Шинжонниннг биринчи рақамли амалдори уйғурлар сақланаётган ҳибсхона-жамлоқларни ёқлаб чиқди

Уйғурлар

Сурат манбаси, Getty Images

Хитойнинг Уйғур Автоном Региони ҳукумати раиси Шоҳрат Зокир уйғур мусулмонлари ҳибсда тутиб турилган жамлоқлар борасида илк бор батафсил маълумотларни очиқлади.

Хитой давлат матбуоти билан суҳбатда давомида жаноб Зокир «касбий таълим» берувчи марказлар терроризм олдини олишда ўзининг анчайин самарадорлигини кўрсата олганини айтган.

У «қайта тарбияланувчилар» ўзининг хато йўлини ўзгартириш ва ҳаётини янада «ранг-баранг» қилиш йўлида берилган имкониятдан ғоят миннатдор эканлигини маълум қилган.

Хитой ҳукуматининг хавфсизликни таъминлаш важи билан уйғур мусулмонларини кўп миқдорда ҳибсга олиши дунё бўйла чуқур хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари мусулмонларнинг арзимаган баҳоналар, масалан, ДНК намунасини беришдан бош тортиш, уйғур тилида сўзлаш ёки бирор амалдор билан тортишиб қолиш остида ҳеч қандай айбловларсиз номаълум муддатга ҳибсга олинаётганини маълум қилади.

Хитой расмийлари миллионга яқин уйғурлар ва бошқа озчилик вакилларининг оқартув жамлоқларида тутиб турилганини рад этади, аммо бундай амалиёт терроризмнинг олдини олиш йўлида зарур эканлигини таъкидлайди.

Автоном регион ҳукумати раиси сифатида гапирган Шоҳрат Зокир ҳозирча мусулмонларга қарши олиб борилаётган мазкур амалиёт юзасидан изоҳ берган Шинжоннинг энг юқори мартабали амалдори бўлиб қолмоқда.

У билан суҳбатда бўлган давлатга қарашли Синхуа ахборот агентлигининг мақоласи Шинжоннинг биринчи рақамли амалдорини уйғурларга қарши олиб борилаётган амалиётга хайрихоҳ сифатида кўрсатиш орқали ортиб бораётган танқидларни юмшатишга Хитой ҳукумати томонидан амалга оширилган уринишдек кўринмоқда.

Жаноб Зокир ўзи бошқараётган регион 1990 йиллардан буён «учта ёвуз куч» - терроризм, экстремизм ва бўлгинчилик билан юзлашиб келгани ҳамда ҳукумат бу кучларнинг «илдизи»ни қирқиб ташлаш учун чора қўллашга мажбур бўлгани ҳақида сўзлаган.

Ҳозирда Хитой қонунчилигига «касбий таълим ва малака ошириш дастури» номи билан кирган бу амалиёт давомида «тарбияланувчилар ўз хатоларини кўра олиш ва терроризм ҳамда диний экстремизмнинг моҳияти ва зарарини англаш етиш имконияти»га эга бўлади, дея қўшимча қилган Шинжон ўлкаси раҳбари.

Жамлоқлар ичкарисида қандай жараён кетмоқда, деган саволга жаноб Зокир «тарбияланувчилар» Хитой тарихи, тили ва маданияти бўйича ўқитилаётгани ҳамда уларга «миллат, фуқаролик ва қонун назорати тушунчалари» ўргатилаётганини маълум қилган.

У ҳибсда қолаётганлар бу дарсларни олишга мажбурланаётгани ёки йўқлиги ҳақида гапирмаган, аммо улар «тўйимли ва бепул» овқат билан таъминланаётгани, ётоқхоналар «тўлиқ жиҳозлангани» ва марказларда мунтазам спорт мусобақалари, тадбирлар ўтказилаётганини тилга олган.

Бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўлими директори Софи Ричардсон жаноб Зокир ўз интервьюсида «суд ҳукмисиз оммавий ҳибсга олиш, диний эркинликнинг қўпол равишда бўғилиши ва қийноққа солиш ҳолатлари»ни эслаб ўтмаганини таъкидлайди.

Ричардсон хоним Хитой ҳукумати "пропаганда кампанияларига берилиш эмас, балки барча ҳибсга олинганларни озод этиш ва жамлоқларни ёпиш орқали фақат ҳурматга эга бўлиши"ни айтган.

'Қайта ҳурматга сазовор бўлдимʼ

Жаноб Зокир билан суҳбат келтирилган мақолада ўз йўлини ўзгартириш учун имконият берган ҳукуматни алқаган «битирувчилар»дан кўплаб иқтибослар келтирилган.

«Ҳукумат мени ташлаб қўймади. У мени сақлаб қолди, ёрдам берди, бепул овқат, бошпана ва таълим олиш имконияти билан таъминлади. Бундай имкониятга эга бўлганимдан бошим осмонда ва мен бу давлат ҳамда жамият учун керакли шахсга айланаман,» дейилади шундай иқтибослардан бирида.

Яна бир миннатдор «битирувчи» оқартувдан сўнг даромади «роса ортгани» ҳақида сўзлайди: "Оиламнинг асосий боқувчисига айландим. Энди қўлим кўп жойга етади, оиламиз кексалари мени дуо қилмоқда. Рафиқам ҳам хушмуомала бўлиб қолган. Фарзандларим эса мен билан фахрланмоқда. Қайта ҳурматга ва ишончга сазовор бўлдим."

Жаноб Зокир қайта тарбиялаш жараёнидан шу пайтга қадар қанча одам ўтганини айтмаган, лекин «битирувчилар»нинг «миллий ўзликни англаш тушунчаси» сезиларли яхшилангани ва Шинжон эндиликда «нафақат гўзал, балки хавфсиз ва барқарор» ўлкага айланганини қайд этган.

"Кўплаб тарбияланувчилар олдинлари экстремист фикрлар таъсири остида бўлгани ва ҳеч қачон бундай санъат, спорт тадбирларида иштирок этмаганини айтади. Энди улар ҳаётнинг шунчалик ранг-баранг бўлиши мумкинлигини англаб етдилар," деган у.

Уйғурлар ким ўзи?

Уйғурлар

Сурат манбаси, Getty Images

Уйғурлар этник жиҳатдан туркий мусулмонлар бўлиб, уларнинг катта қисми Шинжонда яшайди. Улар ўлка аҳолисининг 45 фоизига яқин қисмини ташкил қилади.

Улар маданий, тил ва этник томондан ўзларини Марказий Осиё халқларига яқин билади.

Ўтган ўн йиллар давомида кўплаб хан хитойлари (Хитойдаги энг йирик этник бирлик) Шинжонга кўчиб келган ва уйғурлар ўз маданияти, турмуш тарзи хавф остида қолгандек ҳис қилмоқда ўзини.

Шинжон мамлакат жанубидаги Тибет каби расман Хитой таркибидаги автоном регион ҳисобланади.

Ҳукумат Шинжонда узоқ йиллардан бери таъқиб-тазйиқ амалиётларини ўтказиб келади, аммо, инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, ҳозирда давом этаётган оммавий амалиёт терроризмга қарши кураш чоралари чегарасидан чиқиб кетган ва қайтанга ўлкадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин.

Жаҳон Уйғур Конгресси одамларнинг жамлоқларда ҳеч қандай айбловларсиз номаълум муддатга ушлаб турилаётганини айтган.

Муқаддам ҳибсга олинган баъзи одамлар Би-би-сига жамлоқларда жисмоний ва руҳий қийноқ қўлланилишини маълум қилган эди. Улар бутун бошли оилалар изсиз ғойиб бўлаётганини иддао қилади.

Human Rights Watch ташкилоти Хитойнинг фикрни эркин изҳор қилиш, дин ва шахсий ҳаёт ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилувчи усуллардан кенг фойдаланаётганини танқид қилиб чиққан.

АҚШ ўлкада олиб бораётган сиёсати юзасидан Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўраётганини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek