Нотинч Ямандан Ўзбекистон фуқароларини Россия чиқармоқда

Сурат манбаси, Reuters
47 нафар ўзбекистонлик Россия учоқларида Яманни тарк этишган.
Бу ҳақда бир қатор Россия ахборот агентликлари хабар беришган.
Би-би-си билан шу ҳафта суҳбатлашган Ямандаги ўзбекистонлик шифокорнинг айтишича, у ҳам ўз ҳамкасблари билан мамлакатни тарк этиш истагида Россия элчихонасига сим қоққан.
Россия элчихонаси ходимлари унга эвакуация тартиб қоидаларини тушунтирган.
Ўзбекистонлик шифокорнинг айтишича, Яманда ўн йилдан кўпроқ ишлаган тиббиёт ходимлари талайгина.
Уларнинг аксарияти ҳозирда ватанга қайтиш тадоригида бўлишса ҳам, Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятдан мамнун эмаслар.
"Ризқимизни шу ердан териб турган эдик, қайтсак нима бўлади, билмадим...Нима иш қиламиз? Қиз чиқаришим керак, келин олишим керак, Ўзбекистондаги ойликка қараб яшашнинг имкони йўқ", дейди ўзбекистонлик шифокор.
Ямандаги Ўзбекистон фуқароларининг аниқ сони бўйича маълумот йўқ, аммо ҳозир Саудия Арабистони бошчилигида бомбарбимон қилинаётган бу мамлакатда юзлаб ўзбекистонлик шифокорлар борлигига ишонилади.
Аввалроқ матбуотда президент Каримовнинг Россия раҳбари Путиндан Ўзбекистон фуқароларини бу мамлакатдан чиқариш бўйича ёрдам сўрагани ҳақида хабар тарқалганди.
Ямандаги вазият

Сурат манбаси, Reuters
Яман охирги йиллардаги энг қақшатқич можарони бошдан кечирмоқда. Турли қуролли гуруҳлар мамлакатни назорат қилиш юзасидан курашмоқдалар.
БМТга кўра, охирги ойларда Яман қатор гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар гирдобида қолиб, "фуқаро уруши" ёқасига келиб қолган.
Асосий урушаётган томонлар қочиб кетган президент Абдураббаҳ Мансур Ҳоди тарафдорлари ва хусийлар номи остида маълум Заидия шиа жангариларидир.
Жаноб Ҳоди феврал ойида пойтахт Санани ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
Юқорида келтирилган икки гуруҳга қарши Араб Ярим оролидаги Ал-Қоида гуруҳи ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, 2014 йилда Яманда Исломий Давлатга содиқлигини эълон қилган ва март ойида Санада қатор худкушлик ҳужумларини уюштирганлигини даъво қилган гуруҳ ҳам бор.
Жангарилар март ойи охирларида президент яширинган Адендаги қароргоҳга яқинлашган вақтлари, Саудия Арабистони жаноб Ҳодининг илтимосига биноан можарога аралашиб, хусийлар мавқеларини нишонга ола бошлади.
Ҳозирда бу ҳарбий Иттифоққа Иордания, Миср, Марокаш, Покистон ва Судан ҳам қўшилганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












