'Ўзбегимдан айланай, сайловчиларга нон улашиб қарши олишяпти'

Кутилганидек, 29 Март куни ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари учун президент сайлови асосий мавзуга айланди.
Деярли барча ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган сайлов қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлди.
Сайловнинг аҳамияти, ташкилий даражаси ҳамда сайловчиларга яратилган шарт-шароитлар борасида мунозарага киришган фойдаланувчилар ушбу сиёсий тадбирга нисбатан турлича баҳо беришган.
Байрамона кайфият
Ижтимоий тармоқларда шарҳ қолдирилган кўп сонли фуқаролар сайлов участкаларидаги кўтаринки, байрамона кайфиятни тасвирлашган ва сайловнинг улар учун нақадар муҳимлигини таъкидлашган.
"566- сайлов участкасида сайловчиларни қўшиқ садолари остида кутиб олишмоқда. Илк марта овоз берувчиларга гул тақдим етилмоқда," дейди Twitter фойдаланувчиси "Ҳамза Фозилжонов".
"Кейинги беш йилги тақдирим учун овоз бердим," дейди бошқа бир маҳаллий твиттерчи "Бек_Соҳиб".

"an-Nur" тахаллуси остида фикр қолдирган фойдаланувчи тўлқинланиб шундай дейди: "Сайлов участкаларида сайловмас худди байрам бўлаётгандек! Ўзбегимдан айланай, сайловчиларга нон улашиб қарши олишяпти :)".
Баъзи фойдаланувчилар тадбир ташкилотчиларни ҳам мақтаб ўтишган. "Тан олиш керак, сайлов участкаларимиз сайловга 100% тайёрланибди. Ҳатто сайлов учун хонада кўзи хира инсонлар учун фонар ҳам боракан!" дейди Твиттер фойдаланувчиси "Ҳожибола".
"Бугун Йўл Харакати Хавфсизлиги Бошқармаси ходимлари ҳам жуда хушмуомала. Участка олдига нотўғри қўйилган автоуловлар эгаларини чест бериб қўйиб юбормоқда," дейди "Бакироо" тахаллусини олган Twitter фойдаланувчиси.
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари жорий Президент Ислом Каримовга овоз беришганини яширишмаган.
Бошқа номзодларга овоз берганлар эса ўз танловларини овоза қилишни исташмаган кўринади.
Фақатгина баъзи оз сонли сайловчилар Халқ Демократик Партияси вакили Кетмоновга овоз берганларини айтишган.
"Масхарабозлик"

Аммо сайловни танқид остига олган фойдаланувчилар ҳам бир талай.
Уларнинг аксарияти ушбу сайловни амалда аҳамияти йўқ "масхарабозлик" деб аташган бўлса, қолганлари овоз бериш жараёнидаги қонунбузарликлардан нолиган.
"Озодлик сари" тахаллуси билан "Одноклассники"да шарҳ қолдирган фойдаланувчи шундай дейди: "Барча инсонлар Ислом Каримовга овоз бермоқда. Одамлар "Оч қорним тинч қулоғим" деган мақолга амал қилмоқдалар. Минг афсус бундай демократияга".
"Сайлов шунчаки кўз бўямачилик. Кимлиги олдиндан аниқ бўлиб бўлганку [бўлғуси президентнинг]," дейди унга жавобан "Жавлон" исмли фойдаланувчи.
"Сайлов участкасига борсак бизнинг номимиз умуман рўйхатга киритилмаган экан," дейди "Увайсий Ҳикмат" Facebоокда.
"Соат 12 даёқ сайловни ҳақиқий деб топишибди. Бу янгиликни кеча тайёрлаб қўйишган бўлса керак," дейди яна бир ўзбекистонлик фейсбукчи "Михаил Михайлов".
Мана бу эса "Иброҳим Қодиров" номли фойдаланувчининг Тwиттердаги фикри: "Тан оламан - на паспортсиз, на пропискасиз овоз беришга бордим. Лекин қайтариб юборишмади. Менга бюллеттен қоғози беришди, ва сайладим".
"Голиббек Холназаров" Фаcебоокда шундай дейди: "Шуни айтиш керак: 2015 йилнинг 29 Мартида соат 1000 да [яъни сайлов ҳақиқий деб топилган вақтда] Ўзбекистон учинчи дунё мамлакатлари қаторига қўшилди".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












