Хитой расмийлари: Бугурда 50 одам ўлган

Сурат манбаси, BBC World Service
Хитой расмийлари Шинжон Уйғуристонидаги бир ҳафта олдинги зўравонликларда 50 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.
Бундан олдин Хитой расмийлари Лунтай, уйғурлар Бугур деб атайдиган вилоятининг уч жойида ўтган якшанба куни рўй берган портлашларда икки киши ҳалок бўлгани, кўплаб одамлар яралангани ҳақида хабар берган, бошқа тафсилоти ошкор этилмаган эди.
Шундан сўнг хориж матбуотида маҳаллий аҳоли гувоҳликларига таянган ҳолда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бунинг ортидан эса Хитой матбуоти ҳалок бўлганлар сони 50 кишини ташкил этгани ҳақида ахборот тарқатган.
Уйғур манбаларига кўра, 21 сентябр куни Бугур шаҳри, Янгисор ва Теракбозор шаҳарчаларида зўравонликлар юз берган.
Гувоҳлар Янгисор полиция идораси олдидаги бомба портлаши оқибатида камида 12 инсон ҳалок бўлгани ҳақида айтганлар.
Янгисорда полиция автомобиллари, мотоцикллар ва газ қуйиш шохобчаларига ўт қўйилган.
Хитой матбуоти 40 “исёнчи”, олти тинч фуқаро ва тўрт полиция ходими ҳалок бўлган, деб ёзган.
Хитой ҳукуматининг Tianshan веб-портали якшанба куни соат 17 да икки полиция идораси, кўча бозор ва дўкон остонасида портлашлар рўй бергани ҳақида хабар берган.
Веб-порталга кўра, исёнчилар ё ўзларини портлатиб юборганлар, ёки полиция томонидан отиб ўлдирилганлар.
Икки “исёнчи” қўлга олингани, 54 тинч фуқаро жароҳатлангани ҳақида Tianshan хабар берган.
Шинжонда охирги вақтларда маҳаллий мусулмон уйғур аҳолиси ва хитойлик Хан аҳли ўртасида танглик юзага келган.
Хитой нотинчликларга хорижий террорчи гуруҳлардан илҳомланган уйғур бўлгинчилари сабабчи дейди, бироқ фаолларга кўра, Пекиннинг тазйиқлари ғалаённи авж олдирмоқда.
23 сентябр куни Урумчидаги маҳкама Пекиннинг Шинжондаги репрессив сиёсатини танқид қилиб келган таниқли уйғур олими Илҳом Тўхтани бўлгинчиликда айблаб, бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этди.
Январь ойида ҳибсга олинган Илҳом Тўхти айбловларни рад қилади. У ўтган йили Пекиннинг Тянанмен майдонида уч уйғур томонидан амалга оширилган ҳудкушлик ҳужумига бўлган ҳукумат жавобини қоралаган.












