Лондонда "Брексит"га қарши намойишлар

Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқишга қарши ўн минглаб одамлар Лондон кўчаларига чиққанлар ва ҳаракат куннинг иккинчи ярмида ҳам давом этмоқда.

23 июн референдумидан кейин ўтказилаётган энг йирик оммавий намойиш иштирокчилари парламент мамлакатни ОИдан чиқишининг олдини олишини хоҳлашмоқда.

"Оврўпо учун юриш" ҳаракати қатнашчилари Ҳайд Парк олдида йиғилишган ва парламент биносига қараб уч километр юриб боришади. Намойиш парламент биноси олдида ниҳоясига етиши ва концерт ўтказилиши режалаштирилган.

"Биз брексит"ни бартараф эта оламиз... Биз парламент оқилона қарор чиқариши ва брекситни қайта кўриб чиқиши учун кўмак беришга тайёрмиз". Ҳукумат барибир халққа қарашли ва биз бефарқ бўлмай, жипслашсак ишни ижобий томон ўзгартира оламиз", дейилади "Оврўпо учун юриш" ҳаракатининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Референдумдан сўнг икки ташаббус гуруҳи- оммага таниқли бўлмаган оддий фуқаролар одамларни бир хил йўналиш ва вақтда ўтиши мўлжалланган намойишга чақирганлар. Юришдан икки кун олдин эса улар саҳифаларини бир хил "Оврўпо учун юриш" деб номлашга қарор қилишди.

Фейсбукдаги саҳифада сўзга чиқадиганлар орасида сиёсатчилар, оддий одамлар билан бирга мусиқачилар ва шоирлар ҳам борлиги айтилган.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда 34 минг фойдаланувчи намойишда қатнашишини билдирган бўлса, бугун уларнинг сони анча ошиб кетган.

Сешанба куни Лондон марказида "брексит"га қарши биринчи намойиш бўлиб ўтган эди. Иштирокчилар Трафалгар майдонига йиғилишиб, сўнгра парламент томон йўл олишган.

Лондоннинг аксарият аҳолиси Британиянинг ОИда қолиши учун овоз берган.

Референдумнинг эртаси куниёқ икки миллиондан ортиқ инсон қайта овоз беришни талаб қилган петицияга имзо чеккан, бугун уларнинг сони 4 миллионга етган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.