Кики, Ҳарлем Шейк, Фортнайт: Дунёни ўйнатган қўшиқлар

Сурат манбаси, Getty Images/PA
"Кики, мени севасанми?"
Бугунги кунда бу жумла ижтимоий тармоқлар ва одамлар онгини шиддат билан эгалламоқда.
Ўзининг In My Feelings қўшиғида севгилисидан "Kiki, do you love me?" деб сўрайдиган Drake қисқа муддат ичида ўз ижод маҳсули бунчалик оммалашиб кетишини ўйламаган бўлса ҳам керак.
Бугунги кунда одамлар ушбу тарона куйлари остида ҳаракатланаётган машина ёнида рақс тушмоқдалар. Бу одатга Kiki Challenge деб ном берилган.
Турли давлатлар полицияси эса ҳаёт учун хавфли бўлган бу челленжда қатнашмаслик лозимлигини таъкидламоқда.
«Автомашина бошқараётган пайтда чалғиш ҳаёт учун хавфли оқибатлар билан тугаши мумкин,» деб огоҳлантиради АҚШ Миллий Транспорт Хавфсизлиги Бошқармаси. "Ҳеч қандай челленж инсон ҳаётидан азиз эмас."
Бироқ Drake'нинг қўшиғи дунё бўйлаб одамларни рақсга туширган ягона тарона эмас.
Қуйида шундай оммабоп челленжлар пайдо бўлишига асос бўлиб хизмат қилган бешта қўшиқ билан танишишингиз мумкин.
Gangam Style
Кореялик қўшиқчи Psy 2012 йилда корейсларнинг K-Pop маданияти юзига айлана олди, десак муболаға бўлмайди. Ўша йили Psy'нинг Gangam Style қўшиғига ишланган клип YouTube'да энг кўп томоша қилинган видеога айланган эди.
Қўшиқ тили корейсча бўлса ҳам, унинг ўйноқи мусиқаси, Psy'нинг кишнаётган от ҳаракатларига монанд рақсга тушиши одамларни ўзига тортмай қўймади. Gangam Style дунё бўйлаб тунги клублар, дискотекалар, зиёфатлар ва, ҳатто, маданий тадбирларнинг севимли синглига айланди.
Қўшиқнинг номи Жанубий Кореянинг энг бой шахслари истиқомат қиладиган, энг машҳур брендлар ўрнашиб олган Сеулдаги мавзега ишора қилади.

Сурат манбаси, Reuters
Унинг сўзлари ҳам мавзе киборларининг шоҳона ҳаёт тарзини сатирик усулда тасвирлаб беради.
Видеоклипда Psy'нинг жийрон отдек кишнаши ниманинг тимсоли? Аксарият бу ҳаракатлар орқали қўшиқчи бойликнинг номутаносиб тақсимланганига ҳажвий йўл билан ишора қилади, дейди.
Businessweek нашрининг қайд этишича, "Гангам мавзесидаги уйларнинг ўртача нархи $716,000 дан бошланади ва бу маблағни тўплаш учун оддий кореялик 18 йил тер тўкиши лозим."
Harlem Shake
Ню-йорклик диджей Bauer 2012 йилда айни номдаги рақсбоп мусиқани оммага ҳавола этган эди. Орадан бир йил ўтиб, бу мусиқа дунёни рақсга тушира бошлади.
Дунё бўйлаб авж ола бошлаган челленжларнинг ҳар бири 30 сония давом этади. Илк 15 сония давомида ниқоб кийиб олган бир иштирокчи унга эътибор бермай ўтирган одамлар гуруҳи олдида Bauer'нинг мусиқасига рақсга тушади.
Тўсатдан экран бир онга қораяди ва саҳнада жазавага тушганча ўйнаётган одамлар пайдо бўлади. Иштирокчилар турли ғаройиб кийимлар кийиб олишади, турфа кулгили қилиқларни намоён қилишади.
Harlem Shake челленжи ўрмонга тушган оловдек дунёга тез тарқала бошлади. Ўша пайтлар бир кунда интернетга минглаб челленж видеолари юкланар эди.
Аввалига челленж ёшу қарининг вақтни чоғ ўтказиш учун эрмаги эди. Бироқ Миср ҳукумати бу челленжни мамлакат ҳудудида тақиқлагандан сўнг у сиёсий норозиликни намойиш этиш воситасига айланди.
Mannequin challenge
Rae Sremmurd ҳип-ҳоп дуэти машҳур Жон Леннонга аталган Black Beatles қасида-қўшиғи устида ишлаётганда маникенлар уларнинг илҳом париси бўлмаган бўлса керак.
Бироқ қўшиқ тақдим этилгандан сўнг айнан маникенлар унинг бош қаҳрамонига айланди. 2016 йил октябр ойида Флоридадан эканлиги тахмин қилинадиган бир гуруҳ талабалар ушбу қўшиқ садолари остида дўконлардаги маникенлардек қотиб турган ҳолда роль ижро этиб, тасвирни интернетга юклайдилар.
Бу видео одамлар эътиборидан четда қолмади. Интернет худди шундай видеолар билан тўла бошлади.
Бу челленжга қўшиқчи Beyonce, ББC ижодий жамоаси ва, ҳаттоки, ўша пайтда АҚШ президентлигига номзодини қўйган Ҳиллари Клинтон ҳам қўшилди.

Сурат манбаси, Getty Images
2016 декабрь ойида челленж коинотга ҳам чиқиб борди - Халқаро Космик Станция жамоаси "маникенлар"га айландилар.
Қўшиқ сўзлари ва маникенлар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Бундай боғлиқликни яратиш кимнинг хаёл маҳсули эканлиги номаълумлигича қолмоқда. Қўшиққа ишланган видеоклипнинг бирор жойида ҳам маникендек қотиб турган актер кўринмайди.
Rae Sremmurd асосчилари ака-ука Ҳалиф ва Аакил Браунлар ўз қўшиғининг бундай йўл билан машҳурликка эришганидан боши осмонда эканлигини маълум қилган. Уларнинг ўзи ҳам турнелардан бирида челленжга қўшилиб, маълум вақт маникендек қотиб турганлар.
Watch Me (Whip/Nae Nae)
Ёш қўшиқчи Silento 2015 йилда ўзининг Watch Me қўшиғини тақдим этгандан сўнг кутилмаган машҳурликка эришди. Ўша пайтда қўшиқчи 17 ёшда эди.
Видеоклипдаги ўйноқи рақслар тезда одамлар назарига тушди. Watch Me 2015 йилда YouTube'нинг энг кўрилган видеолари ўнталигидан жой олди.
Бироқ бу қўшиқ табиий равишда челленжга айланмаган эди. DanceOn раққослик компанияси пухта ўйланган кампанияни ишга солди.
Компания раҳбари Аманда Тейлор қўли остида бўлган 50 нафар раққосга Watch Me қўшиғига турли усулда рақс тушиш кўрсатмасини берганини айтади.
Оригинал видеоклипнинг ўзи ҳам YouTube'да машҳур бўлганига қарамай, 50 нафар раққос ўйинини уч ой ичида 250 миллион одам томоша қилади.
Silento'нинг ўзи қўшиғи жаҳонга тарқалишида WatchOn компаниясининг беминнат хизмати ётишини таъкидлаган.
Fortnite Dance
Fortnite компютер ўйини ва инглиз футбол юлдузи Жесси Лингардни омухта қилса, нима ҳосил бўлади?
Жавоб: Shoot номи билан танилган оммабоп рақс.
Лингард шу йили бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатидаги Англия-Панама матчида ўзининг чемпионатдаги илк голини ургандан сўнг Fortnite ўйини қаҳрамонларининг хореографик ҳаракатига тақлидан рақсга тушган эди.
Лингардга қадар бу ҳаракатни ўзининг 2017 йилги Shoot номли қўшиғида америкалик реппер Blockboy JB мусиқий руҳ билан безаган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek













