Британия парламенти Тереза Мэй келишувини рад этди

Бош вазир Тереза Мэй парламент аъзолари қаршисида

Сурат манбаси, UK PARLIAMENT/MARK DUFFY

Британия парламенти аъзолари Бош вазир Тереза Мэй таклиф этган "Брексит" келишувини рад этдилар.

Овоз бериш 15 январь тунида бўлиб ўтди.

Келишувга қарши 432, ёқлаб эса 202 парламент аъзоси овоз берган.

Амалдаги ҳукуматнинг бирор бир ғояси Британия тарихида бунчалар катта қаршиликка учрамаган, орадаги фарқ 230 овозни ташкил этган.

Бундан олдин парламентда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан қандай шартлар асосида чиқишига бағишланган дебат беш кун давом этди.

Британия ҳукумати билан Европа Иттифоқи "Брексит" борасида муайян келишувга эришганлар, аммо бу келишувга Британия парламентининг аксар аъзолари бошиданоқ қарши чиқдилар.

Аксар сиёсатчилар фикрича, Бош вазир Тереза Мэй Брюссел билан келишган шартнома Британия манфаатига зиддир.

Бош вазир Тереза Мэй сиёсатчиларни ўзининг келишувини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди, акс ҳолда "Британия ҳалқи оғир аҳволга тушиб қолиши"дан огоҳлантирди.

Душанба куни Британия Лордлар Палатаси Мэй хоним келишувига қарши овоз берди.

Шартномага қарши 321, ёқлаб эса 152 нафар лорд овоз берган.

Лордларнинг овози парламент аъзолариникидек "тош босмаса-да", улар, "Мэй хонимнинг келишуви иқтисодий фаровонлик келажагига, ички хавфсизлик ва Британиянинг глобал таъсирига шикаст етказади", деган баёнот бердилар.

Мухолифатдаги Лейбористлар партияси раҳбари Жереми Корбин парламентга таклиф қилинган келишувни яна бир бор танқид қилди, агар парламент бу келишувга қарши овоз берса, қайта парламент сайлови ўтказишга чақирди.

Лейбористлар "тез орада" ҳукуматга ишончсизлик масаласини овозга қўяди, деди жаноб Корбин.

Парламентдаги мағлубиятидан кейин Бош вазир Тереза Мэй, агар мухолифат ҳукуматга ишончсизлик масаласини кўтариб чиқадиган бўлса, ҳукумати бу масалани эртаси куниёқ муҳокама этишга тайёрлигини билдирган.

Воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

Британия парламенти

Сурат манбаси, AFP

Агар Бош вазир Тереза Мэй келишуви парламент аъзолари томонидан рад этилса, Мэй хоним ихтиёрида "План Би"ни парламент аъзолари муҳокамасига қўйиши учун уч иш куни муҳлати бор.

Айримларнинг фикрича, Бош вазир Тереза Мэй ЕИдан кўпроқ ён босишларни қўлга киритишга ҳаракат қилади.

Агар ён босишларни қўлга киритолса, кейинги душанба куни навбатдаги келишувини парламент муҳокамасига тақдим этади.

Мабодо "План Би" лойиҳаси ҳам рад этилса, Консерватор сиёсатчилар томонидан таклиф этилаётган "Европа Иттифоқидан чиқишнинг 2-қонуни" деб номланган таклиф муҳокамага қўйилиши мумкин.

Ушбу муҳокама ҳам уч ҳафта вақтни олиши мумкинлиги айтилмоқда.

Британияда Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқишга бағишлаб 2016 йили ўтказилган референдумдан кейин 2019 йилнинг 29 марти охирги кун этиб белгиланган.

Агар парламент бош вазир келишувига қарши овоз берса, Тереза Мэй "Брексит"ни 29 мартдан кейинга суриб тура оладими, деган саволга Мэй хоним жавоб беролмади.

Бироқ Европа Иттифоқи раҳбарияти Британияга шу йилнинг ёзигача муҳлат бера олишини айтган.

"Брексит" атрофидаги сўнгги ҳодисалар янги референдум ўтказиш чақириғи билан чиқаётганларни янада руҳлантирмоқда.

Янги референдум тарафдорларининг фикрича, ҳозир Британияда аҳоли фикри сўралса, аксарият Европа Иттифоқида қолишни ёқлаб овоз берадилар.

Аммо жамоатчилик сўровлари натижалари иккинчи референдумда ЕИда қолиш учун овоз берадиганларнинг фоизи унчалик ҳам кўп эмаслигини кўрсатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek