Шинжонда полиция олти кишини отиб ўлдирган

Сурат манбаси, AFP Getty
Хитой оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, полиция гўё портлашни уюштиришга тайёргарлик кўраётган олти кишини отиб ўлдирган.
Ҳодиса Қашғар вилоятида рўй берган.
Хабарларга кўра, маҳаллий одамлар шубҳали буюм олиб кетаётган бир шахсни кўрганлар.
Бу ҳақда полицияга хабар берилган ва полиция ходимлари бу одамга яқинлашган пайтда у ҳужум қилган ва ёнида бўлган портловчи моддани портлатишга ҳаракат қилган.
Бироқ портлатишга улгурмаган, полициячилар уни отиб ўлдирган.
Шинжон Уйғуристонидаги янгиликларни ёритишга ихтисослашган Tianshan Net веб-сайтида эълон қилинган хабарга кўра, портловчи моддаларни портлатишга ҳаракат қилган яна беш киши отиб ўлдирилган.
Ушбу хабарни ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмаган.
Кўп ҳолларда Хитой расмийлари тарқатадиган ва уйғурлар қораланган ҳодисалар талқини билан гувоҳларнинг кўрсатмалари фарқ қилади.
Сўнгги йилларда Шинжон Уйғуристонида зўравонликлар сони кўпайган.
Бунда расмий Пекин хориждаги экстремист гуруҳлардан илҳомланган уйғур бўлгинчиларини айблайди.
Бироқ хориждаги уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукуматининг мусулмон уйғурларнинг дини, маданияти ва урф-одатларига қарши кучайтирган чора-тадбирлари оддий уйғурларда норозиликларни пайдо қилмоқда ва зўравонликларга мажбурламоқда.
2014 йилдаги Кунмин вокзали ва Шинжондаги қатор ҳалокатли ҳодисалар ортидан Хитой ҳукумати Шинжонда хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Расмий Пекин талқини бўйича "терроризмга қарши кураш бир йиллиги" бошланган.
Юзлаб уйғурлар ҳибсга олинган, ўнлаб кишилар ўлим қатл қилиндилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












