаги Покистон бош вазири Навоз Шариф Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг қасамёд маросимида иштирок этган э

Бироқ орадан бир йил ўтгач, Ҳиндистон шимолий Панжоб штатидаги ҳаво базасига уюштирилган ҳужумда Покистонда асосланган жангари гуруҳларни айблаб чиққан. Шунингдек, жаноб Моди 2017 йилда Покистонда ўтказилган минтақавий саммитга ташрифини ҳам бекор қилган. Ўшандан бери тинчлик музокараларида бирор олдинга силжиш кўзга ташланмаётир.

Сўнаётган умидлар

2016 йилда юзага келган кўча намойишларининг қаттиққўллик билан бостирилиши, 2018 йилдан ҳудуднинг бевосита Деҳли томонидан бошқарила бошланиши одамлардаги норози кайфиятни кучайтириб юборган.

2016 йилдан бери ҳудудда жойлашган ҳарбий базаларга исёнчилар томонидан бир қанча ҳужум амалга оширилган.

Аммо 14 февраль куни худкуш ҳужуми оқибатида 40 дан зиёд ҳиндистонлик аскарнинг ҳалок бўлиши тинчликка нисбатан ҳар қандай умиднинг сўнишига сабаб бўлди. Ҳиндистон бу ҳужумда Покистонда асосланган жангари гуруҳларни айблади.

Айни кунларда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият ўз чўққисига чиққанча қолмоқда.

Ҳиндистон Покистонни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйиш учун «ҳар қандай дипломатик чоралар»га қўл уришини маълум қилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek