Порошенко Россия ишғоли эҳтимолидан огоҳлантирди

Пётр Порошенко Украина "душман" томонидан янги ҳужумларга тайёр туриши кераклигини айтган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Пётр Порошенко Украина "душман" томонидан янги ҳужумларга тайёр туриши кераклигини айтган

Президент Пётр Порошенко Украина Олий Радасига ҳарбийлик Россия тарафидан "тўла масштабли ишғол"га тайёр туриши кераклигини айтган.

Унинг сўзлари Украина шарқида зўравонликлар кучайган пайтда янграмоқда.

Россия Украинадаги қарама-қаршиликларда ўз қўшинлари бош қўшгани ҳақидаги айбловларни рад қилиб келади.

Аммо, жаноб Порошенко мамлакатда 9,000 нафар рус қўшини фаолиятда эканига ишонади.

Зўравонликлар ва қурбонлар

Чоршанба куни Донецк ғарбида кечган тўқнашувларда танклар иштироки ҳам кузатилган.

Киевдаги парламентга қарата гапирган Порошенко жаноблари тўлиқ кўламли жанглар қайта бошланиши "катта хавфи" мавжудлигини таъкидлаган.

Ҳукумат назоратидаги Маринка ва Краснохоривка шаҳарчаларида бошланиб кетган зўравонликлар феврал ойи Минскда оташкесим битими имзоланганидан буёнги энг ёмони дейилмоқда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига кўра, Маринка атрофида жанглар бошланишидан аввал оғир қуроллар исёнкорлар назоратидаги ҳудудлар томон ҳаракати кузатилган.

Ҳукумат кучлари Донецк четидаги исёнкорлар қўли остида қолаётган минтақани снарядлар билан нишонга олган.

Украина ҳукумати сўнгги 24 соат ичида 5 нафар аскаридан ажралганини маълум қилган.

Исёнкорларга кўра эса, охирги зўравонликлар тинч аҳоли вакиллари дохил 15 кишининг умрига зомин бўлган.

Украинадаги бўлгинчилар оташкесим келишувига зид равишда йирик амалиёт бошлаганларига оид Украина ҳукумати даъволарини рад қилишади.

ОХҲТ кузатувчиларнинг айтишларича, улар чоршанба куни бир соатдан кўпроқ бўлгинчилар раҳбарларига боғланишга уринишган, аммо улар билан сўзлашиш имкони бўлмаган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса, расмий Киевни Минск келишувини хавф остига қўйишда айблаб чиққан.

Кремл чегара оша аскар жўнатаётгани ҳақидаги иддаоларни мунтазам равишда рад қилиб келади.

Аммо, Россия тарафи "кўнгиллилар" исёнкорлар сафига қўшилганини тан олади.

Украина шарқидаги қарама-қаршиликлар 2014 йил апрелида бошланиб кетган. Ўшандан бери 6,400дан ортиқ киши нобуд бўлган.

Россия Қримни қўшиб олиши ортидан исёнчилар мамлакат шарқидаги икки минтақа катта қисмини ишғол қилишган.

Жаноб Порошенко Украина шарқида 50, 000 қўшинга эга эканини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio