Ҳиндистон ва Покистон "байроқ тушириш" маросимини бекор қилди

Интиҳорий ҳужум камида 50 нафар инсон умрига зомин бўлди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Интиҳорий ҳужум камида 50 нафар инсон умрига зомин бўлди

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Вагаҳ чегара ўтиш нуқтасида содир этилган интиҳорий ҳужум ортидан икки мамлакат у ерда ҳар куни ўтказиладиган чегарачилар парадини бекор қилди.

Вагаҳ чегарасининг Покистонга тегишли ҳудудида якшанба куни юз берган портлаш натижасида 50 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлган ва яна ўнлаб инсонлар яраланган.

Чегара паради Покистон ва Ҳиндистон ўртасида 1971 йилда рўй берган урушдан буён илк бор бекор қилингани айтилади.

Покистондаги Толибон ҳаракати ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Яна бошқа икки қуролли гуруҳ ҳужумни улар амалга оширганини эълон қилди.

Жундуллоҳ қуролли гуруҳи ва Покистондаги Толибон ҳаракатининг Жамаат ул-Аҳрор бўлинмаси ҳужумга масъул эканини билдирди.

Бу Покистонда охирги ойларда кузатилаётган энг ҳалокатли ҳужум экани хабар қилинади.

Даҳшатли манзара

Сурат манбаси, AFP

Ҳар куни минглаб одамлар байроқни тушириш маросимини томоша қилиш учун Вагаҳ чегара ўтиш нуқтасига тўпланади.

Ҳиндистон расмийларига кўра, Чегара Хавфсизлиги Кучлари маросимни уч кунга тўхтатиб туриш ҳақидаги Покистон таклифига рози бўлган.

"Биз 1971 йилги урушдан кейин биринчи марта маросимни бекор қилдик," - деб айтди Ҳиндистон Ички ишлар вазирининг сўзчиси.

Шоҳидлар якшанба кунги параддан сўнг юз берган портлашда "даҳшатли манзара" юзага келганини тасвирлашади.

Портлаш юз берган пайти ўз хонасида бўлган хавфсизлик хизмати ходимларидан бири "парчаланган жасадлар, яраланган эркаклар, аёллар ва болалар ҳамда вайрон бўлган машиналар"ни кўрганини айтди.

Икки мамлакат сиёсатчилари ҳужумни қоралаб чиқдилар.

Ҳиндистон Бош вазири Наренда Моди уни "шафқатсиз террорчилик амали" деб атади.

Ҳиндистон ўтмишда Покистонни минтақадаги жиҳодий гуруҳларни дастаклашда айбларди.

Покистон ва Ҳиндистон Британиядан 1947 йилда мустақилликка эришди.

Ўшандан буён икки мамлакат бир-бирига қарши уч марта урушга кирди.

Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам Кашмир минтақасига унга тегишли эканини даъво қилиб келади.

Вагаҳ чегараси икки мамлакат ўртасида мавжуд ягона ўтиш нуқтаси ҳисобланади.