«Эрталаб уйғонганимда рафиқамни таний олмадим»

Адам ва Ракелнинг тўй куни
Сурат тагсўзи, Адам ва Ракелнинг тўй куни
    • Author, Совда Али
    • Role, BBC Жаҳон хизмати

Адам ва Ракелнинг турмуш қурганларига беш йил бўлган эди. Кунларнинг бирида уйқудан уйғонган Адам ўз рафиқасини таний олмайди - у турмуши борасидаги барча хотирасидан айрилган эди. Бироқ Ракел эрини ҳаётга қайтариш йўлида курашишга аҳд қилади.

2016-йил сентябр ойининг кунларидан бирида одатий юмушлар билан уйда юрган Ракел эри унга ҳайратга тўла кўзлар билан қараб турганини пайқаб қолади. У ўз рафиқасига етти ёт бегона одамдек муомала қилаётган эди. Аёлини умуман таний олмаётганди.

"Мен ундан сўрадим: 'Қаерда эканлигингни биласанми?' Ҳозир қайси йил эканлигиничи? Исмим эсингда борми?' У берган саволларимнинг ҳар бирига 'Йўқ,' деб жавоб берар эди," дейди Ракел.

«Қанчалик кўп савол берганим сари унинг аҳволи шунчалик ёмонлашиб борарди.»

Ракел уни бу уй ўзлариники эканлиги, ўзи унинг рафиқасилиги ва биргаликда уч фарзандни вояга етказаётганликларига ишонтиришга ҳаракат қилади. Бу гапларни эшитиб турган Адам йиғлаб юборади.

«Ҳужжатларимни бер, илтимос. Телефоним ва паспортим қаерда?» сўрайди Адам.

Ракел уни зудлик билан шифохонага олиб бориш зарурлигини айтади. У эрининг мия қон томирларида қандайдир муаммо пайдо бўлган бўлса керак, деб ўйлайди.

Жавонни очиб кўрган Адам сўрайди: «Костюмларим қани?»

Ракел унга ҳеч қандай костюми йўқлиги, у шахсий спорт мураббийи эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Ўзи истамаган кийимни кийган Адам «нотаниш» аёл ортидан мажбуран касалхона томон йўлга тушади.

Ракел Адамга имкон қадар юмшоқ гапиришга интилади - у қачонлардир бир аёл Адамни ўлдиришга уринганда хотираси йўқолиб қолганлигидан яхши хабардор эди.

2001 йилда Адам йирик телеком компанияси АТ&Т'да шўба менежери ва Техаснинг Луббок шаҳрида черков етакчиси сифатида фаолият юритаётган эди.

Биринчи турмушидан ажрашгандан сўнг у бир аёл билан ишқий муносабат бошлайди. Аммо бу муносабат фожиа билан якунланади.Унинг янги маъшуқаси тажовузкор чиқиб қолади. Орадан гап қочиб қолганда қиз Адамни электр сими билан бўғиб, ўлди, деб ўйлаганча ўз гаражида ташлаб кетади.

Чалажон ҳолда топилган Адамни зудлик билан касалхонага олиб боришади. Тез ёрдам машинасида унинг юраги уч марта тўхтаб қолади, лекин шифокорлар ҳар сафар уни ҳаётга қайтаришга муваффақ бўладилар. Шундан сўнг Адам тўрт ой давомида комада ётади.

«Комадан чиққанимда ким эканлигимни билмаганман. Уйланиб, ажрашганим, иккита болам борлигини ҳам эслолмаганман,» дейди Адам.

Адам касалхонада
Сурат тагсўзи, Адам касалхонада

У бир йил умрини касалхонада ўтказади. У ерда юриш ва гапиришни яна бир бор ўрганади. Бироқ унинг ўтган ҳаётидаги хотиралари ҳеч қачон қайтмайди.

Орадан бир неча ой ўтиб Адамга ўз қизи ва ўғлини қайтадан таништирадилар. Адам уларни илк бор кўраётгандек ҳайратда қолади.

"Қандай қилиб ота ўз зурриёдларини таний олмаслиги мумкин?" дейди у.

У уйига қайтганда яқинлари хоналарни хотираси қайтишига ёрдам беради, деб суратларга тўлдириб ташлаган эдилар. У барибир ўтмишини қайтара олмайди.

«Мен Адам қандай одамлигини англашга ҳаракат қилар эдим. Мен бу шахс танасида яшай оламанми?»

У эски ишига қайта олмайди ва олдинги ҳаёт тарзини қайтариш учун етарлича пул топа олмаслигидан хавотирга туша бошлайди.

"Мен қайси мактаб (университет)га борганимни ҳам эслай олмасдим. Менинг шахс сифатида мавжуд бўлганим, қилган ишларим ҳақида етарлича маълумот бор эди, лекин мен уларни тасаввур ҳам қилолмасдим."

У бошқа жойга бош олиб кетиб, янги ҳаёт қуришга қарор қилади. Адам Аризонанинг Феникс шаҳрига фарзандлари билан бирга кўчиб кетади ва у ерда шахсий спорт мураббийи сифатида иш бошлайди.

2012 йилда у интернет орқали 30 яшар Ракел билан танишиб қолади. Ўша вақтлари Ракел маркетинг бўйича менежер бўлиб ишлар ва бир ёш қизчаси бор эди.

Улар Феникс марказидаги барлардан бирида учрашишга келишиб оладилар. Ракел барда унинг келишини бир соатдан ошиқ кутади, лекин Адамдан дарак бўлавермайди. Охир-оқибат, Адам унга бошқа ресторандан қўнғироқ қилади.

"У жуда хижолат бўлиб, учрашув жойини адаштиргани учун узр сўрар эди. Мен ўйладим: 'Окай, ҳамма ҳам хато қилади,'" дейди Ракел. Бундан ташқари Ракелга унинг техасча талаффузи ёқиб қолган эди.

Ниҳоят, Адам Ракел ўтирган барни топиб келади. У чарм нимча ва жинси шим кийиб олган эди.

«У пўрим кўринишга уринмаётган ҳам эди, лекин у менинг кўзимга хушбичим кўринарди,» сўзлайди Ракел.

«Мен ундан кўзимни узолмасдим, кулганда юзидаги кулгичлари гўзал бўлиб кўринар эди,» дейди Адам.

Улар бир-бирларига ёқиб қоладилар ва тез-тез учраша бошлайдилар.

Бир неча ойлик учрашувлардан сўнг улар фарзандларини олиб, бирга яшай бошлайдилар. 2015 йил июль ойида эса Феникс ташқарисидаги кичик черковда турмуш қурадилар.

Бироқ уларнинг биргаликда ўтган тўрт йиллик бахтли турмуши хотиралари 2016 йил сентябри тонгларидан бирида Адамнинг онгидан буткул ўчиб кетади.

Адам касалхонада турли тестлардан ўтаётган бир пайтда у ўзи ишониши мумкин ягона инсон - онасини ёнига чақиради. Она ўз фарзандини Ракел билан бирга шодон ҳаёт кечирганига ишонтиришга уринади.

«У сени севади, ўғлим. Ҳар доим сен учун дуодаман,» дейди она ўз жигарпорасига.

Adam and Raquel Gonzales
Сурат тагсўзи, Адам ва Ракел

«Менда онамнинг сўзларига ишонч пайдо бўла бошлади ва уни саволларга кўмиб ташладим,» ҳикоя қилади Адам.

Она-бола касалхонада, сокин жойлар ва кафеларда бир-бири билан яна яқиндан таниша бошлайдилар.

«Тунлари руҳан аҳволимиз ёмонлашар эди ва ўзимни чалғитиш учун пастга тушиб, савдо автоматидан эрмак учун емак қидирар эдим,» дейди Ракел.

"Ракел ўша пайтлари мен MySpace деб атайдиган тармоқдаги суратларни менга кўрсатарди, лекин у аслида Facebook эди," кулади Адам.

"Адам айтгандек кўп кулгили ҳолатлар бўларди. 'Никоҳ гувоҳномамиз борми?' Баъзан шунақа саволлар бериб қоларди," дейди Ракел.

Бироқ ҳамма нарса ҳам кулгига сабаб бўлмасди. Бир куни Адам «ажрашсак, ҳаммаси яхши бўларди,» деди. «Мен сенга ёқмаяпман, ўзим ҳам сени унча хушламаяпман.»

Бу гапларни эшитган Ракел ибодат қила бошлади.

«Сени танимайдиган ва сева олмайдиган инсонга кўнгил бериш жуда оғир,» дейди у.

Бироқ Ракел курашни тўхтатмасликка аҳд қилди.

Касалхонадан уйга қайтишганда Ракел уни овқат пиширишга ўргатиб, кўнглини овлай бошлади - уйдаги асосий куйдир-пишир ишларини Адам қилишга ўтади.

Адам Ракелнинг қандай меҳрибон она ва ажойиб рафиқа эканлигини ўз кўзи билан кўрар эди. Фарзандлари ҳам Ракелдан бегонасирамас эди.

Адамнинг ички дунёси ва феъл-атвори ўзгаришсиз қолганлиги Ракелнинг кўнглига хотиржамлик бахш этарди.

"Касалхонада Адам: 'Агар сен менинг хотиним бўлсанг, ўйлашимча, ўпишсак бўлади,' деб айтганди," дейди Ракел. «У ҳануз менинг эрим эди - мендан бўса олишга интиларди. Адам олдин ҳам аёллар кўнглини овлашга уста эди, ҳозир ҳам шундайлигича қолганди.»

"Шундай сўзлар билан кўнгилга таскин беришга ҳаракат қилардим: 'Бу эркак ҳали ҳам сенинг эринг - фақатгина ҳозир қайси йиллиги эсидан чиққан, холос,'" дейди Ракел.

Болалар ҳам ҳаётда содир бўладиган бундай кескин ўзгаришлар билан курашиш йўлларини топа олдилар.

Адамнинг хотираси иккинчи бор йўқолганда Эбби 12, Лулу 15 ва Элая 17 ёш эди.

«Улар бошимизга ташвиш тушгандан сўнг болалар бир-бирига кўпроқ ғамхўрлик қила бошладилар. Улар бир-бирининг суянчиғига айланган эди,» ҳикоя қилади Ракел.

"Ўсмирлик чоғингиз синглингизни ёқтирмай қолишингиз мумкин. У билан кун бўйи жанжаллашасиз. Аммо бошингизга тушганда синглингиз-жигарингиз сизнинг ягона суянчиғингизга айланади," дейди у.

Қизлар отаси бир вақтлар ўзларига ўргатган машқларни унинг ўзига қайта кўрсатиш орқали хотира тикланиши жараёнини тезлаштиришга уринардилар.

«Дада, қаранг, олдин шундай қилардик! Бу машқларни ҳаммасини бизга сиз ўргатгансиз,» дерди улар.

«Тахминимча, мен уларнинг ҳар бири билан машқ залида алоҳида ва узоқ машғулот олиб борган бўлсам керак,» дейди Адам.

2016 йил декабрь ойи кунларидан бирида - хотира йўқолишидан уч ой ўтиб - тўсатдан, уйқидан уйғонган Адам Ракелга таниш меҳрибон овозда сўзлай бошлади. У уч йил олдин бўлиб ўтган бир воқеа учун Ракелдан кечирим сўрар эди.

Ракел Адамга боқиб, мени танияпсанми, деб сўради.

У жавоб берди: "Сени қандай унутишим мумкин? Сен менинг Ракелимсан."

«О, жонгинам, сенга айтадиган гапларим шунчалик кўпки!» деди Ракел.

Бироқ ўша куни оиланинг ягона боқувчисига айланиб қолган Ракел ишга бориши зарур эди. У Адамдан қизларни мактабга ташлаб қўйишини илтимос қилди.

Сўнг Адам қизи кетишга тайёр бўлиб қолгани билиш учун унинг хонасига чиқди. Қиз отаси эслай оладигандан анча улғайиб қолганди. Ва, албатта, Адам қизининг қайси мактабга боришини хотирлай олмасди.

Ошиқлар
Сурат тагсўзи, Ошиқлар

Қизлар мактаб йўлини кўрсатиб борадилар. Мактабга етганларидан сўнг Адам қизлардан уй манзилини ГПСга киритиб қўйишларини илтимос қилади. У уйга олиб борувчи йўлни йўқотиб қўйишдан қўрқар эди.

Lulu and Elijah
Сурат тагсўзи, Лулу ва Элая

Ҳозирга келиб, Адамнинг аксар хотиралари қайтган. Бироқ у сўнгги уч йилдаги муҳим воқеалар, жумладан, Ракелга уйланган кунини эслай олмайди.

Adam helps his daughter Abby in the gym
Сурат тагсўзи, Абби

Мия шикастлангандан сўнг хотира қандай йўқолади?

  • •Ҳар қандай кўринишдаги мия шикастланишидан сўнг хотира билан пайдо бўладиган турли муаммолар кенг тарқалган. Бу ҳолат маълумотларни сақлаш ва олиш учун жавоб берувчи мия қисмлари жароҳат олиши туфайли юзага келади;
  • •Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ўртачадан жиддий даражага қадар мия шикастланишига дучор бўлган беморларнинг учдан икки қисмида барқарор хотира йўқолиши пайдо бўлади;
  • •Хотира йўқолиши ҳафталар, ойлар ва йилларга чўзилиши мумкин. Беморлар йўқотилган хотирасини тиклай олиши ёки йўқлигини олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Баъзиларда хотира қайта тикланиши кузатилса, бошқа беморлар хотирасидан бир умрга буткул айрилиши мумкин;
  • •Мия жароҳатидан сўнг йўқотиладиган хотирани тикловчи бирор «даво» мавжуд эмас, лекин унинг ўрнини нисбатан босувчи стратегиялар ишлаб чиқилган. Бундай стратегиялар ташқи хотирадан фойдаланиш ва кундалик хотира машқларидан иборат.
  • Манба: Headway - the brain injury association

Ракел эса Адамнинг хотираси яна ўчиб кетишидан хавотирланиб, оиланинг энг муҳим кунлари ҳақидаги маълумотларни йиғиб бормоқда. Агар яна шундай нохуш ҳолат юз бергудек бўлса, бу маълумотлар Адамнинг хотираси қайтишига ёрдам беришидан умидвор.

Шифокорлар Адамни ўз ихтиёрларида бўлган ҳар қандай синов ва тестлар орқали текшириб кўрдилар, лекин унинг иккинчи бор хотираси йўқолишига нима сабаб бўлганини аниқлай олмадилар.

Жуфтлик ҳозирда келажакни режалаштириш билан банд. Уларнинг икки фарзанди коллежга чиқди. Улар иккинчи бор асал ойи ўтказиш ҳақида ўйламоқдалар.

The family in Disneyland
Сурат тагсўзи, Диснейлендда ҳордиқ

Адам черковдаги ишига қайтиб, руҳоний бўлди.

«Энг қийин кунларда Яратганга бўлган ишончни йўқотмай, қандай қилиб бошга тушган ташвишларни енгиб ўтиш ва Ўзига иймон келтиришни ўргандим,» дейди у.

the Gonzales family
Сурат тагсўзи, Гонзалеслар оиласи

«Турмушимизда олдин бўлмаган ширин онларнинг янги босқичи бошланди,» дейди Ракел.

«Бизнинг турмушимиз ўзгаришлар бўронига учради ва ундан омон чиқа олди - муносабатларни синовдан ўтказишнинг бунданда яхшироқ йўли борми?»

"Менинг ҳаётим буткул ўзгарди ва ўтган кунлар ширин қийноқ даври эди."

Адам ва Ракел ҳикояси инглиз тилида Outlook on the BBC World Service

Фотолар Гонзалес оиласига тегишли

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek