Покистон ва Ҳиндистон туркман газини сотиб олишга келишди

Сурат манбаси, AP
Туркманистон газини Афғонистон оша Покистону Ҳиндистонга етказиш режаси, Осиё Тараққиёт Банкига кўра, йигирма йиллик музокаралардан сўнг ниҳоят ҳаёт ҳақиқатига айланиши мумкин. Газ қувури узунлиги 1800 километр бўлади. Минтақавий ҳамкорликнинг энг йирик ва тарихий бир мисоли ўлароқ талқин қилинаётган бу режа ростдан ҳам оламшумулми? Суҳбатдошимиз минтақа табиий заҳиралари борасида мутахасис Жон Робертс
Жон Робертс: Туркманистон газини дунёнинг йирик газ истеъмолчилари саналган мамлакатлари Покистон ва Ҳиндистонлик харидорлар расман сотиб олишга шартлашдилар. Бу жуда муҳим ва йирик қадамдир. Аммо фақат бу истакнинг расмийлаштирилгани билан лойиҳа амалга ошиши кафолатланмайди. Зотан, лойиҳа олдинга силжиши учун мана шундай бир келишув муҳим эди.
Би-би-си: Хўп, расман Покистону Ҳиндистон харидорлари Туркман газини оламиз дейишибди, навбатдаги амал қандай бўлади бу лойиҳа ишлаши учун?
Жон Робертс: Навбатдаги босқич ҳал қилувчи бўлади. Айни лойиҳага котиблик қилиб келган Осиё Тараққиёт Банкига кўра, энди ҳаммаси ТАПИ лойиҳаси учун тижорий сармоядорлар топиш билан боғлиқ бўлади. Гап бу қадар узоққа чўзилган газ қувурини молиялаш, уни ётқизиш ва ишлатишда... Бу каби лойиҳалар учун доим асосий муаммо шу бўлган. Техник жиҳатдан, газ қувурларини ётқизиш йирик муаммо эмас, аммо айни соҳа учун молия топиш бошоғриқдир...Айниқса, газ қувурини беқарор Афғонистондан ўтишини ҳам назарда тутсак... Расман айни лойиҳа учун қарийб етти миллиард доллар сарфланиши керак, норасмий манбалар эса ТАПИ лойиҳаси ўн миллиарддан ҳам ортиқроқ маблағ талаб қилиши тахмин этилмоқда. Бу каби маблағни йирик халқаро ширкатларгина тўплай ва сарфлай олиши мумкин. Томонлар албатта ўз сармоялари ва бундан оладиган фойдалари ҳақида қайғурадилар...
Би-би-си: Аммо Сиз айтаётган халқаро ширкатлар миллиардлаб доллар сармоясини Афғонистондаги вазиятга кўз юмиб сарфлашга тайёрмикан? Айниқса, 2014 йилдан кейин НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши назарда тутилса?
Жон Робертс: Очиғини айтсам, мен билмайман. Бу саволга жавобим йўқ. Чунки айни лойиҳа учун 2014 йил муҳим - худди шу йил Америка бошчилигидаги ҳарбий амалиётлар якунига етади, ундан кейин хавфсизликни Афғонистон армиясини таъминлаши керак бўлади. Афғонистон ҳукумати газ қувурининг хавфсизлиги учун жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз демоқда. ТАПИ лойиҳаси амалга ошиши учун аслида халқаро эмас, балки Афғон кучлари ўз мамлакатларида хавфсизликни таъминлай оладиган бўлиши шарт.
Би-би-си: Келинг, тасаввур қилайлик, Афғонистон кучлари қайсидир маънода хавфсизликни таъминлай олишсин... Осиё Тараққиёт Банкига кўра, бу лойиҳа амалга ошса минтақа аҳолисининг манфаатларига хизмат қилиши аниқ! Сизнинг фикрингиз?
Жон Робертс: Агар газ қувури лойиҳаси амалга ошса ва агар Афғонистонда нисбатан тинчлик ва барқарорлик ўрнатилса, ҳа, мен бу халқ манфаатларига хизмат қилади деб ишонаман. Чунки газнинг маълум миқдори Афғонистонга ўтказилади ва мамлакат тараққиёти йўлида ишлатилади. Биз биламизки Афғонистон учун газ жуда ҳам муҳим, айниқса Ҳирот ва Қандаҳор томонларда... Лекин биласизми, ҳамма гап бир саволга бориб тақалади. Афғонистон оша газ қувури лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатга барқарорлик келиши учун шарт шароитлар яратадими ва ё барқарорлик бу лойиҳа учун шарт бир масалами? Менинг назаримда, Афғонистонда барқарорлик бўлмаса ТАПИ лойиҳасининг амалга ошиши жуда мушкул бўлади...












