Путин Украинага қарши санкция жорий қилишга фармон берди

Сурат манбаси, ZUMA/TASS
Россия президенти Владимир Путин Украинага нисбатан «махсус иқтисодий чоралар» жорий қилишни кўзда тутувчи фармонга имзо чекди.
Кремл расмий сайтида пайдо бўлган ҳужжатда ёзилишича, мазкур қарор "Россия Федерацияси фуқаролари ва юридик шахсларига нисбатан киритилган чеклов чора тадбирлари билан боғлиқ Украинанинг нодўстона ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳаракатларига жавоб" ўлароқ олинган.
Фармон матнидан англанилишича, Украинага қарши қандай чоралар қўлланилишига ҳали аниқлик киритилмаган. Ҳукумат жазо чоралари нимадан иборат бўлиши юзасидан иш олиб бориши, шунингдек, вазирлар маҳкамаси қарши чоралар қўлланиладиган украиналик юридик ва жисмоний шахслар рўйхатини тузиб чиқиши лозим.
Хабарда фармон 22 октябрдан кучга киргани айтилади ва ҳужжат қайд этилишича, мабодо Украина Россия фуқаролари ҳамда компанияларига қарши киритилган чекловлардан воз кечса, қарор бекор қилинади.
Коммерсант газетаси Россия ҳукумати Украинага қарши санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида шу йилнинг июль ойидаёқ ёзган эди. Россия вазирлар маҳкамасидаги манбалар бир неча юз нафардан иборат украин жисмоний ва юридик шахслар ҳамда йирик бизнесменлар, давлат амалдорлари ва сиёсатчилар санкцияга учраши мумкинлигини маълум қилган.
Коммерсант газетаси суҳбатлашган манбалар жазо чоралари сифатида санкцияга тушган украиналик шахслар ва компанияларнинг Россия ҳудудидаги активлари музлатилиши ҳамда мамлакатдан капитал олиб чиқишига тақиқ қўйилишини айтган.
Россия давлат ташкилотларидан биридаги манба украиналик юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан санкция жорий қилиш масаласи 2014 йилдан буён кун тартибида турганлиги ҳақида гапирган.
Қрим аннекцияси ва Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ортидан Украина 1,228 нафар Россия фуқароси ва 468 компанияга нисбатан санкция жорий қилган эди. Украина санкциясига тушганлар ичида Россия парламенти аъзолари, президент маъмурияти ходимлари, юқори мартабали давлат амалдорлари, бизнесменлар, санъат ва маданият арбоблари ҳамда матбуот вакиллари бор эди. Санкцияга учраган россиялик шахсларнинг Украинага кириши тақиқланади, уларнинг Украинадаги активлари эса мусодара қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek











