Саудия Арабистони Яманда ҳарбий амалиёт бошлаган

Хусий исёнчилари охирги ойларда тез илгарилади ва Яманнинг тобора кўп ҳудудлари устидан назоратни қўлга киритди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Хусий исёнчилари охирги ойларда тез илгарилади ва Яманнинг тобора кўп ҳудудлари устидан назоратни қўлга киритди.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси айтишича, Яман халқи ва қонуний ҳукуматини ҳимоя қилиш мақсадида Саудия Арабистони шиа Хусий қабиласи жангариларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлаган.

Эрон дастаклаб келаётган Хусий исёнчилари охирги ойларда тез илгарилади ва Яманнинг тобора кўп ҳудудлари устидан назоратни қўлга киритди.

Сурат манбаси, BBC World Service

Оқибатда Президент Абдураббуҳ Мансур Ҳадий пойтахт Санони тарк этиб, мамлакат жанубидаги Адан бандаргоҳ шаҳрида бошпана топишга мажбур бўлди.

Ямандаги Хусий қавми жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари биргаликда қабул қилган қарор натижаси экани хабар қилинган.

Саудия элчиси Одил ал-Жубайрга кўра, Хусий жангариларига қарши коалицияга 10 мамлакат қўшилган.

АҚШ жангариларга қарши ҳарбий амалиётларни қўллаб-қувватлашини билдирган, аммо бу амалиётларга Америка ҳарбийлари бевосита иштирок этаётганини айтган.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси Одил ал-Жубайр маълум қилишича, ҳарбий амалиётлар 25 март Гринвич вақти билан тунги соат 11 да бошланган.

Бу ҳарбий амалиётлар ҳаво ҳужумларини ҳам кўзда тутиши айтилган.

Пойтахт Сано ва унинг аэропорти атрофида тунда кўплаб портлашлар эшитилган, ўнлаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

25 март куни Хусий исёнчилари Адан шаҳрида ҳам кўпроқ ҳудудларни назоратига олгани ва бунинг оқибатида Президент Абдураббуҳ Мансур Ҳадий ўз қароргоҳини ташлаб қочишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бироқ Яман ҳукумати расмийлари Президент Ҳадий Адан шаҳрида қолаётгани ҳақида айтганлар.

Хусий қабиласи назорати остида бўлган Яман телевидениесида "қочган президентни тутиб келтирган одамга мукофот пули" ваъда қилинган эълон берилган.

Хусий қабиласи раҳбарларидан бири Муҳаммад ал-Бухайтий Саудия Арабистонининг ҳарбий амалиётлари оқибатларидан огоҳлантирган.

Ал-Бухайтий сўзларига кўра, бу амалиётлар Яман мамлакатига қарши босқин деб кўрилади ва минтақада "каттароқ уруш"га етаклаши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02