Шинжон уйғурлари "Исломий давлат" сафига қўшилмоқдаларми?

Сурат манбаси, AP
"Шинжонлик мусулмонлар "Исломий давлат" жангарилари билан ёнма-ён туриб курашмоқдалар".
Уйғур мусулмонлари ватани бўлган Шинжондаги коммунистик партия раҳбари Жанг Чунхан шундай мурожаат билан чиққан.
Жаноб Жанг Чунханга кўра, бир қанча жангарилар Шинжонга террористик режаларни амалга ошириш учун келганлар, лекин бошқа тафсилотларини очиқламаган.
Хитой ғарбидаги Шинжон минтақаси охирги йилларда қатор ҳалокатли ҳужумлар ва тўқнашувларга саҳна бўлган.
Жабрланганлар
Сешанба куни Хитой парламенти сессиясида сўзга чиққан жаноб Чунхан "уйғурлар орасида хорижга қочиб, исломий жангарилар сафига кирганлар бор", деган.
"Ташкилот катта таъсирга эга бўлиб бормоқда ва Шинжон ҳам бу таъсирдан четда қолмаган", дейди у шунингдек.
"Биз Шинжонга қайтиб террористик ҳужумлар қилишни режалаштирганларни аниқладик".
Уйғурлар ва Шинжон

Уйғурлар этник келиб чиқиши бўйича туркий мусулмонлардир.
Шинжон аҳолисининг 45 фоизини уйғурлар, 40 фоизини хитойлар ташкил қилади.
Хитой 1949 йилда Шарқий Туркистонда назоратни қўлга олган.
Ўшандан буён Шинжонга хитой ханлари оммавий равишда кўчиб келиб ўрнашганлар.
Уйғурлар ўзларининг диний ва маданий қадриятлари йўқотилишидан хавотирдалар.
Уйғурлар ва хитой ўртасида танглик
Жаноб Жангнинг мурожаати Global Timesнинг хавфсизлик хизматларидаги манбага таяниб, 300 га яқин хитойлик фуқаролар Сурия ва Ироқдаги "Исломий Давлат" сафида курашаётгани ҳақида берган хабаридан уч ой ўтиб янграган.
Шинжондаги вазият билан боғлиқ ҳисоботни мустақил манбалардан текшириш мушкул. Марказий Осиё билан чегарадош Шинжон минтақасига хорижий журналистларнинг кириши чегараланган.
Пекин исломий жангарилар билан боғлиқ уйғур бўлгинчиларнинг Шинжондаги зўравонликларга алоқаси бор, дейди.
2014 йил май ойида Урумчидаги бозордаги портлашда ўнлаб инсон ҳалок бўлган. Июл ойида Ёркентдаги тўқнашувларнинг тафсилотлари аниқ бўлмасада, кўп киши нобул бўлгани айтилади.
Ҳужумлар Шинжондан ташқарида ҳам содир бўлган, жумладан 2014 йил мартида Кунмин станциясида пичоқбозликдан одамлар ҳалок этилган.

Сурат манбаси, AFP
Хитой бу ҳужумлардан сўнг хавфсизлик чоралари ва уйғурларга нисбатан босимларни янада оширган.
Бироқ таҳлилчилар билдиришича, уйғурлар ва хорижий гуруҳлар билан алоқа ҳакида маълумотлар деярли йўқ.
Уларнинг қайд этишича, Ёркентдаги тўқнашувлар уйғурларнинг ўз диний ва маданий эркинликлари учун курашлари орқасидан келиб чиққан. Улар ҳуқуқлари паймол этилаётганидан норози бўлганлар.
Шунингдек, фаоллар Шинжонда ёш уйғур йигитлари йўқолиб қолишида расмий Пекинни айблайдилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












