Путин Россияси: Жамиятнинг аҳволи қанчалик хароблашмоқда?

- Author, Сара Рэйнсфорд
- Role, Би-би-си, Иркутск, Россия
Иркутскдаги дарёдан буғ кўтарила бошлаши ва ҳароратнинг 20 даража совуқдан илиқлашиши учун ҳар куни бир неча соат вақт талаб қилинади.
Қаҳратон ҳукмрон Сибирда жойлашган Иркутск вилоятида кечаётган оғир ҳаётнинг тақдири беш соат минтақаси ғарбдаги Москванинг қош-қовоғига боғлиқ.
Ташқарига қурилган ҳожатхона ушбу реалликнинг рамзи сифатида кўринади.
Ҳовлида қурилган "уят ҳожатхонаси" вилоят маркази бўлмиш Иркутск шаҳрида турмушнинг қай даражада харобликка юз тутаётганидан далолат берадигандек гўё.
Шаҳарнинг энг оғир аҳволдаги мавзеларидан бирида аҳолининг коммунал хизматлар учун қарзи рекорд даражага етиши ортидан бинони бошқарувчи фирма ҳожатхоналарни яхлаб ётган ҳовлига чиқариб ташлаган.

Бу одамлар қарзини тўламаса қаерга келишидан огоҳлантириб туради.
Шу йўл билан одамлар ҳеч қандай коммунал чиқимларсиз, аммо сувни бир зумда музлатиб қўядиган аёзда ҳожатини чиқариши мумкин.
Бундан ташқари бошқарувчи фирма бу усул билан бошқа мавзелар яшовчиларини, мабодо қарзлар ўз вақтида тўланмаса, уларни қандай ҳолат кутишидан огоҳлантиради ҳам.
«Биз одамларга, агар уларнинг уйи қарзларни вақтида ёпмаса, канализация қувурларини узиб қўйишимизни айтамиз,» дейди оғзидан қуюқ буғ чиқаётган фирма раҳбари Алексей Михайлов.
У ойига ўртача 40 та ҳожатхонани ҳовлига чиқариб ташлаб, қарздор кўп қаватли уйларни ўзига хос усулда «жазолаб келади».
«Одамлар бир икки-кун совуқда ҳожатини чиқариб кўради. Учинчи куни эса кўзда ёш билан олдимизга келиб, қарзини тўлаб кетади. Кейин биз канализация ва сув таъминотини қайта улаб берамиз.»
Нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи юқори бўлган йиллари Иркутск аҳли анча тўкинликда яшаган.
Энди эса ҳожатхоналар билан бўлаётган бу воқеалар ҳудуддаги турмуш тарзи қанчалик хароблашганига ишора қилмоқда.
Ишоралар фақат ҳожатхона билан тугамайди. Шаҳарнинг ҳар ерида - деворлардан тортиб симёғочларга қадар - «паст фоизли» қарз бериш ҳақидаги эълонларни учратиш мумкин.
«Маошларимиз ҳеч ошмаяпти, лекин нархлар осмонга сакрашда давом этмоқда, Ҳожатхоналарга сув беришмаётганини эшитдим. Бу одамлар ғазабини орттиради, холос,» дейди Алексей Михайловдан қарздор яшовчилардан бири Наталя.
Бошқа бир аёл қарзларни тўлашга мутлақо имкони йўқлиги, квартирасидаги ҳожатхонанинг канализация ва сув таъминотидан узиб қўйилганига эса бир неча ой бўлгани ҳақида сўзлайди. Энди у ҳожат чиқариш учун пластик халталардан фойдаланмоқда.
Нега ислоҳотлар одамлар ғазабига сабаб бўлмоқда?
Расман россияликларнинг 13 фоизи қашшоқликда кун кечиради. Бу кўрсаткич сўнгги беш йил ичида сезиларли ортган.
Яқинда Ранепа Институти томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, қашшоқлик даражасининг ҳақиқий кўрсаткичи 22 фоизга тенг экани маълум бўлди.

Иркутскда бу рақам расман 20 фоизни ташкил қилади.
Президент Владимир 2024 йилга қадар қашшоқликни икки баробарга қисқартиришга ваъда берган, аммо мамлакат иқтисодиёти базўр ўсмоқда, одамларнинг норозилиги эса сезиларли ошган.
Россияликлар энг биринчи навбатда ёнилғи ва коммунал хизматлар нархининг қимматлашишидан норози. Янги йилдан қўшимча қиймат солиғи 20 фоизга ошган, олдинда эса ўтган йили одамлар ғазабига сабаб бўлган пенсия ислоҳоти турибди.
Вячеслав Головин 20 йилдан буён Иркутскда автобус ҳайдайди.

56 яшар жаноб Головин бугун бироз қўшимча пулга эга бўлиш мақсадида тезроқ пенсияга етиб олишни орзу қилмоқда, аммо президент Путин эркаклар учун пенсияга чиқиш муддатини 65 ёшга оширган.
Вячеслав Головиннинг маоши эса атиги 15,000 рубл ($215)га тенг.
«Раҳбарларимиз одамлар дардига қулоқ солмайди. Улар ҳатто референдум ўтказишимизга имкон бермади ҳам,» нолийди совуқда қолган йўловчилар учун автобус эшикларини очаётган жаноб Головин.

Жаноб Путин пенсия ислоҳотини миллий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим ва зарурий қадам, дея атаган. У давлатнинг қариб бораётган аҳоли учун ҳаддан зиёд кўп пенсия тўлаётганини иддао қилган.
Бироқ Вячеслав Головин Россия бундай қадамга тайёр эмас, деб ҳисоблайди.
«Аҳвол оғирлашиб бормоқда. Яшаш жуда қиммат: коммунал хизматлар, электр тўлови. Ҳаммаси қимматлашиб кетяпти,» дейди бир хонали квартирасидаги униқиб кетган диванда ўтирган ҳайдовчи.

«Бу ер Европага сира ўхшамайди. Пенционерлар бемалол ҳаётдан завқланиб, ҳордиқ чиқара олмайди. Улар жон сақлаб қолиш учун ишлашга мажбур.»
Жаноб Головин ҳам Иркутскда ўтказилган норозилик намойишларида қатнашган. Ўтган йили бундай намойишлар бутун мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган эди.
«Путин бундай ислоҳот зарурлигини таъкидлади, лекин табиий захираларга бой мамлакат аҳолиси бу зарурият қаердан пайдо бўлганини ҳеч тушуна олмаяпти.»
Одамлар норозилигига қарамай, Москвада ўтирган кремлпараст депутатлар пенсия тўғрисидаги қонунни ўзгартиришга овоз берган.
Сиёсатчилар Вячеслав каби ҳайдовчилардан 20 баробар кўп маош олади.
Иркутск соғломлашмоқдами?
Иркутскда яхши ўзгаришларга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.
Шаҳар марказида оқ қўлқоп кийган бир гуруҳ пенционерлар соғломлаштириш курсининг якунига тайёрланмоқда.
Шаҳар маъмурияти соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи бепул дастурни жорий этган.
Дзюдочи Владимир Путин аксар ҳолларда ширакайф кўриниш бериши билан танилган Борис Ельциннинг ўрнига келганидан бери соғлом турмуш тарзи Россия ҳукумати тарафидан тарғиб қилинувчи асосий мавзулардан бирига айланган.

Сурат манбаси, AFP
«Ҳозирда спорт клублари ёшлар билан тўла,» дейди шаҳардаги раққослардан бири. «Ёки ташқарига чиқиб, очиқ ҳавода машқ қилишингиз мумкин. Бу жуда ажойиб!»
Ҳаттоки, кун кечириш қийинлашганига қарамай, иркутскликларнинг ҳаёт давомийлиги совет даврига қараганда бироз узайган.
Статистик маълумотлар қараганда, иркутсклик эркакларнинг ўртача умр давомийлиги бор-йўғи 63 ёшга тенг.
Бу уларнинг пенсия ёшига етмай, оламдан кўз юмишини англатади.
Ичкиликбозликка қарши кураш
Бундан икки йил муқаддам ноқонуний сотилган арзон спиртли ичимлик туфайли 78 нафар одам ҳалок бўлиши ортидан Иркутскнинг номи дунёга танилган эди.
Бироқ Сибирда, ҳатто, лицензияга эга ароқ ҳам хавфли бўлиши мумкин.
Оғир аҳволга тушиб қолганларга ғамхўрлик кўрсатиш учун очилган марказда Сергей исмли эркак бепул тушликни кутиб турмоқда. Унинг икки оёғи тиззасидан кесиб ташланган.
«Оёғимни совуқ урган,» пала-партиш қўл ҳаракатлари билан тушунтиради у. «Бунинг тарихи жуда узун.»

Сергейнинг 47 ёшли хонадоши рафиқасининг ичкилик туфайли вафот этганини айтиб беради.
«Биз кўмак қўлини чўзадиган эркакларнинг аксарияти ичкиликка берилиб қолган, аммо биз бу ерда ичишга рухсат бермаймиз,» изоҳлайди марказ директори Елена Шевцова.
«Мастлик тарқагандан сўнг одамларнинг кўпчилиги оиласи ва бу ерга қандай келиб қолганини хотирлай бошлайди. Кейин бу нарса уларга ёқиб қолади ва шу тарзда яшашда давом этаверадилар.»
Сергей шу кунларда протез оёқ юборишларини кутиб яшамоқда.
Одамлар кайфияти нега ўзгармоқда?
Айрим иркутскликлар ҳозир ҳаётга яхши кўз билан қарамоқда.
Шаҳарда Ғарб брендлари билан тўлиб тошган савдо марказлари, янги турар-жойлар, ақлли машиналар пайдо бўлмоқда: президент Путин даврида ўрта синф вакилларининг ҳолати анча яхшиланган.
Одамлардаги миллий ғурур даражаси ҳам сезиларли ортган.
Аммо Россиянинг жаҳон сиёсий саҳнасидаги қудратини оширишга уриниши ва Ғарб билан зиддиятга бориши салбий оқибатларсиз кечмаётир.

Иркутск 2015 йилда Путин қўллаган губернатордан воз кечган биринчи вилоятга айланган.
Маҳаллий одамлар қудратдаги партияга норозилик сифатида коммунист номзодни губернатор этиб сайлаганликларини маълум қиладилар. Кейинчалик бир неча вилоятларда ҳам шундай манзара кузатилган.
Мамлакат бўйлаб президент Путиннинг рейтинги ҳам сезиларли даражада пастга қулаган.
Ноябрь ойида Левада Маркази ўтказган сўровномага кўра, россияликларнинг 61 фоизи мамлакатда йиғилиб қолган муаммолар учун бевосита президент сабабчи, деб ҳисоблайди.
Жамиятдаги ёриқлар қанчалик катталашмоқда?
Иркутскдаги Владимир Путиннинг энг ашаддий танқидчилари - Ёш Коммунистлар ҳаракати.
Ҳаракатга аъзо талабалар ўроқ ва болға тасвири туширилган қизил байроқларни кўтариб, президент Путиннинг пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойиши уюштирган.

Улар, шунингдек, Сурия ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга йирик миқдорда маблағ сарфланаётгани, мамлакатдаги ижтимоий муаммоларга эса эътибор қаратилмаётганини таъкидлайди. Ҳозир талабалар ёнилғи нархининг кўтарилишига қарши ҳаракат уюштиришни режалаштирмоқда.
«Ўтган президентлик сайловидан аввал бундай ислоҳотлар ҳақида бирор гап йўқ эди,» дейди гуруҳ раҳбари Максим. «Бу каби ислоҳотлар президентнинг рейтингини ҳам тушириб юборди.»
«Биз ростдан ҳам ҳукуматни ёқтирмаймиз,» таъкидлайди 21 яшар Евгений қатъий оҳангда. «Биз президентни атрофидаги дўстлари билан ўзгартиришимиз зарур.»
Коммунист ёшларнинг кайфияти қанчайин норози шаклда бўлмасин, Иркутскда бирор инқилобнинг етилиб келаётганига нисбатан ҳеч қандай аломат кўзга ташланмайди. Шу вақтга қадар ўтган норозилик намойишларининг кўлами ҳам анчайин бўлди.
Владимир Путин Совет Иттифоқи қулаши ортидан тўс-тўполон йилларни бошдан кечирган россияликлар ҳозирда «Буюк Россия»нинг қудрати ошгани ва барқарорлашганини ҳис қилгани ҳақида гапирган.
Бироқ бу ерда - музлаб ётган Сибирнинг юрагида- жамиятга тушган дарзларнинг катталашиб бораётгани кўзга ташланмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












