Россия ва Украина парвозларни тўхтатмоқда

Сурат манбаси, Getty
Украина Россияга нисбатан жорий этган янги жазо чораси - Россияга тўғридан-тўғри парвозларни тўхтатиш қарори кучга кирмоқда, бунга жавобан Россия ҳам Украинага парвозларни тақиқлаган.
Украина ҳукуматининг Россия авиаширкатлари парвозларини тўхтатиш қарорини Россия расмийлари "ақлсизлик" деб таърифладилар, бироқ кейин ўзлари ҳам бунга муносиб жавоб сифатида Украина ширкатларининг парвозларини тақиқладилар.
Икки томон охирги дақиқагача ҳам келишувга эришиш борасида музокаралар олиб борганлар, бироқ мулоқотлар кўнгилдаги натижани бермаган.
Украинанинг парвозларни тақиқлаш қарори шанба - 24 октябрдан 25 октябрга ўтар кечаси соат 0:00 да кучга киради.
Ҳозир ойига Украина билан Россия ўртасидаги ҳаво қатновидан 70000 фойдаланади, парвозлар тўхтатилиши билан шунча одам жабр кўради.
Украина қарори Россияни Қримни аннексия қилгани учун ҳамда Украина шарқидаги россияпараст жангариларни дастаклаётгани учун жазолаш мақсадини кўзлаган.

Сурат манбаси,
Россия томонига кўра, бундай тақиқ билан Украина ўзига зарар қилмоқда, чунки Россияга парвоз қилаётган йўловчиларнинг аксари украиналиклардир.
Лекин жами йўловчиларнинг учдан икки қисми Россия авиаширкатлари хизматларидан фойдаланади.
Россия нақлиёт вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, парвозлар тўхтатилиши оқибатида икки мамлакат кўрадиган зарар йилига 110 миллион долларни ташкил этиши мумкин.
Ҳам Украинада, ва ҳам Россияда оддий одамлар ушбу қарорни норозилик ва ғазаб билан кутиб олганлар.
Чунки икки мамлакатда ҳам бирорта қариндоши қўшни мамлакатда яшайдиган инсонлар жуда кўпчиликни ташкил этади.
Бундан кейин йўловчиларнинг учинчи мамлакат орқали ёки 13 соатлик темир йўл сафари орқали манзилга етиб олишларига тўғри келади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












