Дунё: Уйсизлар муаммосини ҳал қилган шаҳар

Англияда кўчада қолганлар сони 2010 йилдан бери икки баробар ўсган

Сурат манбаси, Christopher Furlong

Сурат тагсўзи, Англияда кўчада қолганлар сони 2010 йилдан бери икки баробар ўсган
    • Author, Мэт Треверн
    • Role, Би-би-си

2010 йилдан бери Буюк Британиядаги уйсизлар сони икки бараварга ошди. Бироқ янгича дастур шарофати билан Финляндия пойтахти Хелсинки кўчаларида деярли уйсиз одамлар қолмади. Хўш, финлар бунга қандай эришди?

Хелсинкининг улуғвор марказий темирйўл вокзалидан чиққанингизда, бир ноодатий ҳолат ногоҳ эътиборингизни ўзига жалб этади.

У ерда уйсизлар ва тиланчиларни умуман учратмайсиз.

Европанинг бошқа йирик шаҳарларидаги манзара эса бунинг акси: ҳар ёқда ўриндиқлар, ухлаш қоплари ва чодирларда ётган одамларни кўриш мумкин.

«Яхши эслайман, болалигимда юзлаб ёки, ҳатто, минглаб одамлар паркларда ва ўрмонларда ухлар эди,» хотирлайди Хелсинки шаҳри мерининг ўринбосари Санна Весиканса.

«Бундай ҳолатни ҳамма ерда кўрар эдингиз, лекин энди уйсизлар Хелсинкида ортиқ йўқ.»

Финляндия ҳукумати ўтган 30 йил давомида уйсизлик муаммосини ечишга катта эътибор қаратиб келди.

1987 йилда 18,000 одам уйсиз сифатида рўйхатга олинган. 2017 йилга келиб, 6,600 нафар инсоннинг уйи йўқлиги қайд этилган.

Мазкур фуқароларнинг катта қисми дўстлари ёки оиласи билан яшайди ёда уларга вақтинчалик бошпана ажратилган. Жуда кичик қисм уйсизларгина кўчаларда ухлаши мумкин.

Хелсинкидаги ўртача энг паст ҳаво ҳарорати -7С ташкил қилади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Хелсинкидаги ўртача энг паст ҳаво ҳарорати -7 даражани ташкил қилади

Финлар бундай натижага қандай эришди?

2007 йилдан буён ҳукумат "Housing First" (Турар-жой Биринчи) тамойили асосида уйсизларга йўналтирилган дастурни амалда қўллаб келмоқда.

Бу дастурнинг қисқача мазмуни - у тақдир тақозоси билан уйсиз қолган фуқароларни имкон бўлиши замон доимий бошпана билан таъминлашни кўзда тутади.

Бошпанадан ташқари ҳукумат собиқ уйсизларнинг бирор зарарли одатдан воз кечиши, малака орттириб, ишга жойлашишига ҳам ёрдам беради.

Уйсизларга нисбатан бундай ёндашув бошқа Европа давлатларида учрамайди. Масалан, Буюк Британияда уйсиз фуқаро расман кўмак сўраб мурожаат қилмагунча, унга бошпана таклиф этилмайди.

Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари билан уйлик бўлган финлардан бири Томас Салмидир. У 18 ёшга тўлгандан сўнг етимхонадан кетиши ортидан уйсизга айланган.

Томас февраль ойида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича -7 даражани ташкил этувчи Хэлсинки кўчаларида уч йил яшаган.

«Ҳамма нарсангиздан айрилганингиздан сўнг сизга ҳеч ниманинг фарқи бўлмай қолади,» сўзлайди у. «Ўз жонингизга қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлайсиз.»

"Шаҳар кўчалари совуқ, айниқса, қиш ўртасида. Агар кўчада ухлаётган бўлсангиз, совуқдан қотиб, у дунёга рихлат қилишингиз мумкин."

Томас Салми Финляндия пойтахтида 3 қаҳратон қишни ўтказган
Сурат тагсўзи, Томас Салми Финляндия пойтахтида 3 қаҳратон қишни ўтказган

Охирги икки йилдан бери Томаснинг каттакон турар-жой комплексида жойлашган ўз уйи бор. Бу турар-жой уйсиз финларни бошпана билан таъминловчи қатор ташкилотлардан бири бўлмиш Ҳелсинки Диакониса Институти (HDI) томонидан бошқарилади.

Ҳозирда 24 ёшни қаршилаган Томас ўз уйига эга бўлиши ортидан ҳаёти буткул ўзгариб кетгани ҳақида ҳикоя қилади. Айтишича, у уйсиз пайтлари жуда кўп ичган. Бугун эса фақат дам олиш кунлари ичкиликдан шунчаки бироз татиб кўриши мумкин.

Housing First тамойили остида бошпана ҳеч қандай шартларсиз тақдим этилади. Ҳатто, бошпанага эга бўлган собиқ уйсиз ичиш ва наркотик истеъмол қилишни бас қилмаса ҳам, унинг уйи тортиб олинмайди. Қайтанга махсус ходимлар унинг зарарли одатларни ташлашига ёрдам қўлини чўзади.

Улар арзимаган миқдорда ижара ҳақи тўлайди. Ижаранинг қолган қисмини давлат ўз зиммасига олган. Шу сабабдан ҳам кўплаб инсонлар бундай уйларда бир умр яшаб қолишни маъқул кўрадилар.

Хелсинки Диакониса Институти собиқ уйсиз одамларга берган 400 квартираси бор

Сурат манбаси, The Helsinki Deaconess Institute

Сурат тагсўзи, Хелсинки Диакониса Институти собиқ уйсиз одамларга берган 400 квартираси бор

«Улар бу сенинг уйинг, дейишди,» эслайди Томас. «Мен бир кун келиб ҳеч ким мени бу ердан чиқариб юбормайдими, деб сўрадим. Йўқ, бу сенинг уйинг, бу ерда истаганингни қилишинг мумкин, деб жавоб бердилар.»

«Доимий бошпанага эга бўлганимдан сўнг ишга жойлашиш, оила қуриш ва дўстлар орттиришга уриниб кўришим мумкин. Бироқ кўчада сизда бундай имконият бўлмайди.»

HDI назорати остида Хэлсинки ва қўшни Эспу шаҳрида 403 та турар-жой мавжуд.

Бу уйлар яшовчилари жамоат ошхонасидан фойдаланиб, бир-бири билан мулоқот қилиши мумкин. Ижтимоий ишчилар уларга кўмаклашишга ҳар доим шай.

Пиа Росенберг 4 йилдан бери уйсиз

Сурат манбаси, HDI

Сурат тагсўзи, Пиа Росенберг 4 йилдан бери уйсиз

Икки йил давомида кўчада яшашга мажбур бўлган 64 яшар Пиа Росенберг 2014 йилдан бери шундай уйларнинг бирида истиқомат қилмоқда.

«Бундай уйда яшаш менга жуда маъқул. Сабаби мен алкоголикман ва ўз хонамда бемалол ичишимга рухсат берилган. Керак пайти ёрдам ҳам оламан,» дейди у.

Расмий рақамлар Англиядаги уйсизлар сони 2010 йилдаги 1,768 нафардан 2018 йилда 4,667 нафарга етганини кўрсатмоқда. Хайрия ташкилотлари асл рақамларнинг бунданда катта эканини таъкидлайди.

Буюк Британия ҳукумати Housing First тамойилининг муваффақиятига эътибор қаратиб, ўтган йили мамлакатнинг айрим шаҳарларида ўхшаш дастурларни жорий этишга розилик билдирди.

Аммо ичкилик ёки наркотик истеъмолидан воз кечишни талаб қилмай туриб, уйсиз одамни бошпана билан таъминлаш тўғри қарорми?

"Бу Финляндияда самара бераётганини кўриб турибмиз, хўш нимага у Англияда ишламас экан?" таъкидлайди Barnabus Manchester хайрия ташкилотидан Нейл Корнтвейт.

Шелтер хайрия ташкилотига кўра, Британияда бир неча минг одам кўчада ухлайди

Сурат манбаси, Yui Mok/PA

Сурат тагсўзи, Шелтер хайрия ташкилотига кўра, Британияда бир неча минг одам кўчада ухлайди

Хўш, бундай қадам Буюк Британияда чиндай ҳам самара берадими? Финляндия бу борада муваффақиятга эришаётган бўлсада, мазкур дастурнинг камчиликлари ҳам кам эмас. Масалан, турар-жойлар доим ҳам ўз вақтида тайёр бўлмайди ва бошпана билан таъминланганларнинг ҳар бештадан бир нафари яна кўчаларга қайтаётгани кузатиш мумкин.

Ушбу йўлда турар-жой билан таъминлаш арзонга тушмайди. Финляндия ўтган 10 йил ичида бу мақсад йўлида 300 миллион еврога яқин маблағ сарфлаган. Натижада уйсизлар учун 3,500 та уй бунёд этилган.

Хелсинки шаҳри мерининг ўринбосари Весиканса хонимнинг ишонишича, уйсизлик муаммосини бартараф этиш ва фуқароларнинг кўчаларда ухлашига кўз юммаслик - бу нафақат давлатнинг маънавий бурчи, балки узоқ муддатли истиқболда маблағ тежаб қолиш ҳамдир.

Англияда кўчада қолганлар сони 2010 йилдан бери икки баробар ўсган

Сурат манбаси, Christopher Furlong

Сурат тагсўзи, Англияда кўчада қолганлар сони 2010 йилдан бери икки баробар ўсган

«Қилинган харажатлар аллақачон ўзини қоплай бошлади. Чунки уйсизларга кўчада ғамхўрлик қилиш бунданда қимматга тушади. Агар фуқаролар кўчада яшаса, уларда яна ҳам кучлироқ соғлиқ билан муаммолар юзага келади. Бу эса катта миқдордаги тез ёрдам ва касалхона чиқимларини англатади.»

«Одамлар кўчаларда жон таслим қилиш мумкин. Биз бундай ҳолатга бемалол қараб тура олмаймиз. Бу бизнинг жамиятимизга хос эмас. Одамлари кўчаларда жон сақлашга мажбур шаҳарда яшашни истамаймиз.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek