Қачон ва қандай ўлим топишимизни билсак, нима бўлади?

Фигуры ангелочков на кладбище

Сурат манбаси, Thinkstock

    • Author, Рейчел Нювер
    • Role, BBC Future

Тадқиқотларга кўра, компютер экранида атиги 42,8 милисонияга «ўлим» сўзи кўриниб қолса, одамда ўзгариш пайдо бўлар экан. Агар бизга ажалимиз келадиган кунни аниқ башорат қилиб беришса, унда нима бўлади?

Бир кун келиб, ҳамма ҳам ўлим топиши муқаррар. Руҳшунослар мазкур ҳақиқат онгимиз остида доимо бизни қўрқувга солиб туришини айтадилар. Ибодат қилиш, кўпроқ сабзавот ейишга интилиш ва жисмоний машқлар билан шуғулланиш ушбу қўрқув мевасидир. Ўлимдан қўрқиш бизни зурриёд қолдириш, китоблар ёзиш, компаниялар яратишга ундайди.

Ҳаттоки, соғлиғидан умуман шикояти йўқлар ҳам онгости даражасида қачондир ўлим топишини ўйлаб, хавотирда бўлади.

Аниқ ўлим санаси ва сабабини ҳеч ким айтиб беролмайди, лекин бундай ҳолатни назарий жиҳатдан тасаввур қилиш мумкин.

Тақдирлар...

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Тақдирлар...

Қачон ва қандай ҳаётдан кўз юмишимизни ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатдан билганимизда, Ер юзидаги чекланган умримизни қандай фойдали ва самарали ўтказиш ҳақида янада жиддийроқ ўйлаб кўрган бўлармидик…

Аввалига ўлим бизнинг хулқ-атворимизга қандай таъсир қилишини кўриб чиқсак. 1980 йилларда Шелдон Соломон етакчилигидаги психологлар умрбоқий эмаслигимиз бизга қандай таъсир қилишига қизиқиб кўрадилар.

Соломон ва унинг ҳамкасблари ушбу тадқиқот давомида «ўлим қўрқуви билан бошқариш назарияси» номли атамани ҳам ўйлаб топадилар. Бу назарияга кўра, одамлар ўз маданиятлари доирасида ўлим ҳақидаги даҳшатли тасаввурларга таскин бериш учун турли ишончлар (масалан, бу дунёда яшашдан қандайдир мақсад бор ва бизнинг ҳаётимиз ўз қадрига эга каби)ни яратганлар.

Қабристон

Сурат манбаси, vodiymedia.uz

1000 дан ортиқ тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, атрофда ўлим муқаррарлигини ёдга солиб турувчи нарса қанча кўп бўлса, одамда ҳаёти қадрини ошириш туйғуси шунча кучаяверади.Ҳаттоки, «ўлим» сўзига кўз тушиб қолиши ёки қабристон яқинидан ўтиб кетиш ҳам бизга осонлик билан таъсир қилиши, хулқ-атворимизни ўзгартириши мумкин.

Бу қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Ўлим ҳақида эслаганимизда бизда ташқи кўриниш, сиёсий ва диний қарашлар ҳамда яшаш жойи жиҳатидан ўзимизга ўхшаш инсонлар билан яхши муносабат ўрнатишга мойиллик кучаяди.

Айни вақтда ўзимиз учун бегона ҳисобланган одамлар билан эҳтиёткорроқ, ҳаттоки, тажовузкорона муомала қилишга интила бошлаймиз.

Айнан ўлим туйғуси таъсирида душманлар уйини куйдиришга ваъда бераётган сиёсий номзод учун овоз берамиз.

Кексалик

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўлим борасидаги ўйлар биздаги нигилистча қарашларни оширади, спиртли ичимликлар ичиш, чекиш, кўп овқат ейиш ва кераксиз буюмларни харид қилишга мажбурлайди.

Мободо жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўлим санасини аниқ билса, нима бўлади? Олимларнинг ишончи комил - бундай ҳолатда жамият янада уришқоқ, тажовузкор ва бегоналардан нафратланадиган ҳаракатга айланади.

Бироқ барча олимлар ҳам бу борада якдил фикрда эмас. Масалан, Соломон ўлимни олдиндан башорат қилиш катта кўнгилсизликларга олиб келишини билган ҳолда биз ўлим қўрқувини бошқаришнинг уддасидан чиқишимиз мумкин, дейди.

Жанубий Кореядаги буддист роҳиблар ўлимга нисбатан умуман бошқача муносабат билдирадилар.

Баъзи тадқиқотчилар ўз умри поёни санасини олдиндан аниқ билиш одамларда бошқаларга нисбатан меҳр уйғотиши, ҳаётни қадрлаш туйғусини кучайтириши мумкин, дейди. Мисол учун, қачон ва қай тарзда ўлим топишини билган одам ички органларини беморларга кўчириб ўтказишларини васият қилиши, яқинлари билан алоқани янада яхшилаши мумкин.

«Ҳаёт абадий эмаслигини тўлиқ ҳис этиш унинг қадрини янада яхшироқ англашга хизмат қилади. Одамлар борган сари бир-бирига суяниб, натижада жамият янада тоқатлироқ маконга айланади,» дейди Залсбург Университетидан психология фани профессори Ева Ёнас.

Мысли о смерти могут привести к подъему патриотических чувств и усилению антипатии к чужакам

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўлим ватанпарварлик билан бирга бегоналарга нисбатан нафрат ҳам уйғотиши мумкин

Ўлимни қабул қилишдаги фарқлар

Шундай қилиб, ўлим санасини олдиндан билиш жамиятни ё парчалаб ташлаши ёки одамларда гўзал ўлим топишга интилишни кучайтириши мумкин экан.

Бунинг ҳар бир шахсга қандай таъсир кўрсатиши унинг характери ва ўлимнинг ўзига хос шароитларига боғлиқ.

«Сизда асабийлик қанчалик кучли бўлса, ўлимингиз ҳақида аниқ маълумотлар билганингиздан кейин сиздаги безовталик шунчалик кучаяди ва сиз борган сари тажовузкор шахсга айланиб борасиз,» дейди Ноттингем Университетидан психология фанлари номзоди Лора Блеки.

«Аммо бошқа томони ҳам бор. Масалан, сизга 90 ёшга кирганингда тўшагингда тинчгина жонинг узилади, дейишса, у ҳолда сизда хотиржамлик туйғуси кучайиши мумкин.»

Тадқиқотчиларга кўра, ўлим тўшагида ётган беморлар икки босқични бошдан кечиради.

Биринчи босқичда улар ўзларига қўйилган ташхиснинг ҳар бир тафсилотидан шубҳаланадилар, шифокорларга ишонмайдилар, касаллик билан яна курашиш мумкинлигини текшириб кўришга интиладилар.

Иккинчи босқичда эса улар тақдирга тан бериб, қолган вақтдан унумли фойдаланиб қолиш ҳақида ўйлай бошлайдилар. Шу ерда беморлар икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳ касаллик билан курашишга бор кучини сарфлашга ҳаракат қилса, иккинчи гуруҳ вақтини кўпроқ севимли инсонлар даврасида ёки ўзи учун ёқимли машғулотлар билан ўтказишни истайди.

Агарда ўлимни олдиндан башорат қилиш имкони туғилгудек бўлса ҳам, барча одамлар айнан ўхшаш босқичлардан ўта бошлайди.

«Айтайлик, сизга яна 60 йил вақтинг бор, дейишди. Бироқ вақти келиб, сизда икки йил, икки кун, икки соат умр қолади ва соат миллари ажал томон яқинлашган сари сизда безовталик кучайиб, ўзингизни худди ўлим тўшагида ётган беморлардек тута бошлайсиз.,» дейди Филаделфия болалар касалхонаси педиатри Крис Фойдтнер.

Ўлими сабаби аниқ бўлган ҳар бир шахс шу сабабни бартараф қилиш учун кураша бошлайди. Чўкиб ўлиши башорат қилган шахс сузишни зўр бериб ўрганади, умри автоҳалокат оқибатида якунланиши лозим бўлган одам эса имкон қадар машиналардан узоқроқ юришга интилади.

Ўлим сабаби даҳшатли бўлганлар эса ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаш бошлайди.

Ёнас ва унинг ҳамкасблари тадқиқот давомида одамларга бирор касаллик оқибатида оғир қийноқлар билан ҳаётдан кўз юмишни тасаввур қилишни айтишган. Оқибатда одамларда безовталик ортган. Тадқиқотчилар бундай оғир ўлимдан суиқасд орқали қутилиб қолиш мумкинлигини маълум қилганида эса одамлар яна ўзини сокин ҳис қила бошлаган.

Ўлим одамлардаги яширин кучларни уйғотиб юбориши ҳам мумкин. Ажали қачон келишини билган киши қолган умр ичида кўпроқ ютуқларга эришишга интилиб, оламшумул кашфиётларга қўл уриши эҳтимоли ҳам юқори.

Ҳаётда бундай ҳолларни кўплаб учратиш мумкин. Тузалмас хасталикка чалингани аён бўлган кўплаб одамлар қолган вақтини бошқаларни бахтли қилишга сарфлагани тўғрисида мисоллар бисёр.

Бироқ муқаррар ўлим туйғуси барчанинг қалбида ҳам ижобий кучни уйғота олмайди. Баъзи беморлар ташхисдан сўнг яқинлар ва жамият билан алоқани шунчаки узиб қўйиб, ўз қобиғига ўралиб олади.

Ўлимнинг муқаррарлиги, ҳаётнинг қисқалиги борасидаги ўйлар одамларни соғлом турмуш тарзидан воз кечишга ундаши мумкин.

Бизнинг замонавий жамиятда ўлимдан имкон қадар узоқлашиш учун адоғи йўқ усуллар ўйлаб топилган: парҳез, жисмоний машқлар ва ҳкз. Ажал фариштаси қачон келиши аниқ бўлса, одамлар шунчаки ўзини тийиб яшашдан чекиниши мумкин.

Реакция практикующих буддистов на напоминания о смерти совершенно нетипичная

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Буддавийларда ўлимга нисбатан муносабат фарқлидир

Янги култлар пайдо бўладими?

Ўлимни олдиндан башорат қилиш йўлга қўйилса, жамиятда янги урф-удумлар юзага кела бошлаши шубҳасиз.

Бундай жамиятда динларнинг асосига болта урилади, уларнинг ўрнини янги култлар эгаллай бошлайди.

Одамларнинг бир-бирга муносабати кескин ўзгариб кетади. Ўлим санаси ўзиникига яқин бўлган жуфтни излаб топишга интилиш пайдо бўлади. Бундай жуфтни топишда ёрдам берувчи янги хизматлар дунёга келади.

Мысли о неизбежной смерти могут родить и альтруистские намерения - например, сдавать кровь

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўлим ҳақидаги ўйлар инсонни яхшиликка ҳам етаклаши мумкин...

Мободо умр давомийлигини она қорнидаёқ аниқлаш йўлга қўйилса, ота-оналар кам умр кўриши олдиндан маълум бўлган ҳомилалардан воз кеча бошлайди.

Янги қонунларга эҳтиёж туғилиши ҳам мумкин. Масалан, турли даражада суистеъмоллар юзага келмаслиги учун ўлим санасини шахсий сирга тенглаштириш белгилаб қўйилган қонун кучга кириши мумкин.

Ўлим санаси куни эса туғилган кун сифатида нишонланиб, шу куни яқинлар боқий дунё сафарига отланаётган жигари билан хайрлашиш учун йиғилиши мумкин.

Қисқача айтганда, қачон ва қандай ўлим топишимизни билганимизда ҳаётнинг туб моҳияти бутунлай ўзгариб кетган бўлар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek